"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8312.64 -2.85
  • 1 EUR = 9456.46 +47.75
  • 1 RUB = 125.22 +1.15

Амударёда нодавлат мактабгача таълим муассасаси иш бошлади (+фото)

Мамлакатимизда мактабгача таълим тизимига жиддий эътибор қаратилиб, соҳа тубдан ислоҳ қилинмоқда. Бугунги кунда муассаса ходимлари малакасини оширишдан тортиб, тарбияланувчилар учун зарур бўлган шарт-шароитларни яратишгача бўлган масалалар давлат аҳамиятидаги устувор вазифага айланган. Pеспубликамизда давлат мактабгача таълим муассасаларидан ташқари, давлат-хусусий шерикчиликдаги ҳамда хусусий мактабгача таълим муассасалари ҳам ташкил этилиб, болажонлар барча шароитлар яратилган замонавий муассасаларда тарбияланмоқдалар.

Бу каби эътиборнинг самараси сифатида 5 июнь куни Амударё туманининг Тошёп овулида “Юлдузча” нодавлат мактабгача таълим муассасаси фойдаланишга топширилди.

Тадбиркор Шерзод Салаев ташаббускорлигида иш бошлаган уй-боғчаси туманнинг намунавий лойиҳалар асосида қурилган уй-жойлардан иборат янги мавзесидаги оилалар учун айни муддао бўлди.

8 июнь куни давлат-хусусий шериклик асаосидаги мазкур “Юлдузча” нодавлат мактабгача таълим муассасасининг очилиш маросими ўтказилди. Муассасанинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Pеспубликаси Вазирлар Кенгаши раиси Қаҳрамон Сариев, Қорақалпоғистон Pеспубликаси Мактабгача таълим вазири Жумагул Уснатдинова, туман ҳокими Султонбой Йўлдошев ҳамда туман Мактабгача таълим бўлими, Халқ таълими бўлими масъуллари, давлат мактабгача таълим муассасалари мудиралари, ўрта махсус касб-ҳунар таълими ва тегишли корхона-ташкилотлар ходимлари, ота-оналар иштирок этдилар.

Маросимни Қорақалпоғистон Pеспубликаси Вазирлар Кенгаши раиси Қаҳрамон Сариев очиб берди. Мактабгача таълими Вазири Жумагул Уснатдинова ҳамда туман ҳокими Султонбой Йўлдошевларнинг табрик нутқидан сўнг, жажжи болажонлар иштирокида тайёрланган мусиқий дастур намойиш этилди.

50 ўринга мўлжалланган мазкур нодавлат мактабгача таълим муассасасида тарбияланувчилар учун барча шароитлар яратилган. Машғулот хоналари, овқатланиш, ўйин хоналари, мусиқа ва спорт заллари, ёзги айвонча, кир ювиш хонаси, ошхона, тиббиёт хонаси болажонлар ва тарбичилар хизматида. Меҳмонлар боғчада таълим-тарбия бериш учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишиб чиқдилар.

Айтиш керакки, туманимизда жорий йилда 10 та нодавлат мактабгача таълим муассасаси ташкил этилиши режалаштирилган.  Улардан биринчиси - давлат-хусусий шериклик асосидаги “Юлдузча” нодавлат мактабгача таълим муассасаси барчага, айниқса, ота-оналарга жуда манзур бўлди.

О.Худойберганова

Янгиликни бўлишинг: