"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8312.64 -2.85
  • 1 EUR = 9456.46 +47.75
  • 1 RUB = 125.22 +1.15

ЙЎЛЛАPИ ПАХТАЗОPГА ТУТАШ ҚАЛБЛАP

Туманимизда пахта йиғим-терим мавсуми ниҳоятда ҳамжиҳатликда, байрамона кайфиятда ўтказилади. Умуман деҳқончиликка алоқаси бўлмаган кишилар ҳам ушбу мавсумнинг янгиликларидан тезроқ хабардор бўлишга, таниш-билиш пахтакор-деҳқонларга, фермерларга бирров "Ҳорма, бор бўл!” қилишга интилишади. Бу мавсумда белига этак бойлаб далага чиққан ҳар бир кишининг дилини бир эзгу ният банд этади: тезроқ пахта ҳосилини нест-нобуд қилмай йиғим-териб олиш, 43000 тонналик улкан Амударё пахта хирмонини бунёд этишга ҳисса қўшиш.

Журналист Pобия Йўлдошева ана шундай – эл-юртга қайишган азм-у шижоатда ўктам бир гуруҳ ҳамюртларимизнинг дил сўзларини ёзиб олди.

Гавҳар Мингбоева, Дурунки маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси: - Йиғим-терим мавсуми бошланган илк кунларданоқ маҳалламиз фуқароларидан иборат "Кўнгилли ҳашарчилар” гуруҳини ташкил этдик. Ишонасизми, биз уйма-уй юриб: "ким пахта теримига чиқади?”, - деб ташвиқот қилганимиз йўқ. Уйида ўтирган, ҳатто айрим меҳнат таътилига чиққан фуқароларимиз ҳам ўз хоҳишлари билан ана шундай гуруҳ тузиш ва деҳқонларга ёрдам бериш истагини билдиришди. 60 нафар аёл-қизни бирлаштирган "Кўнгилли ҳашарчилар” гуруҳи 10 сентябрдан бошлаб туманимиз фермер хўжаликлари далаларида деҳқонларга мададкор бўлишмоқда. Ҳар бир теримчи ўрта ҳисобда кунига 50-55 килограммдан, Гавҳар Шониёзова, Олтиной Давлатбоева, Гулистон Ибрагимова, Бика Қурбонова, Насиба Эрназарова сингари чевар теримчиларимиз эса кунига 85-90 килограммдан пахта теришяпти. Маҳалламиз ҳашарчилари кунига, 3-4 тонна пахта теришга эришмоқдалар. Уларнинг мавсумбошидан бери уйган хирмонлари 60 тоннадан ошиб кетди. Шуни алоҳида мамнуният билан айтаманки, биз қайси далада, қайси фермер хўжалигида бўлмайлик, барчасида ҳашарчилар учун яхши шароитлар яратиб қўйилган.

Мунаввар САидабдуллаева, "Йўлдошев Анвар” фермер хўжалиги ижарачиси:- Тўғриси, баҳорда, экиш-тикиш мавсумида юз берган табиий қийинчиликлар, гектарлаб майдонларга қайта чигит экишдек машаққатлардан вақтида жуда чарчаганмиз. Лекин йил давомида қилинган ҳалол ва фидойи меҳнатларимиз самараси – пахтамиз чамандай очилиб, ғалвир сувдан кўтарилган ушбу дамларда, назаримда баҳордаги қийинчиликлар юз бермагандай, ҳатто кун бўйи ҳар туп ғўзага эгилиб-эгилиб ҳосил терсак-да чарчаш нималигини билмай, суюниб-суюниб, бир-биримизни олқишлаб далага чиқамиз. Куз ойлари деҳқоннинг йўлларини ҳам, орзу-умидларини ҳам далаларга туташтириб қўяди. Деҳқон борки, ҳосилини кўриб, кўнгли ўсади, пахтасини териб-териб, хирмони юксалган сари кўнгли тўқ бўлиб боради.

Шу кунларда менинг ҳам кўнглим тўқ. Сабаби, 3 гектар майдондаги ижара еримда мўл ҳосил етиштирдим. Мавсум бошидан бери 10 тонна юқори сифатли пахта териб топширдик. Оиламиз даромади ошди, пахта терими боис, рўзғоримизга қут-барака ёғилди. Бутун оила аъзоларимиз билан ҳамжиҳатликда яна янги мажбуриятлар олдик зиммамизга. Мавсум охиригача яна 4 тонна пахта териб, она-Ватанимизнинг хирмонига муносиб ҳисса қўшишга қарор қилдик.

Иномжон Турсунбоев, Ажиниёз номидаги Нукус Давлат Педагогика институтининг тарих факультети талабаси: - Мен асли Амударё туманининг "Оқ олтин” овулиданман. Ўзим туғилиб-ўсган элда, ўз овулдошларимга пахта йиғим-терим мавсумида озгина бўлса-да кўмакдош бўлаётганимдан мамнунман. Яқинда ҳашарчи-талабалар ўртасида "Энг чевар теримчи” мусобақасида иштирок этиб, 1-ўринни эгалладим. Бир кунда 271 килограмм пахта теришга эришдим. Мен билан мусобақалашган ўзбек филологияси факультети талабаси Анваржон Пирниёзова 264 килограмм пахта териб 2-ўрин, бошланғич таълим методикаси факультети талабаси Севара Зарипова 251 килограмм пахта териб 3-ўрин соҳибалари бўлишди. Шахсан менинг шу кунгача терган пахтам 3 тоннага етди. Анваржон Пирниёзова 2,5, Севара Зарипова эса 2,3 тоннадан зиёд пахта теришди. Биз талабалар нафақат ўқишда, балки она Ўзбекистонимиз равнақи йўлидаги ҳар бир ишда ҳамиша юксак мезонларни кўзлаб яшайверамиз. Чунки бугунги биз Ўзбекистон ёшлари эзгу ишларга қодир ёшлармиз!.

Анвар Жуманов, "Юлдуз” ОАЖ раиси: - Бу йилги пахта йиғим-терими мавсумига корхонамизда ҳар йилгидан ҳам жиддийроқ тараддуд кўрилди. Корхонамизга қарашли 7 та пахта тайёрлов масканларида зарур таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Ёнғин хавфсизлиги мосламалари ўрнатилиб, етиштирилган пахта хом ашёсини узлуксиз қабул қилиш учун зарур шарт-шароитлар яратилди. Айни кунда корхонамиз тасарруфидаги 7 та пахта қабул қилиш масканларида кунига йиллик режанинг 5-6 фоизи миқдорида юқори сифатли пахта хом ашёси қабул қилинмоқда. Пахтани қабул қилиш ва бунтларга тахлаш жараёнида қатнашаётган ишчи-хизматчилар учун иссиқ овқат, яхши дам олиш шароити ташкил этилган. Шунингдек, корхонамиз билан шартнома тузган фермер хўжаликларининг механизаторлари, ижарачи-деҳқонларнинг дам олишлари учун фермерлар хонаси мавжуд. Ҳосилни қабул қилиш механизмлари узлуксиз ишлаб турганлиги боис, пахтани қабул қилиш жараёнида умуман муаммо йўқ.

Пахта – халқимизнинг миллий бойлиги, ифтихори. Ҳосил мўл, сифатли бўлса, ундан келадиган даромад ҳам мўл бўлади, халқимизнинг фаровонлиги ошади, турмушига файз кириб, хонадонлари обод бўлади. Шундай экан, баланд хирмонимиз – обод ва фаровон турмушимизнинг мезонидир. Унинг ҳар бир мисқоли биз учун азиз, қадрли. Ана шу азиз неъмат – "оқ олтин”дан бунёд бўлган юксак хирмон муборак, қадрли пахтакорлар!

Шуҳрат Юсупов, туман маданият ва спорт ишлари бўлими мудири:- Пахта йиғим-терими даврининг биз санъаткорлар учун ўзига хос жиҳатлари бор. Нафақат фермер ва ижарачи-деҳқонлар, билки биз санъат аҳли ҳам ўзгача шижоат, завқ-шавқ билан далалар бағрига ошиқамиз. Чунки пахта-миллий ифтихоримиз, шаънимиз, шуҳратимиз тимсоли. Шу боис, йиғим-теримнинг илк кунлариданоқ пахта йиғим-теримини уюшқоқлик билан ўтказишда деҳқонларга маданий хизмат кўрсатиш бўйича ишчи гуруҳ тузилиб, қилинадиган ишлар режалаштириб олинди. Маданий-маърифий тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Ана шу режага мувофиқ йиғим-теримнинг илк кунлариданоқ туман маданият ва спорт ишлари бўлимига қарашли барча қишлоқ филиал маданият уйлари ходимлари ҳамда "Учқун” ашула ва рақс халқ ансабли, "Офарин” фольклор-этнографик жамоаси санъаткорлари иштирокидаги "Ҳорманг, азиз пахтакорлар!” деб номланган концерт дастурларини намойиш этиш бошлаб юборилди.

Концертларимиздан маънавий руҳ олган пахтакорлар жўшқин куй ва қўшиқларга рақсга тушиб, олам-олам завқ олдилар.

Б.ЖАPЛИКАГАНОВ, "Агробанк” ОАТБ Манғит филиали бошқарувчиси вазифасини бажарувчи: - Пахта - хонадонларимизга файз, ҳаётимизга фаровонлик бахш этувчи буюк неъмат. Деҳқонларимизнинг пешона тери, қалб қўри эвазига етиштирилган ҳосилни қанчалик тез ва сифатли йиғиб-териб давлатга топширсак, наинки давлат хазинаси, балки деҳқоннинг ҳам оиласи бойийди, эл-юрт рўшнолик кўради, турмушимиз обод бўлади. Ҳар беш кунлик якунлари чиқарилиб, фермер хўжаликлари билан терилган пахта ҳосили бўйича ҳисоб-китоб қилганимизда бу йилги пахтанинг даромади ҳар галгидан кўра юқорироқ эканлигини ҳис этаман. Илоҳим, етиштирилган мўл ҳосилдан келаётган даромад эл-юртга, лафзи ҳалол деҳқонларимизга буюрсин, муборак бўлсин, дейман.

"Агробанк” ОАТБ Манғит филиали айни кунда ўзининг 1078 нафар мижозига намунали хизмат кўрсатмоқда. Шулардан 95 таси фермер хўжаликлари ҳисобланади. Пахта йиғим-терими даврида фермер хўжаликлари раҳбарлари ва ижарачи-деҳқонларга ҳамда ҳашарчиларга қулайлик яратиш мақсадида ҳар 5 та фермер хўжалигига малакали банк ходимлари бириктирилиб, беш кунлик терим пуллари ўз вақтида нақд пул ҳисобида тарқатилмоқда. 2013 йилнинг 26 сентябригача 1,5 миллиард сўмлик маблағ дала бошида теримчиларга тарқатиб берилди. Мақсадимиз, йиғим-терим мавсумининг муваффақиятли ўтишига ўз ҳиссамизни қўшиб, пахтакорларимизнинг моддий манфаатдорлигини янада ошириш.

Қувончбой БОЙМУPОДОВ, "Амударётутинув” АЖ раиси: - Биз ҳам баҳоли қудрат пахтакорга мададкор бўлмоқ ниятида савдо хизмати кўрсатишни далалар бошига кўчирдик. Ишчи-хизматчиларимизнинг ҳар бири кунига 65-70 килограммдан пахта теришаётган бўлсалар, "Амударётутинув” АЖга қарашли 48 та савдо шохобчаси орқали пахта йиғим-терими иштирокчиларига озиқ-овқат ва ноозоиқ овқат маҳсулотлари ўз вақтида етказиб берилмоқда. Бундан ташқари, 9 та сайёр дўконлар (автодўконлар) ташкил этилган бўлиб, савдо ходимлари кўнгилли ҳашарчилар ва талабалардан иборат теримчиларга намунали савдо хизмати кўрсатмоқда. 2013 йилги пахта йиғим-терими даврида Қорақалпоғистон Pеспубликаси Вазирлар Кенгаши томонидан нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун ажратилган 28 тонна ун, 3,24 тонна ўсимлик ёғи, 2,6 тонна шакар ҳамда хўжалик совунлари пахта терими қатнашчиларига тарқатилди.

Янгиликни бўлишинг: