"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8208.04 +26.92
  • 1 EUR = 9490.14 +62.94
  • 1 RUB = 123.85 +0.27

ЭЗГУЛИККА ТЎЛА БАPҲАЁТ УМP

Бу оламда инсонлар дилидаги орзу-умидларини рўёбга чиқариш истаги билан яшайди. Оиласини ардоқлаб, ота-онасига иззат кўрсатиб, фарзандларини камолга етказишни истайди. Ҳаёт ташвишларини енгиб, уни фақат қувончли кунларга тўлдиришга ҳаракат қилади. Ортиқбой Якубовнинг дилида ҳам мана шундай орзулар бисёр эди. У нафақат оиласи, балки бутун эл хизматига камарбаста бўлиб, фидойилик кўрсатиб яшади.

Амир Темур номли овулда деҳқон оиласида вояга етган Ортиқбой отаси Сидабулла акадан меҳнаткашлик, ҳалоллик, онаси Аноргул опадан меҳр-муҳаббат, самимийлик каби эзгу хислатларни ўзига сингдириб улғайди. Ўзи таҳсил олган 4-сонли мактабда тенгдошлари орасида интилувчанлиги, тиришқоқлиги, абжирлиги билан доим ажралиб турарди.

Чаққонгина Ортиқбой мактабни тугатгач, совхозда механизатор бўлиб ишлай бошлади, рўзғор тебратишда отасига кўмакчи бўлди. Шу орада ҳарбий хизматга чақирилиб, Чельябинскка жўнаб кетди.

Ортиқбой ҳарбий хизматда янада тобланиб, бурчга садоқат ва ватанпарварликни ўрганди. У мана шундай улуғвор, юксак туйғуларни юрагига жойлаб элига қайтди. Келиб, механизаторликни давом эттирди.

Тинчлик посбони, адолат ва халқ ҳимоячиси бўлиш истагида Ориқбой Якубов 1982 йилда Нукус шаҳридаги Автомобиль йўллари ва транспорт техникумига ўқишга кирди.

Сидабулла ака ва Аноргул опа ўғлининг бу қароридан ниҳоятда мамнун бўлдилар. Ортиқбойнинг яқиндагина келин бўлиб тушган умр йўлдоши Гулора Яхшимуродова ҳам нияти эзгу, мард турмуш ўртоғи билан фахрланди.

Бу орада дунёга келган фарзандлари Сулаймон, Гулмирзаларни эса Сидабулла ака ва Аноргул опаларнинг кўмаги билан тарбия қилди.

Ортиқбой Якубов ўқув юртидаги ўқишини тамомлаб, 1985 йилда тумандаги Ички ишлар бўлимининг Жамоат тартибини сақлаш бўлинмасига ишга жойлашди ва у ҳам шарафли, ҳам масъулиятли касб эгаси бўлди.

Ортиқбой ўз хизмат вазифасини сидқидилдан бажаришга ҳаракат қилди. Хизмат юзасидан қаерга сафарбар қилинса, ўша ерга жўнаб, тун-кун осойишталикни сақлади. Қанчадан-қанча жиноятларнинг олди олинишига ҳисса қўшди.

– У жуда масъулиятли инсон эди, – дейди умр йўлдоши Гулора Яхшимуродова. – Ҳар қандай топшириқни ўз вақтида уддалашга ҳаракат қилар, вазият тақозо қилса, ҳатто овқатланмасдан яна ишга қайтиб кетарди. Лекин ота-онаси, фарзандларимиз аҳволидан, кайфияти, юриш-туришидан бохабар бўлиб туришни ҳам ҳеч канда қилмасди.

У юрт тинчлиги йўлида кўрсатган хизматлари учун Қорақалпоғистон Pеспубликаси Ички ишлар Вазирлиги томонидан 2 та кўкрак нишони ва кўплаб Фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.

Аммо... машъум ўлим бевақт келиб Ортиқбойни оиласи бағридан, хизматдошлари орасидан юлиб олиб кетди. Уч кеча-ю уч кундуз дам олмасдан навбатдаги хизмат вазифасини бажариб уйига қайтаётган тунда у бошқараётган автомобилнинг олдига шум ажал рўпара бўлиб, мувозанатни йўқотди...

– Айрилиққа дош беришимиз жуда оғир бўлди, – дея кўзлари ёшланиб хотирлайди умр йўлдоши Гулора опа. – Қайнотамни бетоблик тўшакка михлади. Қайнонамнинг қадди букилди. Беш фарзандим эса чирқираб қолди. Ўзимни йўқотаёздим-у аммо оилам учун тикланишга мажбур эдим.

Ортиқбой Якубовнинг фарзандлари отасига муносиб бўлиб вояга етишди. Катта фарзанд Сулаймон Якубов ота изидан бориб, ички ишлар ходими бўлди. Ҳозирги кунда туман Ички ишлар бўлимининг Қўриқлаш бўлинмасида хизмат қилиб келмоқда. Гулмирза фермер хўжаликда ишчи, Pўзимбой 55-мактабда электрик бўлиб ишламоқда. Қизлари Муборак ва Ёрқинойлар турмуш қуриб, бахтли оиланинг бекаси бўлдилар. Гулора опа бирин-кетин келинлар олиб, 10 нафар неваранинг суюкли бувижонисига айланди. Афсус, бу кунларни Ортиқбой Якубовнинг ўзи кўра олмади. Аммо у оиласи, яқинлари, эл-у юрт хотирасида абадий яшаб келмоқда.

Инсон хотираси – азиз. Айниқса, яхши инсонлар ёди дилларда мангу яшайди. Ватан, Она юрт, халқ олдидаги вазифасини фидойилик билан бажарган Ортиқбой Якубов ҳам ўзининг қисқагина умрини эзгуликлар билан безаб яшагани учун ҳамиша барҳаётдир. Зеро, эл осойишталиги йўлида қилинган хизматлар асло унутилмайди.

Озода ХУДОЙБЕPГАНОВА, журналист.

Янгиликни бўлишинг: