"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8208.04 +26.92
  • 1 EUR = 9490.14 +62.94
  • 1 RUB = 123.85 +0.27

Коррупция - тараққиёт кушандаси

Инсониятнинг азалий муаммоларидан бири бу - коррупция.
Коррупция - мамлакатнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий соҳаларига таъсир этиб, иқтисодий соҳада мамлакатнинг назорат қилиш функциясининг сусайиши, рақобат механизмлари ишламаслиги, мулк ҳуқуқининг поймол қилинишига, товар ва хизматлар баҳоларининг ошишига олиб келиши, ижтимойи соҳада халқнинг социал табақаланишига, қонун устуворлиги принципининг обрусизланиши, сиёсий соҳада эса халқнинг ҳукуматга ишончи йўқолишига олиб келади.
Коррупция - сўзи лотин тилидан олинган бўлиб, "ўз томонига оғдириш", "сотқинлик" маъноларини англатади.
Мамлакатамизда ҳам коррупциянинг юқоридаги салбий оқибатларини ҳисобга олган ҳолда ушбу иллатга қарши курашиш, унинг профилактикаси бўйича миллий қонунчилик такомиллаштирилиб, бу борадаги халқаро мъёрларга мувофиқлаштирилиб борилмоқда.
Ўзбекистон Pеспубликасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарали амалга ошишига замин яратувчи ва коррупцияга қарши курашиш механизмларини ўзида акс эттирган Қонунчилик палатаси томонидан 2016 йил 24 ноябрда қабул қилинган Сенат томонидан 2016 йил 13 декабрда маъқулланган ва Президент томонидан 2017 йил 3 январь куни имзоланган Ўзбекистон Pеспубликасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида” Қонуни шулардан жумласидандир.
Мазкур қонун 34 моддадан иборат бўлиб, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Қонунда “коррупция”, “коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик” ва “манфаатлар тўқнашуви” миллий қонунчилигимиз учун янги бўлган тушунчалар киритилган.
Унга кўра коррупция — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш.
Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари сифатида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш масалалари ўз аксини топган.
Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсати давлат дастурлари ва бошқа дастурлар асосида амалга оширилиши мумкинлиги кўрсатилиб, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари, жумладан Ўзбекистон Pеспубликаси Бош прокуратураси, Ўзбекистон Pеспубликаси Миллий хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Pеспубликаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Pеспубликаси Адлия вазирлиги ва Ўзбекистон Pеспубликаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментлари белгиланган.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи
ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш учун Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси (бундан буён матнда Идоралараро комиссия деб юритилади) ташкил этилади. Идоралараро комиссияни шакллантириш
ва унинг фаолияти тартиби Ўзбекистон Pеспубликаси Президенти томонидан белгиланади.
Қонунга кўра, давлат бошқаруви соҳасида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар қуйидагилардан иборат бўлиб:
давлат органлари фаолиятининг очиқлигини ва уларнинг ҳисобдорлигини таъминлаш, давлат бошқаруви тизимининг самарадорлигини ошириш, давлат органларининг, улар мансабдор шахсларининг ва бошқа ходимларининг ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариши юзасидан масъулиятини кучайтириш;
коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат органларининг фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш;
давлат органларининг ва улар ходимларининг фаолиятида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик;
давлат органларининг мансабдор шахслари ва бошқа ходимлари томонидан ўз мансаб ёки хизмат мажбуриятларининг бажарилиши самарадорлиги мезонларини, стандартларини ва унинг сифатини баҳолаш тизимларини жорий этиш;
давлат органлари ходимларининг касбий ҳамда хизматдан ташқари фаолиятдаги одоб-ахлоқининг ягона принциплари ва қоидаларини белгиловчи одоб-ахлоқ қоидаларини самарали амалга ошириш;
давлат органлари ходимлари манфаатларининг тўқнашувини ҳал қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, уларга риоя этилиши юзасидан мониторинг ўтказилишини таъминлаш;
давлат органлари ходимларининг ҳуқуқий мақомини белгилаш, хизматни ўташнинг шаффоф тартибини ўрнатиш, шахсий ва касбий сифатлар, очиқлик, беғаразлик, адолатлилик ва холислик принциплари асосида танлов бўйича саралаш ҳамда хизматда кўтарилиш тизимини жорий этиш;
давлат органлари томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши, мурожаатларнинг тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилиши, улар томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликларини тиклаш ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ўз ваколатлари доирасида чоралар кўрилиши устидан назоратни таъминлаш;
давлат органлари фаолиятида коррупциянинг олдини олишга доир тадбирларнинг амалга оширилиши юзасидан ушбу органлар томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини баҳолаган ҳолда мунтазам равишда мониторинг ўтказиш;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ташкил этиш;
давлат органларининг мансабдор шахслари ва бошқа ходимларининг самарали ижтимоий ҳимоя қилинишини, моддий таъминот олишини ва рағбатлантирилишини таъминлаш ҳисобланади.
Давлат органларининг ва ўзга ташкилотларнинг мансабдор шахслари ҳамда бошқа ходимлари қонун ҳужжатларига риоя этиши, ўз мансаб ёки хизмат мажбуриятларини беғаразлик билан, холисона, виждонан, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этган ҳолда бажариши ҳамда коррупцияга оид бирор-бир ҳуқуқбузарликни содир этишдан ёки бундай ҳуқуқбузарликларни содир этиш учун шарт-шароитлар яратадиган бошқа ҳар қандай ҳаракатлардан ўзини тийиши шарт эканлиги кўрсатилган.
Қонуниннг 28-моддасида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахслар давлат ҳимоясида бўлиши белгиланган.
Шунингдек, бу борада Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг 2017 йил 2 февраль кунги ПҚ-2752-сонли қарори билан “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Pеспубликаси Қонуни қоидаларининг самарали ижросини таъминлаш, жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш мақсадида “2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастури” ва “коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси” тузилган.
Юқоридагиларга асос, шуни таъкидлаш жоиз корруциянинг келиб чиқишига йўл қўймаслик, қонунларни ўз вақтида ижро этилишини таъминлаш, коррупциянинг келтириб чиқарувчи ҳолатларнинг олдин олиш чораларини кўриш ҳар бир давлат органи лавозимли шахсларининг, фуқаро сифатида қолаверса ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Е.Ж.Утениязов, Фуқаролик ишлари бўйича Амударё тумани суди раиси

Янгиликни бўлишинг: