"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8181.08 +1.34
  • 1 EUR = 9427.06 -41.77
  • 1 RUB = 122.73 -3.84

Улкан хирмонга муносиб ҳиссамиз

Амударё тумани иқтисодий салоҳияти бағоят кучли, яратувчанлик, бунёдкорлик имкониятлари ниҳоятда кенг туман сифатида республикамизда таниқлидир. Айниқса амударёлик уста пахтакорлар ҳар йили залворли "оқ олтин” хирмонини яратишлари билан кўпчиликни ҳайратга солиб келмоқда. Қисқа муддатда, яъни, сентябрь ойи ичидаёқ пахта тайёрлаш бўйича йиллик шартномавий режани ортиғи билан бажариш ҳазилакам гап эмас. Бу албатта амударёлик пахтакорларнинг бениҳоя ишчанлиги, меҳнатсеварлиги, ўз касбининг моҳир усталари, фидойилари бўлганлиги туфайли қўлга киритилаётган зафарли ютуқлар, улкан муваффақиятлардир.

Яна менинг амударёликларга қойил қоладиганим уларнинг юксак одамийлиги, ниҳоятда олийжаноблиги ва меҳмондўстлиги, ғоят бағрикенглигидир. Буни туманнинг  қайси хонадонига, қайси гўшасига борманг, дилдан чуқур ҳис қиласиз.

Мана сўнгги ўн уч йилдан буён амударёликлар билан бизнинг Ажиниёз номидаги НДПИ профессор-ўқитувчилар ва талабалар жамоаси ўзаро ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ҳамкорлик қамрови кенг бўлиб таълим-тарбия соҳасидаги тажриба алмашувлар таълим жараёнларидаги янги педагогик технологиялар, таълим жараёнларида замонавий  ахборот телекоммуникация технологиялари янгиликларини, ютуқларни татбиқ этиш борасидаги педагогик услубий тажрибалар олиб бориш, қўлланиш изчиллигини, мунтазамлигини ва давомийлигини таъминлаш таълим-тарбия соҳасидаги ҳамкорлигимизнинг асосини ва мазмун-моҳиятини ташкил этади. Бунга ёрқин мисол сифатида Манғит шаҳрида жойлашган бизнинг ҳомийлигимиздаги 3-сонли Амударё академик лицейнинг ўқитувчи педагоглар ва ўқувчилар жамоаси билан бизнинг яқин ҳамкорлигимизни кўрсатишимиз мумкин. Мазкур академик лицей интеллектуал салоҳиятининг йилдан-йилга босқичма-босқич  ошиб бораётганлиги,  таълим-тарбия борасида бой тажрибалар тўпланаётганлиги ва соҳа бўйича қувонарли ютуқлар қўлга киритилаётганлиги мана шу ҳамкорликларимизнинг энг яхши самаралари, энг улкан муваффақиятларимиздир. Мана шундай самара, мана шундай муваффақиятлар натижасида ўқувчилар келгусида билимдон ва малакали кадрлар бўлиб майдонга чиқади. Бундай кадрлар элимизнинг янада юксак тараққий этиши учун, янада гуллаб яшнаши учун жуда зарурдир.

Энди ҳамкорликнинг амалий ўзаро ёрдам жиҳатларига тўхталадиган бўлсак, олий таълим даргоҳимиздаги талабалар – навқирон ёшлар жуда катта бунёдкор жисмоний куч ҳисобланди. Талабалар бизда беш минг нафарга яқин бўлиб, уларнинг тўрт минг нафардан ортиғи айни кунда амударёлик пахтакорлар билан ёнма-ён туриб пахта йиғим-терим ишларида яқиндан ёрдам беришмоқда. Уларнинг шу кунга қадар терган "оқ олтин” дурдоналари 5 минг тоннадан ошиб кетди. Бу билан талабаларимиз ва профессор-ўқитувчиларимиз амударёлик пахтакорлар эришган бугунги улкан меҳнат ғалабаларига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшдилар.

Талабаларимиз туманда фаолият кўрсатаётган 261 та фермер хўжаликларининг деярли барчасидаги йиғим-терим ишларида фаол қатнашмоқдалар. Айниқса институтимизнинг физика-математика, табиатшунослик, ўзбек тили ва адабиёти, бошланғич таълим, тарих факультетлари профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалари пахта йиғим-теримида пешқадамлик кўрсатиб, терим суръатининг оширилишига ўзларнинг муносиб ҳиссаларини қўшмоқдалар. Мавжуд 9 та факультет ичида ва факультетлараро ўзаро мусобақалар ташкил этганлигимиз ҳам ўзининг яхши самарасини бериб, "оқ олтин” хирмонларининг кун сайин юксалишини таъминламоқда. 20 сентябрь куни, дастлабки ўн кунлик якуни бўйича "Тўлқин” овулидаги Pуфат Аҳмедов бошқараётган "Аҳмад гўжа” фермер хўжалиги пахтазорларида мавжуд 9 та факультетнинг энг илғор теримчи талабалари ва профессор-ўқитувчилари кун бўйи ўзаро мусобақалашиб, энг пешқадам эпчил теримчи талабалар ва профессор ўқитувчилар аниқланди. Мусобақа натижасига кўра профессор-ўқитувчилар орасида интитутнинг ботаника кафедраси ўқитувчиси Каримбой Эшчонов 168 килограмм пахта териб фахрли 1-ўринни эгаллаб ғолиб бўлди ва қимматбаҳо совғалар билан мукофотланди.

Шундай қилиб, пахта йиғим-теримининг айни долзарб даврида профессор-ўқитувчиларимиз ва талабаларимиз амударёликларнинг навбатдаги юксак марраси – 43 минг тонналик сарбаланд "оқ олтин” хирмонини бунёд этишда яқиндан ёрдам бериш учун ҳар бир соат, терим суръатига барака киритмоқдалар.

Фурсатдан фойдаланиб, барча пахтакорларимизни дастлабки юксак хирмон ва 1 октябрь – ўқитувчи ва мураббийлар куни – умумхалқ байрами билан қизғин табриклаб, уларга сиҳат-саломатлик ва машаққатли ишларида муваффақиятлар тилайман.

Қувондиқ Қодиров,

Ажиниёз номидаги НДПИ маънавият ва маърифат ишлари бўйича проректори.  
Янгиликни бўлишинг: