"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9500.96 +9.23
  • 1 EUR = 10498.6 +43.00
  • 1 RUB = 149.01 +0.18

Болалар боғчада инглиз тилини ўрганишга киришади

Президентимизнинг 2012 йил 10 декабрдаги "Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ жорий ўқув йилидан бошлаб умумтаълим мактабларининг биринчи синфидан бошлаб ўқувчиларга чет тили ўргатилади.

Тажрибалар болаларни мактабга тайёрлаш жараёнида ҳам чет тилини ўрганишга кўникма ҳосил қилиш ва қизиқишини ошириш муҳим аҳамиятга эга эканлигини кўрсатмоқда.

Шу муносабат билан мактабгача таълим муассасаларида ҳам чет тили, хусусан, инглиз тили тўгаракларини ташкил этиш мақсадга мувофиқ кўрилди.

Бизнинг Манғит шаҳрида жойлашган 43-мактабгача тарбия муассасамизда ҳам октябрь ойидан бошлаб инглиз тили тўгараги 2 гуруҳ болалар билан иш бошлайди. Бунинг учун муассасамизга 2 нафар инглиз тили ўқитувчисини жалб қилдик ва тўгарак машғулотларини олиб бориш дастурини тасдиқладик. Мазкур тўгаракда болалар инглиз тилини ўрганиш бўйичадастлабки кўникмага эга бўлади. Ўйлаймизки бу босқичдан ўтган болалар умумтаълим муассасаларининг 1 синфига қабул қилинганида инглиз тилини бошқа тенгдошларига қараганда осон ва тез ўзлаштирадилар. Болага чет тили қанчалик эрта ўргатилса, унинг эслаб қолиш қобилияти ва оғзаки нутқи шунчалик яхши ривожланар экан.

Муассасамизда инглиз тили тўгараги машғулотлари самарали бўлишига эришиш учун ўқув дастури ишлаб чиқдик.

Машғулотлар 3-4 ва 5-6 ёшли болаларнинг зеҳни, тафаккури ва дунёқараши ҳисобга олинган ҳолда интерфаол усулларда олиб борилади. Ҳар бир мавзуни ўзлаштиришда болаларнинг қизиқишига қараб турли ўйинлар, қўл меҳнати, расм чизиш, шеър ёдлаш ва ашула айтиш каби усуллардан фойдаланамиз. Бу болаларнинг машғулотларни яхши ўзлаштиришларига ёрдам беради, деб ўйлайман.

Айни кунда мактабгача таълим муассасамизда тарбияланаётган 3-4 ёшли ва 5-6 ёшли 2 гуруҳ болаларнинг илк тўгарак машғулотларини бошлашга тайёргарлик кўраяпмиз. Ва буни ота-оналар ҳам қўллаб-қувватлашмоқда. Чунки болаларнинг чет тилини ўрганиш борасида олган илк билимлари уларга келгусида жуда асқотади.

Ҳозир боғчамизда 95 нафар кичкинтойлар тарбияланмоқда. Уларга 14 нафар малакали тарбиячилар жалб қилинган. 5 та гуруҳ болаларидан сайланган иқтидорли 2 гуруҳ болалар чет тилини ўрганишга шай.

Манзура ЖУМАНИЁЗОВА,

43-сонли мактабгача таълим муассасаси мудири.


Янгиликни бўлишинг: