"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8039 +176.83
  • 1 EUR = 9347.75 +265.41
  • 1 RUB = 118.05 +5.41

Ёшлар иттифоқи – ёшлар ифтихори

Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи қайта ташкил топганига 2018 йил, 30 июнда энди бир йил тўлади. Ёшлар Иттифоқининг асосий мақсади мамлакатимизда тинчлик ва ҳамжиҳатликни сақлаш, ёш авлоднинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манъфаатларини қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг билим савиясини ҳар томонлама юксалтириш ҳамда ижодий салоҳиятини рўёбга чиқаришда кўмаклашишдан иборат.

Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи фаолияти Президентимиз Ш. Мирзиёевнинг доимий эътибор ва назоратида. Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қатор Президент Фармон ва Қарорлари фикримиз далилидир. Айниқса, жамиятда фаол ёшлар учун “Келажак бунёдкори” медали, жасоратли ва мард йигитлар учун “Мард ўғлон” давлат мукофотининг таъсис этилиши янада қувонарли. “Қизлавржон” журналининг ташкил этилиши, ўқишни тамомлаб, ишга кирган ёшларга фаолиятининг биринчи йилида даромад солиғини 50 фоиз, иккинчи йили эса 25 фоизга камайтириш, ўқишга шартнома асосида қабул қилинган билимдон ва фаол ёшларга шартнома пулининг 35 фоизини Ёшлар Иттифоқи томонидан тўланиши, ёш оилаларга имтиёзли кредитлар берилиши ҳамда Ёшлар Иттифоқи томонидан ўтказилаётган “Ёш китобхон” танлови ёшларимизга кўпгина имкониятлар эшигини очади. Буларнинг ичида “Ёш китобхон” танловининг ўтказилиши ёшларимиз маънавий салохиятини оширишда ва улар онгида ғоявий бўшлиқ пайдо бўлишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бугунги Ўзбекистон фарзандлари илм-фан, спорт ва маданият соҳасида ўтказилаётган нуфузли халқаро беллашувларда дунё ёшлари билан мусобақалашиб, фахрли ўринларни эгаллаши ҳам давлатимиз томонидан кўрсатилаётган эътиборнинг маҳсулидир.

Ёшлар Иттифоқи ҳозирда ҳар жабҳада, ҳар соҳада ўз фаолиятини самарали олиб бормоқда. Ёш авлод учун янги-янги ислоҳотлар амалга оширилиб, янги истеъдодлар камол топиши кенг имкониятлар эшигини очмоқда. Мен Ёшлар Иттифоқи аъзоси эканлигимдан ҳамиша фаҳрланаман ва унинг сафида туриб, Ватанга муносиб фарзанд сифатида ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида ўқиб-изланишдан асло чарчамайман. Туманимизнинг барча ёшларини Ёшлар Иттифоқи атрофида бирлашишга чақираман.

Нурсулув Тўқлибоева,

Қипчоқ қишлоғи, “Ёш мухбирлар пости” аъзоси.

Фото. uza.uz

Янгиликни бўлишинг: