"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7997.95 -28.83
  • 1 EUR = 9396.79 -201.29
  • 1 RUB = 128.37 -1.63

УНИНГ НОМИ ХОТИPАЛАPДА МАНГУ ЯШАЙДИ

1992 йилнинг ёзида бўлиб ўтган бир воқеа ҳамон ёдимда. Ўша куни муҳарриримиз Хонимжон опа Pажабованинг таклифига кўра таҳририятимизга мустақиллик шарофати билан ҳаж зиёратини адо этишга мушарраф бўлган туманимизнинг илк ҳожи онаси, меҳнат фахрийси Ҳалима Матниёзова меҳмон бўлдилар.

Муҳаррирнинг улкан хонасида таҳририят ва 4-босмахона меҳнат жамоалари аъзолари барчамиз онахоннинг ҳаж зиёрати таассуротларини берилиб тингладик, ҳожи онага ҳавасимизнинг чеки йўқ эди. Чунки бундай имконият, истиқлолнинг илк йилларидаги иқтисодий ночорликлар эсингиздадир, кўпчилик учун орзу эди.

Суҳбат тугагач, онахон бизнинг ишимизга барака, юртга тинчлик-омонлик тилаб хайрлашдилар, сизларни ҳам фарзандларингиз ана шундай қутлуғ сафарга юборгай, деб дуо қилдилар.

Онахонни ҳаж ибодатига йўл олишга фарзандлари ундаган экан-да, деган ўй хаёлимга келди менинг. Яна бир эътиборимни тортгани – ҳали тетик ва ҳаракатчан онахонни таҳририятга ўғли олиб келиб, қўлидан тутиб олиб кетгани бўлди. Кўпчиликнинг кўнглидан шу дамларда ўғлинг шундай меҳрибон бўлса, деган ўй ўтгани шубҳасиз.

Ўша ўғил – туманимиз ривожига улкан ҳисса қўшган ажойиб инсон, газетамизнинг ҳамкорларидан бири Муҳаммадсолий Содиқов эди.

У нафақат оиласига ғамхўр, балки узоқ йиллар турли масъулиятли лавозимларда ишлаб, туманимиз ҳаётида ҳам муносиб из қолдирган инсондир.

Муҳаммадсолий Содиқов 1954 йилда туғилди. Ўрта мактабни тугатгач, маҳаллий саноат комбинатида, Манғит пахта тозалаш заводида ишчи бўлиб ишлади. 1974 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтига ўқишга кирди ва 1978 йилда тугатиб, иқтисодчи мутахассислигига эга бўлди.

1978 йилдан бошлаб, Аҳолига маиший хизмат кўрсатиш комбинати кассири, бош муҳандиси, “Pесбитхимчистка” туман шохобчаси бошлиғи, “Швейтрикотаж” ишлаб чиқариш корхонаси бошлиғи, туман Матлубот жамияти бошқаруви раиси, “Амударё” асаларичилик хўжалиги бошқаруви раиси, “Дўстлик” хўжалиги ташқи бошқарувчиси, “Дўстлик” ММТП раиси, туман Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи вазифаларида самарали фаолият олиб борди. Қайси соҳада, қандай лавозимда ишламасин, меҳнат жамоаси ғамхўри, туман матбуотининг беминнат ҳамкори бўлди.

Афсус, шундай ажойиб инсоннинг умри қисқа экан. У 55 ёшида 2009 йилда оламдан ўтди. Кейинчалик фахрий журналист, шоир Саъдулла Хўжаниёзов у ҳақда:

Сени санар эдик қаторда нор, деб

Ёрдамга муҳтожнинг ёнида бор, деб...

– дея ёзгани ҳам бежиз эмас.

Ҳа, инсонлар бўладики, вафотидан сўнг ҳам тириклигида қилган эзгу амаллари тилга олинаверади, номи тилдан тушмайди.

Муҳаммадсолий Содиқов ҳам таъбир жоиз бўлса, ана шундайлар сирасидан эди. У киши билан ҳамнафас бўлган, яқиндан таниган борки, яхши сўзлар билан тилга олади номини.

У кишидан энди ана шундай хотиралар, ота дийдорига тўймай қолган, ишларининг давомчилари бўлган фарзандлар қолди.

Юртимизда 9 май – Хотира ва қадрлаш кунини кенг нишонлашга ҳозирлик кўрилаётган шу дамларда туманимизнинг бир фидойи ўғлони Муҳаммадсолий Содиқовни эслаб қўйишни ўз бурчимиз деб билдик.

Ҳа, яхшилар номи ўчмайди. Йиллар оша хотираларда бир ибрат бўлиб яшайверади.

Ойгул PАЖАБОВА.

Янгиликни бўлишинг: