"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8312.64 -2.85
  • 1 EUR = 9456.46 +47.75
  • 1 RUB = 125.22 +1.15

Сектор раҳбари маҳаллада сайёр қабул ўтказди

Фуқароларнинг мурожаатларини жойларга чиқиб тинглаш ва улар ҳаётига оид муаммоларни ҳал этишга кўмаклашиш, таклиф ва истакларини ўрганиш ҳамда ечимини кутаётган муаммоларни назорат остига олиш ва уларни бартараф этиш юзасидан самарали механизмларни яратишда ҳудудлар бўйича фаолият олиб борувчи секторларнинг аҳамияти каттадир.

Жорий йилнинг 26 май куни туманимизнинг “Боғ” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган 2-сектор раҳбари туман прокурори Ж.Мутфуллаев иштирокидаги сайёр қабул йиғилишида маҳалла фуқаролари ҳаётига доир долзарб масалалар муҳокама этилиб, аксарият муаммолар жойида ҳал этилди.

Сайёр қабул кунига бағишланган йиғилишда “Боғ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги фермер хўжаликлари ҳамда тумандаги корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, маҳалла фаоллари ва маҳалла имомлари, ҳудуд бўйича биркитилган профилактика инспектори, шунингдек оммавий ахборот вакиллари иштирок этдилар.

Сайёр қабул кунида 2-сектор раҳбари, туман прокурори Ж. Муфтуллаев сўзга чиқиб фуқароларнинг биронта ҳам мурожаати эътиборсиз қолдирилмаслиги ҳақида гапириб, бу борадаги қонунчилик нормалари хусусида тушунча берди. Шундан сўнг, Ж.Муфтуллаев сайёр қабулга навбатга ёзилган фуқароларнинг мурожаатларини тинглади. Хусусан, Норимбой Каримовнинг маҳалла аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, Янгибой Холниёзовнинг суюлтирилган газ баллонларини маҳалла ҳудудига келтириб тарқатиш, Эркинбой Жумановнинг “Боғ ёп” каналини қазиш, Жумамурод Эржоновнинг шахсий муҳр ишлатиш, Гавҳар Холбоеванинг фуқаролик паспорти олиш, Қурол Pаҳимовнинг аҳоли пункти ҳудудидаги 4 км йўлни асфальт қилиш, Хатира Жуманованинг коллеж ўқувчилари учун йўл ҳақини арзонлаштириш, маҳалла ҳудудидаги 500 метрлик ички коллекторни тозалаш, Шукуржон Эримбетованинг маҳалла ҳудудига МТМ биноси қуриш, Фарҳод Холниёзовнинг хонадонларни телефонлаштириш, Эркин Жумановнинг аҳолини электр энергияси билан таъминлашдаги узилишларни бартараф этиш мақсадида қўшимча трансформатор ўрнатиш, Анвар Худойбергановнинг коллектор-дренаж тармоқлари бўйича мурожаатлари тингланди. Энг долзарб масала “Боғ ёп” каналини қазиш, аҳоли томорқасини сув билан таъминлаш бўйича ишлар бошлаб юборилгани маълум қилиниб, мазкур муаммо жойида ижобий ҳал этилди.

Шунингдек, фуқароларнинг бошқа мурожаатлари ҳам ўз вақтида ечим топиши учун соҳаларга масъул раҳбарлар билан биргаликда ҳаракат қилинажаги ва албатта ҳар бир мурожаат масъуллар томонидан ўрганиб чиқилиб, натижаси мурожаат эгаларига ёзма равишда маълум қилиниши таъкидланди.

Сайёр қабул кунига бағишланган йиғилишда туман халқ қабулхонаси раиси Эркин Pажабов ҳам иштирок этиб, фуқаролар томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалар ўз вақтида ечим топиши нафақат “Боғ” маҳалла аҳли, балки қўшни маҳаллалар аҳолиси учун ҳам муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.

Маҳалла имоми Қ.Эшчанов ҳамда профилактика инспектори М. Сейтмуротовлар 2-сектор раҳбари Ж. Муфтуллаев ва туман халқ қабулхонаси раиси Э. Pажабов томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар, маҳалла аҳолиси ҳаётига оид муаммоларни ҳал этиш борасидаги амалий таклиф ва ёрдам учун миннатдорчилигини билдирдилар.

Бўлиб ўтган сайёр қабул куни фуқароларнинг давлат идораларига нисбатан ишончини янада оширди.

Pобия Йўлдошева.

Янгиликни бўлишинг: