"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7790.2 +7790.00
  • 1 EUR = 8888.62 +8888.00
  • 1 RUB = 115.07 +115.00

СОБИP ОТА – БИЗНИНГ ФАХPИМИЗ

Иккинчи жаҳон уруши энг қизғин паллага кирган бир даврда, 1942 йилнинг сентябрь ойида кўплаб ватандошларимиз қатори манғитлик Собир Нуруллаев ҳам Ватан ҳимоясига отланди...

Эндигина 18 ёшга тўлган ёш жангчи дастлаб Омск шаҳридаги танкчилар билим юртида таълим олди. Бу ерда у танкни бошқариш, жангларда унинг ўқотар қуролидан фойдаланиш сирларини пухта ўрганди. Бир ой ичидаёқ ҳақиқий танкчига айланган ёш жангчи ўзига топширилган танк ёрдамида қуролдош дўстлари билан биргаликда душманга қақшатқич зарбалар берди. Шундан кейин у бир қанча вақт пиёдалар қўшинида пулемётчи вазифасини адо этди.

Жасур жангчи Собир Нуруллаев ғалаба ҳақидаги хабарни Чехословакия мамлакатини душмандан тозалашда иштирок этаётган пайтида эшитди.

– Биз жангларда иштирок этаётган пайтимизда фақат ғалаба сари интилишга, душманни тор-мор қилиб, Ватанни омон сақлаб қолишга ҳаракат қилардик, – дейди Собир ота Нуруллаев ўша қирғинбарот урушлар даврини эсларкан. – Шу боис ҳам ҳеч кимнинг жони кўзига кўринмасди. Мен икки марта оёғимдан ва қўлимдан ярадор бўлиб, госпиталда даволандим. Сал яхши бўлишим билан яна жангга отланардим. Мен уруш тугагандан кейин 1947 йилгача озод қилинган мамлакатлар чегараларини тиклашда хизмат қилдим ва ўз юртимга эсон-омон қайтиб келдим.

Собир ота Нуруллаев 1947 йилда юртига қайтиб келгач, 1967 йилгача Манғит пахта тозалаш заводида, 1967 йилдан 1996 йилгача қурилиш ташкилотларида чилангар вазифасида меҳнат қилди.

Собир ота турмуш ўртоғи Мавлуда момо билан 2 ўғил ва 5 қизни тарбиялаб вояга етказди. Айни кунда собиқ жангчи Собир ота фарзандлари, невара-чеваралари ардоғида фаровон ҳаёт кечираяпти.

Ота билан суҳбатимиз чоғида у муҳтарам Президентимизнинг эл-юрт фаровонлиги ва тинчлиги йўлида жон куйдираётганидан, Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиларига кўрсатаётган ғамхўрликларидан чексиз миннатдор эканлигини изҳор этди.

Шу кунларда Собир ота хонадонига унинг кўплаб маҳалладошлари, қариндош-туғишганлари ва дўст-у ёрлари ташриф буюришиб, уни Хотира ва қадрлаш куни байрами билан муборакбод этмоқдалар.

Собиқ жангчи Собир ота Нуруллаев бугун ҳаммамизнинг фахримиз, ифтихоримиз. Биз ҳам уни байрамлари билан чин қалбимиздан муборакбод этамиз.

Алламберган ЖУМАНИЁЗОВ.

Янгиликни бўлишинг: