"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8208.04 +26.92
  • 1 EUR = 9490.14 +62.94
  • 1 RUB = 123.85 +0.27

ДУНЁ СИPА УPУШ КЎPМАСИН!

Иккинчи жаҳон уруши инсоният бошига не бир кулфатларни солмади. Оналар фарзандларидан, болалар оталаридан, аёллар умр йўлдошларидан жудо бўлди. Урушнинг даҳшати, айрилиқ, очлик халқимизнинг тинкасини қуритди.

Ёвуз душман катта-катта шаҳарларни вайронага айлантириб, аҳолисини ёшу-қарилигига қараб ўтирмасдан қириб ташлади.

– Ҳалига қадар у кунларни эсласам, вужудимга титроқ киради, – дея хотирлайди Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиси Йўлдош бобо Ортиқов. – Урушга кетган фарзандининг йўлига кўз тиккан ота-оналар, отасини, умр йўлдошини кутаётган болалар ва аёллар кўзидаги умид ва илинж, фақат даҳшатли хабарлар эшитиб, оғир меҳнат билан ўтган кунлар жанг майдонларидаги қирғинлар олдида ҳеч гап эмас эди. Буни қўлимга қурол олиб жангга кирган кунимоқ яққол ҳис қилдим.

1942 йилда Йўлдошни армия сафига чақиришганида энди 18 ёшни қаршилаган эди. Бу пайтда элнинг тинч ҳаётига раҳна солган душманга тобора нафрати ортиб бораётган қаҳрамонимиз хабарни эшитган заҳоти, урушга кетаётган йигитлар сафига қўшилди. Ҳарбий тайёргарликлардан сўнг, улар Москва остонасидаги жанг майдонларига жўнатилди.

Майдондаги даҳшатли жанглар, ҳар қадамдаги ҳалок бўлганларнинг аянчли аҳволи, ярадорларнинг инграшлари ёш Йўлдошни бироз эсанкиратгандек бўлди. Аммо душманга бўлган нафрати қатъияти ва кучини янада оширди.

У қўлидаги қуролни маҳкам тутганча сафдошларига қўшилиб жангга кирди. Улар билан бир тану бир жон бўлиб Ватан, халқ, оиласи ҳимояси учун кўксини қалқон қилди. Она заминни ёвуз фашист чангалидан асраш учун жонини ҳам аямасдан курашди. Қанча жонларни қурбонига айлантираётган дайди ўқлар Йўлдошни ҳам нишонга олди. У ўнг қўлидан яраланиб, оғир аҳволда ҳарбий госпиталга келтирилди.

Ниҳоятда кўп қон йўқотган йигит анча вақтда ўзига келди. Узоқ даволанишлардан кейин бироз аҳволи яхшиланган Йўлдошни қишлоғига қайтаришди.

1944 йилда қишлоғига қайтиб келган Йўлдош Ортиқов овулдошларининг ҳамон уруш жабрини тортаётганини кўриб, ногирон бўлса ҳам тинч ўтиролмади. Шундай оғир кунларда уйда ётишни ўзига эп кўрмай, ишлашга чиқди. Урушга кетмасдан олдин ҳам ишнинг ҳадисини олган Йўлдошни дарҳол пахтачилик бригадасига табелчиликка тайинлашди. Бу орада овулнинг чаққон қизларидан бири Pаҳимахон билан турмуш қурди. Эпчил қиз ҳам оилани, ҳам даладаги ишни бирдек уддалади.

– Урушдан кейинги тикланиш йилларида қимирлаган жон борки, бўш ўтирмасди. Болаларимнинг отаси чорвачилик фермасига чўпон бўлиб ўтганидан кейин у ерга ҳам бориб кўмаклашдим, сут соғувчиликни зиммамга олдим. Эрта тонгдан қоронғи тунгача тиним билмас эдик. У кунларнинг ортда қолгани рост бўлсин, – дейди маҳзунлик билан Pаҳима момо Ортиқова.

Йўлдош Ортиқов жанглардаги қаҳрамонликлари, ғалабага қўшган ҳиссаси учун қатор жанговар орден-медаллар билан тақдирланди. Pаҳима Ортиқова эса уруш йилларидаги фронт орқаси меҳнат майдонларидаги хизматлари ва гектарлаб ерлардаги пахталарни парваришлаб, режасини икки ҳисса ошириб бажаргани учун ҳукумат томонидан муносиб тақдирланди. Тинч кунларга шукрона айтиб яшаётган Йўлдош бобо Ортиқов ҳамда Pаҳима момо Ортиқовалар оиласи “Боғ” маҳалласидаги энг ибратли оилалардан. Бугун улар 5 нафар фарзанднинг, 30 га яқин невара ва чевараларнинг ҳамда элнинг ардоғида.

– Дунёда урушнинг номи ўчсин, – дея сўзлайди 96 ёшни қаршилаган Йўлдош бобо. – Бу кунларга етиш учун қанча қонлар тўкилиб, неча жонлар қурбон бўлди. Жуда катта машаққатлар, заҳматлар эвазига келган тинчликнинг қадрига етиш керак.

Тинчлик – Яратган ато этган олий неъмат. Ҳозирги дориломон кунлар аждодларимизнинг қон-у жони, мислсиз курашлари эвазига бунёд бўлган. Ватанимиз озодлигига ўз-ўзидан эришилмаган. Шундай экан, ҳар биримиз тинчлик учун курашган Йўлдош Ортиқов каби отахонларимизни, жонини фидо қилган жангчиларимиз хотирасини эъзозлаб, тинчликнинг қадрига етиб яшайлик!

Дунё энди сира уруш кўрмасин!

Озода ХУДОЙБЕPГАНОВА.

Янгиликни бўлишинг: