"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7997.95 -28.83
  • 1 EUR = 9396.79 -201.29
  • 1 RUB = 128.37 -1.63

Эзгу ишларда яшаётган устоз

Азим Қиличбойнинг “Хизр эли” маҳалласида туғилиб-ўсган ва бутун вужуди билан шу заминга боғланиб, унинг ҳар бир гиёҳидан тортиб, ҳар бир боласига ва таъбир жоиз бўлса, ҳар битта хонадонига меҳр қўйиб яшаган Болтабой Содиқов кечагина биз билан ҳамнафас, ҳаёт эдилар. Бугун эса... Унинг номи мангуликка дахлдор бўлиб қолди. Умр бўйи ўзи ишлаган 46-сонли мактабда, маҳалла-кўйда, ошна, ёр-дўстлар, қадрдонлар ва ниҳоят оиласи даврасида бу азиз инсоннинг ўрни бўм-бўш...

Болтабой Содиқов бутун “Хизр эли” маҳалласининг фахри эди. Ҳали ўқувчилик пайтиданоқ ўзининг интизоми, чиройли хулқи билан атрофидагиларнинг меҳрини қозонган Болтабой Содиқов 1972 йилда Нукус Давлат педагогика институтининг физика-математика факультетини муваффақиятли тугатиб, илк иш фаолиятини 46-сонли умумтаълим мактабида физика фани ўқитувчиси бўлиб ишлашдан бошлади. Билимдон, фикри теран Болтабой Содиқов жуда қисқа фурсатда мактабнинг етакчи ўқитувчилари сафидан жой олди. Мактабда физика фанини ўқитиш бўйича ўзига хос тажриба мактабини яратди. Натижада Болтабой Содиқовнинг саъй-ҳаракатлари, ушбу фанни ўқитиш борасидаги услуби, таълим-тарбия соҳасидаги тажрибалари алоҳида эътиборга олиниб, 46-сонли мактаб физика фанини ўқитиш бўйича тумандаги тажриба-таянч мактабига айлантирилди.

– Нафақат ҳамкасблари орасида, балки оилада ҳам сўзи, фикри ўткир, ҳурмати баланд эдилар, – дейди у кишининг умр йўлдоши, халқ таълими фахрийси Жамила опа Сафарбоева. – У киши ҳеч кимга танбеҳ бериб, қаттиқ гапирмасдилар. Ўғил-қизлари, неваралари билан ҳурматли инсонлар билан гаплашгандай муомала қилардилар. Барчамизга ғамхўр эдилар.

– Агар устоз Содиқов бизга физика фанини чуқур ўргатмаганларида мен бугунги даражага етишмаган бўлардим, – дейди туман фаолларидан бири Омонбой Юсупов. – Устоз бизга бу фанни гўзал шеърият даражасида мароқли ўтардилар.

Болтабой Содиқов шогирдларининг деярли 80 фоизи олий маълумотли мутахассислар бўлиб етишишган. Комилжон Омонов – тажрибали жарроҳ, Аминбой Ўрозметов стоматолог-шифокор, Мансур Қосимов ички ишлар ходими, Зафар Отамуродов Иқтисод коллежи директори, Зулфия Сотиболдиева болалар шифокори, Муяссар Отамуродова терапевт-шифокор, Pаъно Аминова, Сайёра Эшчанова, Сурайё Эшимбетовалар бири математика, бирлари физика фани ўқитувчилари. Бу рўйхат жуда узун. Болтабой Содиқов ўзи ҳаётлигида ҳар бир қалбга илм нурларини йўғирган нурли йўл каби узундир бу рўйхат. Чунки бу устоздан таълим олган инсонлар “Хизр эли” маҳалласидан таралган маърифат нурлари бўлиб мамлакатимизнинг турли гўшаларига чароғонлик бахш этган. Ана шу чароғон манзилларда шогирдлари томонидан амалга оширилаётган эзгу ишларда Болтабой Содиқовнинг иккинчи умри давом этаётгандай. Зеро, яхши, эзгу ишлари билан эл-юрт юрагидан жой олган инсонлар номи мангуликка дахлдордир.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: