"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8535.74 +16.32
  • 1 EUR = 9566 -86.52
  • 1 RUB = 132.57 +0.67

Унумли меҳнат натижаси

Пахтакор деҳқонларимизнинг қайноқ меҳри ва ишчан, моҳир қўллари билан экиб ўстирилаётган пахталаримиз ҳар йилгидек бу йил ҳам ўзининг чексиз саҳоватини биздан дариғ тутмади. Пахтазорларимизда бирин-кетин "оқ олтин” хирмонлари кўкка бўй чўзди. Натижада туманимиз пахтакорлари 16050 гектар пахта майдонидан 33050 тонналик юксак "оқ олтин” хирмонини бунёд этиб, йиллик шартномавий режасини ортиғи билан адо этиб, дастлабки довондан ошди. Эндиликда бутун куч-ғайратимиз ва шижоатимизни 43 минг тонналик юксак маррани эгаллашга сафарбар этмоқдамиз.

Бугунги юксак "оқ олтин” хирмонимизни бунёд этишда туманимиздаги мавжуд 261 та пахтачилик фермер хўжаликларининг муносиб ҳиссалари бор, албатта. Шу жумладан, бизнинг "Йўлдошев Анвар” фермер хўжалиги пахтакорларининг ҳам улушлари борлигидан фахрланамиз. Фермер хўжалигимизда эрта баҳорда 82 гектар пахта майдонига барака уруғлари қадалиб гектарлардан тўлиқ ниҳол олинди ва агротехник қоидаларига мувофиқ парвариш қилинди, меъёрида озиқлантирилди ва суғорилди. Натижада биз кутганимиздек мўл пахта ҳосили етиштирилди. Пахтазорлардаги ҳосил чўғини чамалаб кўриб бу йил ҳам 40 центнерлик марра эгалланишига амин бўлдик.

Пахта йиғим-терим ишлари қизиб кетди. Ҳар куни пахтазорларимизда 160-165 нафар теримчилар ва ҳашарчилар унумли меҳнат қилишиб, ўн кун ичида йиллик маррадан ошдик ва давлат хазинасига 200 тоннадан зиёд "оқ олтин” дурдоналарини етказиб бердик. Мунаввар Сийдабуллаева, Гулбаҳор Сийтчанова, Моможон Отажанова, Шукрулло Йўлдошев, Анвар Хонов ва Соатбой Матқурбонов каби ижарачиларимизнинг ҳар бири мавсум бошидан буён 8-10 тоннадан пахта ҳосилини териб топширдилар.

Шунингдек, Ажиниёз номидаги НДПИ педагогика факультетининг 44 нафар талабалари ҳам зўр ғайрат кўрсатиб, 60 тоннадан зиёд "оқ олтин” дурдоналарини териб топширдилар. Умуман, бугунги кунда пахтазорларимиз қизғин меҳнат майдонига айланган.

Теримчиларнинг унумли меҳнат қилишлари учун барча қулай шарт-шароитларни яратиб берганмиз. Меҳнат ҳақлари ўз вақтида ҳисоб-китоб қилинмоқда. Илғор теримчилар моддий ва маънавий рағбатлантирилмоқда.

Пахтазорларимизда ҳосил ҳали мўл. 330 тонналик юксак маррани эгаллаб, пахта ҳосилдорлигини гектар бошига 40 центнердан оширишга эришамиз.

Анвар ЙЎЛДОШЕВ,

"Йўлдошев Анвар” фермер хўжалиги раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пахтакор.

Янгиликни бўлишинг: