"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7790.2 +7790.00
  • 1 EUR = 8888.62 +8888.00
  • 1 RUB = 115.07 +115.00

Амударёда йил бошидан бери 49 та кичик бизнес субъектларига жами 3 млрд. 937 млн. сўм кредит маблағлари ажратилди

Ҳаммамизга маълум, ҳозирги даврда давлатнинг иқтисодиётини ривожлантириш ва барқарорлигини таъминлашда тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг ўрни алоҳида аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Pеспубликаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабрь кунги Олий Мажлисга қилган Мурожаатида ҳам тадбиркорлик субъектларига нисбатан ўтказилаётган ноқонуний текширишлар, хусусий бизнес фаолиятига асоссиз аралашишга қарши курашни кучайтириш кераклиги ҳамда шу мақсадда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш лозимлигини билдирди.

Шунингдек, 2018 йилга “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб ном берилганлиги муносабати билан барча тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини текширишни 2 йилга тўхтатилиб, Бош прокурор бошчилигида назорат қилувчи органлар раҳбарлари ҳар ойда намунали, фаол тадбиркорлар билан учрашувлар ташкил этиб, уларни қийнаётган муаммоларни эшитиш, қонуний фаолиятига тўсқинлик қилаётган камчиликларни аниқлаш
ва бартараф этиш чораларини кўриб бориши талаби қўйилди.

Ушбу мурожаатномадан келиб чиқиб, Амударё тумани прокуратураси ташаббуси билан туман ҳудудидаги тадбиркорлик субъектлари билан ҳар ойда тумандаги мутасадди идоралар раҳбарлари иштирокида учрашув ва тадбирлар ўтказилиб келинмоқда.

Ушбу учрашувларда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган фуқароларга фаолиятни йўлга қўйиш, ишларни ташкил қилиш ҳамда расмийлаштириш юзасидан тегишли идоралардан тушунтириш ва таклифлар билдирилди.

Шунингдек, фаолияти тўхтатилган ва ҳаракатсиз турган корхоналар раҳбарлари якка тартибда суҳбатлар ўтказилиб келинмоқда.

Туман ҳудудида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш мақсадида “Жаҳон тараққиёти ва тикланиш банки” кредити асосида 2018-2019 йилларга мўлжалланган 60 та лойиҳаларни қўшимча равишда амалга ошириш режалаштирилган ва уларга ажратиладиган имтиёзли кредитлар миқдори 13287 минг АҚШ долларини ташкил қилади.

Бугунги кунда ушбу кредитлар асосида туманда фаолият юритаётган “Хўжакўл” ҳамда “Амударё соҳили” фермер хўжаликлари томонидан чорвачиликни ривожлантириш мақсадида 2 млрд. 800 млн. сўмлик кредит маблағлари ҳисобига 132 та наслли қора моллар Польша Pеспубликасидан олиб келинди.

Шунингдек, “Ўрта қалъа чорвадори” агрофирмаси томонидан “Асаларичиликни ривожлантириш” мақсадида 1 млрд. 200 млн. сўмлик шундан 1 млрд. сўми банк кредити маблағлари ҳисобига асалари оилаларини олиб келиш ва ҳар бир ҳудуд ҳамда фермер хўжаликларида асаларчиликни ривожлантириш режалаштирилган.

Бундан ташқари, балиқчилик, замонавий музлаткичли омборхоналарни ташкил қилиш, мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлашни ташкил қилиш йўналишларида лойиҳалар Давлат дастурига киритилган.

Жорий йилда “Ўзсаноаткурилишбанк” Қорақалпоғистон филиали билан 4 та кам қувватда ишлаётган паррандачилик корхоналари бўйича манзилли дастур ишлаб чиқилган.

Туман ҳудудида бўш турган, кам қувватда ишлаётган корхоналар фаолиятини қайта тиклаш ва кенгайтириш ёки улар негизида янги ишлаб чиқаришларни ташкил этиш юзасидан “Мангит” масъулияти чекланган жамияти томонидан Умумий овқатланиш ва савдо дўкони ташкил қилишга “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, жорий йилда ишга тушурилиши режалаштирилган.

Жорий йилнинг апрель ойи ҳолатига тумандаги тижорат банклари томонидан 49 та кичик бизнес субъектларига жами 3 млрд. 937 млн. сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилган бўлиб, шундан тадбиркорлик  субъектларининг айланма маблағларини шакллантириш мақсадида 28 нафар тадбиркорларга 1 млрд. 750 млн. сўм, ишлаб чиқаришни ривожлантириш мақсадида 3 нафар тадбиркорларга 270 млн. сўм кредит маблағи ажратилган.

Шунингдек, тумандаги ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 15 нафар ҳунармандларга жами 503 млн. сўм кредит маблағлари ажратилган.

Тадбиркорлик субъектлари билан учрашувлар давом этмоқда.

И.И.PАЗАКОВ, Амударё тумани прокурорининг иш ўрганувчи катта ёрдамчиси

Янгиликни бўлишинг: