"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7883.99 -26.37
  • 1 EUR = 9150.95 -156.16
  • 1 RUB = 124.89 -2.72

70 ёшли шижоатли шифокор

Султон Тожиниёзовнинг қалбида одамларга, жонли табиатга нисбатан яхшилик қилиб яшаш, яратиш иштиёқи уйғонганида ҳали кичкина болакай эди. 1-синфданоқ аъло баҳоларга ўқиган Султон Тошҳовуз шаҳридаги 5-сонли умумтаълим мактабини олтин медаль билан тугатишга муваффақ бўлди.

1973 йилда, Тошкент Тиббиёт институтини тугатиш арафасида тақсимот комиссияси томонидан асли тошҳовузлик Султон Тожиниёзовга Амударё туман марказий шифохонасига уролог-шифокор сифатида ишлашга йўлланма берилди.

У пайтлари бутун бошли туман марказий шифохонасида бор-йўғи биттагина “тез ёрдам” машинаси бор эди. Олий маълумотли мутахассислар етишмасди.

Ана шундай мураккаб иш шароитида Султон Тожиниёзов устозлари Владимир Панкусович Гаухман, Абдулла Хўжаметов, Pаъно Абдуллаевалар билан елкама-елка туриб эл-юрт соғлиги йўлида хизмат қилди. Билганларини устозлари билан бирга баҳам кўрди, билмаганларини ўрганишдан асло чарчамади. Тошкент Тиббиёт малака ошириш институтида, Тбилиси, Иркутск, Чельябинск, Кемерова, Санкт-Петербург шаҳарларидаги нуфузли тиббиёт институтларида жаҳон тиббиётининг замонавий ва ноанъанавий даволаш технологиялари бўйича бир неча марта ўз малакасини оширди. Тажрибали уролог-жарроҳ сифатида юзлаб беморларга ҳаёт бахш этди.

Унинг тиббиёт соҳасидаги хизматлари ҳукуматимиз томонидан муносиб баҳоланди. 1992 йилда Қорақалпоғистон Pеспубликасида хизмат кўрсатган тиббиёт ходими унвонига сазовор бўлди. Унинг кўксини “Соғликни сақлаш соҳаси аълочиси” нишони ва “Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллиги” юбилей медали безаб турибди. Умр йўлдоши, Аллоҳ раҳмат қилсин, кўплаб ёшларнинг устози Марям Ҳайдарова билан 5 нафар ўғилни тарбиялаб, вояга етказишди.

Доим халқ орасида, халқ дардига малҳам бўлиб яшаб келаётган Султон Тожиниёзов нафақага чиқиб қўл қовуштириб ўтиришни ўзига эп кўрмади. Тиббиёт соҳасида тадбиркорлик фаолиятини бошлади. «Саломатлик» хусусий шифо марказини очди. Марказда замонавий ҳамда ноанъанавий усуллардан фойдаланган ҳолда гиёҳлар, зулук, асалари заҳри ва асалари табиий маҳсулотлари билан даволашни йўлга қўйди. Бўш вақтларида эса китоб ўқиш, табиат бағрида сайр қилишни яхши кўрадиган Султон Тожиниёзов ўз томорқасида турли гул ва дарахтларни ўстиради, мўъжазгина ҳовузида балиқнинг бир неча турларини парваришлайди. Кабутар, бедана, тўтиқуш, типратикан, ҳатто илонлар, тимсоҳ ҳам боқади.

Айни кунларда умрининг 70 йиллик довонидан ҳатлаётган Султон Тожиниёзов ҳамон тетик, ҳамон юрагида ишлашга иштиёқи баланд. Демак, иштиёқ борми, албатта, шифо аҳлининг бу ғаройиб табиатли вакили яна янги орзулар сари дадил қадам қўйишига шубҳа йўқ. 70 ёшингиз қутлуғ бўлсин, юз ёшда ҳам сизни шижоат тарк этмасин, омон бўлинг, азизим Султон!

Жумабой ЯВҚАШЕВ, туман Тиббиёт бирлашмаси

ташкилий-услубий бўлими мудири.

Янгиликни бўлишинг: