"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7787.81 -26.42
  • 1 EUR = 9100.06 -76.86
  • 1 RUB = 124.54 -0.19

“БАPКАМОЛ АВЛОД” МАPКАЗИНИНГ ИҚТИДОPЛИ БОЛАЛАPИ

Мактабдан ташқари таълим тизимини янада такомиллаштириш ва болаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишини таъминлаш мақсадида ташкил этилган “Баркамол авлод” болалар марказлари бугунги кунда уларнинг ҳунар ўрганиши ҳамда интеллектуал салоҳияти ортишига хизмат қилмоқда.

Туманимиздаги “Баркамол авлод” болалар марказида ташкил этилган 47 тўгаракка 1010 нафар ўқувчи жалб этилган. Марказда “Техник ижодиёт”, “Бадиий ижодиёт”, “Ўлкашунослик ва экология” ҳамда “Чет тили” тўгаракларига қатнашаётган болалар турли мавзуларда ўтказилаётган кўрик-танловларда етакчи ўринларни қўлга киритиб келмоқдалар.

Марказда доимий равишда турли кўргазмалар ташкил этилиб, уларда ўқувчилар тайёрлаган ижодий ишлардан намуналар намойиш қилинмоқда. Ундан ташқари, муҳим саналарга бағишланган байрам тадбирларида марказ тўгарак аъзолари томонидан тайёрланган мусиқий дастурлар томошабинлар эътиборига ҳавола этиб келинмоқда. Тўгарак аъзоларидан ташкил топган гуруҳлар нуфузли танловларда иштирок этиб, ғолибликка эришмоқдалар.

Марказ тўгарак аъзоларининг “Тасанно” гуруҳи “Зарб - 2018” ёш доирачилар кўрик-танловининг Тошкент шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон Pеспубликаси босқичида иштирок этдилар ва фахрли 3-ўрин ғолиблигига эришдилар.

Марказнинг “Бошланғич техник моделлаштириш” тўгараги аъзолари яқинда яна бир нуфузли кўрик-танловда муваффақиятли иштирок этдилар. Иқтидорли ёшларни аниқлаш ҳамда уларда инновацион ғоялар, ижодкорлик қобилиятларини шакллантириш мақсадида ташкил этилган “Йилнинг энг ёш ихтирочиси” кўрик-танловида тўгарак аъзолари Шоҳруҳ Султонов, Жаҳонгир Ҳайитбоев ва Бекпошша Абдуллаевалар ўз ижод намуналари билан қатнашдилар.

Нукус шаҳридаги Қорақалпоғистон Pеспубликаси “Баркамол авлод” марказида ўтказилган “Йилнинг энг ёш ихтирочиси” кўрик-танловида ўзи яратган автомашина моделини тақдим этган Жаҳонгир Ҳайитбоев Pеспубликада 1-ўрин, тўтиқуш моделида электрон ўйинчоқ ясаган Бекпошша Абдуллаева эса 2-ўрин ғолиблари бўлдилар.

“Баркамол авлод” болалар марказида болалар ҳунар ўрганибгина қолмасдан, ўз иқтидорларини намойиш этиб, юртга танилмоқдалар.

 

Озода

ХУДОЙБЕPГАНОВА.

Суратда: ёш ихтирочилар Б.Абдуллаева ва Ж.Ҳайитбоев.

Янгиликни бўлишинг: