"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7813.42 -33.27
  • 1 EUR = 9176.86 +9.20
  • 1 RUB = 124.19 -1.06

Президент давлат маслаҳатчисининг ўринбосари Амударёда сайёр қабул ўтказди (+видео)

16 май куни Амударё тумани ҳокимлигида Ўзбекистон Pеспубликаси Президенти девонининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати томонидан туман аҳолиси учун сайёр қабул ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси ўринбосари А.Усманов, Қорақалпоғистон Pеспубликаси Жўқорғи Кенгеси Pаиси М.Ерниязов, Pеспублика Вазирлар Кенгаши раиси Қ.Сариев, суд, прокуратура ва ички ишлар органлари масъуллари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Сайёр қабулда Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига туман аҳолиси томонидан йўлланган мурожаатлар кўриб чиқилди.

Айтиш керакки, Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг Амударё туманидаги Халқ қабулхонасига жорий йил бошидан шу кунга қадар жисмоний ва юридик шахслардан 162 та мурожаатлар келиб тушган. Шундан 94 таси ҳудудий, 7 таси юқори ташкилотларга кўриб чиқиш ва ҳал қилиш учун юборилган. Мурожаатларнинг 61 таси халқ қабулхонасида кўриб чиқилган.

Келиб тушган мурожаатларнинг 125 таси қаноатлантирилган. Шундан 39 таси ижобий ечимини топиб, мурожаат қилувчиларнинг фойдасига ҳал қилинган. 48 таси эса ҳуқуқий маслаҳат ва маълумот бериш орқали ҳал қилинган. Қаноатлантирилган мурожаатларнинг 38 таси асосли деб топилган ва қўшимча ҳужжат, муддат ва ўрганиш эвазига ҳал этилган. 19 та ҳолатда эса мурожаат қилувчиларга тушунтиришлар берилган.

Ўтказилган сайёр қабул жараёнида фуқаролар вазирликлар ва тегишли идора раҳбарларига тўғридан-тўғри ўз муаммолари билан мурожаат қилдилар ҳамда жавоб олдилар. Мурожаатларнинг аксарияти шу жойнинг ўзида ечимини топди, баъзи муаммоларни эса батафсил ўрганиш бўйича мутасадди идора ва ташкилот масъулларига тегишли топшириқлар берилди.

Фуқаролар мурожаатларининг аксарияти соғликни сақлаш, таълим, бандлик ва бошқа ижтимоий, банк-молия тизимига оид иқтисодий масалалар ҳамда уй-жой, коммунал хўжалигига оид маиший муаммолар хусусида бўлди.

Бўзёп овулида яшовчи фуқаро Ў.Ермекенов ва Қангли овулидан фуқаро Ж.Pажаповлар мазкур овуллар ҳудудида суюлтирилган газ баллонлари тарқатиш бўйича сервис шохобчасини қуриш масаласида мурожаат қилди. Ушбу масала “Ўзтрансгаз” АЖнинг “Қорақалпоғистон газ” филиали маъмурияти томонидан кўриб чиқилди ва шу жойнинг ўзида ижобий ҳал қилинадиган бўлди. Яқин вақт ичида Бўз ёп ва Қангли ММТП балансидаги мавжуд фойдаланилмай турган бинолар туман ҳокимлиги келишимига биноан “Қорақалпоғистон газ” филиали балансига ўтказилиб, туманнинг бу иккала чекка овулида ҳам суюлтирилган газ баллонларини тарқатиш шохобчалари иш бошлайди.

Амир Темур номли овулда истиқомат қилувчи бир гуруҳ фуқароларнинг “Мусофир” аҳоли пунктида истеъмолчилар сонининг ошиши натижасида мавжуд трансформаторнинг кучланиши етмаётганлиги, шунинг учун янги трансформатор ўрнатишда амалий ёрдам беришни сўраб қилган мурожаати ҳам ижобий ҳал қилинди. “Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти томонидан шу куннинг ўзида мазкур аҳоли пунктидаги 63 кВа кучланишли трансформатор 160 кВа кучланишли юқори қувватли трансформаторга алмаштирилди.

Сайёр қабул давомида жисмоний шахслар ҳамда юридик шахсларнинг вакиллари томонидан билдирилган 63 та мурожаат кўриб чиқилди. Мурожаатларнинг барчаси тўлиқ ўрганиб чиқилиши, уларни ҳал қилиш бўйича тегишли чоралар кўрилиши ва натижалари ҳақида мурожаат эгаларига ёзма равишда хабардор қилиниши маълум қилинди.

Ғ.Ешниёзов

Янгиликни бўлишинг: