"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8039 +176.83
  • 1 EUR = 9347.75 +265.41
  • 1 RUB = 118.05 +5.41

ЎҚИТУВЧИ МЕҲНАТИ САМАPАСИ ЎҚУВЧИ КАМОЛИДА АКС ЭТАДИ

Ўқитувчилик – игна билан қудуқ қазишдек машаққатли касб дейишади. Ахир синфхонани тўлдириб ўтирган ўттиз нафарча турли оилада, турли шароитда вояга етаётган ўқувчиларнинг ҳар бирининг кўнглига йўл топиш, уларни кундалик дарс машғулотларини пухта ўзлаштиришларига эришиш осон эмас. Агар ўқитувчи билан ўқувчи орасида дўстона, самимий муносабат ўрнатилмас экан, у ҳолда муваққиятга эришиш мушкул.

Айримлар дарс жараёнида қаттиққўллик тарафдори. Синфда ўқитувчининг ўқувчиларга шундай муносабати дарс жараёнида болаларнинг бошқа нарсаларга чалғишига йўл қўймайди, машғулотни диққат билан тинглайди деб ҳисоблашади. Агар шундай бўлса тартибли, дарсда жимгина ўтирадиган болаларнинг орасида ҳам яхши ўзлаштирмайдиганлари борлигини қандай изоҳлаш мумкин?

Тажрибалар шуни кўрсатмоқдаки, қачонки ўқитувчи ўз касбини сидқидилдан севса, тинмай ўқиб изланса, машғулотда ўтилаётган мавзуни дарсликдан ташқари ҳам қўшимча маълумотлар билан бойитиб, ўқувчининг диққатини торта оладиган даражада қизиқарли тарзда ўтишга эришса, албатта натижа қувонарли бўлади.

Бунда ўтилган мавзу юзасидан қизиқарли саволлар тузиб, бутун синфга ҳавола қилиш, энг аниқ ва батафсил жавоб берган ўқувчини рағбатлантириб бориш ҳам бутун синф ўқувчиларининг фаоллиги ошишига хизмат қилади.

Синфда бутун ўқувчиларнинг диққат-эътиборини машғулотга торта олган ўқитувчи муваффақиятларга эришиши шубҳасиз.

Бугунги кунда ўқитувчиларнинг ўз касбий маҳоратини оширишлари, машғулотлар жараёнида янги инновацион услублардан фойдаланиши учун барча шароитлар бор. Айниқса, жорий йилдан бошлаб ўқитувчиларнинг пахта яганаси, терими, ободонлаштириш ишларига жалб қилинмаётганлиги белгиланган ҳар бир машғулотни ўз вақтида сифатли ўтишга имконият яратди.

Эндиликда биз ўқитувчилар бор куч-имкониятларимизни бугунги тезкор даврда ҳаётда ўз ўрнини топишга қодир бўлган ёшларни камолга етказишга сафарбар этишимиз лозим. Бизнинг меҳнатимиз самараси ўқувчиларимиз камолида акс этади.

Нафиса Сафарбоева, 31-мактаб ўқитувчиси.

Фото. Norma.uz

Янгиликни бўлишинг: