"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7997.95 -28.83
  • 1 EUR = 9396.79 -201.29
  • 1 RUB = 128.37 -1.63

Афғон қирларида сўлган лолалар У ЯШАШГА ҲАҚЛИ ЭДИ...

Афғонистон. Ўтган асрнинг 1975-80 йилларида бу мамлакат мисоли ўлим лагери каби ҳар бир инсон қалбига титроқ соларди.

Биргина Амударё туманимиздан 13 нафар навқирон йигит Афғонистон тупроғидаги мақсадсиз уруш қурбонларига айланганларида онаизорларнинг фарёдларидан тоғлар титради, она ер зириллаб кетди. Юракларида ўзлари каби навқирон, муҳаббат куртаклари барг ёзаётган (балки!) 13 нафар гўзал қизнинг кўнгиллари зил кетди, орзу-умидлари хазон бўлди.

Уларнинг юракларида асралган муҳаббат асрорлари асрорлигича қолди, умрбод...

Агар Афғон уруши деган қаттол бўлмаганида Қурбонбой Юсупов бугун 56 ёшга етармиди...

Қурбонбой жазирама афғон чўлларида, тоғ-тошлар ҳарорати 50-60 даражага чиққан кезларда ўзи бошқарадиган юк машинаси рулини маҳкам тутиб, совет армиясининг ҳар бир буйруғини матонат ва жасорат билан бажарди. Лекин ҳеч ким унинг бу жасорати ҳақида тириклигида ломмим демади.

Лекин 1982 йилнинг 6 февраль куни тоғ-тошлар орасида бўлган жангда ҳалок бўлган Қурбонбой учун гўё совет армияси мотам тутаётган каби ҳолат юз берди. “Қизил юлдуз” ордени деб аталган бир парча жез билан Қиличбойга кетма-кет СССP Олий Бош Қўмондонлиги номидан таъзиялар, ташаккурномалар етиб келди. Бу расмий билдирувлар билан бирга Қиличбойнинг алп йигити темир тобутда қайтди.

– У Афғон тупроғида қаҳрамонларча ҳалок бўлди, – деб ёзди Комисецкий исмли зобит.

Буни – Қурбонбой Юсуповнинг барча яхши фазилатларини аҳли Қиличбой биларди. Элим, юртим, жонажон Ватаним дегувчи фидойилигини ҳам! У ноҳақлик, адолатсизлик қурбони бўлганди. Буни ҳам эл-юрт биларди. Начора, тақдир чархпалаги Қурбонбой Юсупов тенги алпларнинг йўлини мақсадсиз уруш майдони сари бурган ва бу уруш Қурбонбой Юсуповни жўмардлигида синдирган эди. Унинг яшашга, давр-у даврон суришга ҳаққи бор эди. Биз эса улуғ Тангри таолодан қайта-қайта сўрайверамиз:

– Бемаврид шаҳид кетганларнинг, Қурбонбой Юсуповнинг охиратини ўзинг обод, руҳини шод қил!

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: