"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9490.77 +22.73
  • 1 EUR = 10455 -115.20
  • 1 RUB = 148.82 -1.13

МАКТАБДА “ОММАВИЙ КИТОБХОНЛИК ОЙЛИГИ” ДОИPАСИДА ТАДБИP ЎТКАЗИЛДИ

“Тараққиёт кўзгуси” газетаси таҳририяти ва “Жайхун илҳомлари” нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамкорлигида ташкиллаштирилган “Оммавий китобхонлик ойлиги” доираси туманимизнинг турли ҳудудларида “Кўчма кутубхона карвони”, “Кўчма китоб дўкони” каби лойиҳалар, “Фарзандимга китоб совға қиламан” акцияси, сўровномалар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда.

Китобхонликка эътибор – маънавиятга эътибор сифатида қаралаётгани, шунинг учун ҳам китобхонлик оммавийлигини, мутолаа маданиятини ривожлантиришга юксак эътибор берилаётгани бежиз эмас. Боиси китоблар шууримизни ёритувчи нур, беминнат ва холис дўст, ёлғизликда ҳамроҳ, келажак сари тўғри одимлашимизга кўмаклашувчи йўлчи юлдуздир.

Яқинда 32 сонли мактабда ойлик доирасида “Кўчма китоб карвони” ва “Кўчма китоб савдоси”, шунингдек, “Фарзандимга китоб совға қиламан” акцияси ўтказилишидан мақсад ҳам ўқувчилар орасида китоб мутолааси аҳамиятини тарғиб этиш, ота-оналарни фарзандларига китоб сотиб олиб беришга рағбатлантириш эди.

Тадбирга мактаб маъмуриятининг жуда яхши тайёргарлик кўрганлигини, тадбир ўтказилишидан ўқувчиларни, уларнинг ота-оналарини хабардор қилганликлари, фаол қатнашишга ундаганини алоҳида қайд этгимиз келади. Ўқувчиларнинг “Жайхун илҳомлари” ННТ қошидаги кутубхона “Кўчма китоб карвони”да намойиш этилган турли китоблардан 40 дан зиёд турли бадиий адабиётларни ўқиш учун танлаб олиб, 31 нафари кутубхонага аъзо бўлгани, кўчма дўконидан бадиий адабиётлар, қўшимча ўқиш учун ўқув қўлланмаларини, қуролларини харид қилганлиги фикримизни далиллайди.

Мактаб бадиий ҳаваскорлари ижросида куй-қўшиқлар, саҳна кўринишлари ижро этилганлиги, мактаб битирувчиси Мирзабек тамуродовнинг чизган расмлари кўргазмаси ташкил этилганлиги тадбирга байрам тусини берди.

- Ота-оналарнинг, ўқувчиларнинг улкан қизиқиш билан китоб танлаётганининг ўзи бизни жуда қувонтирди. Бу бизнинг ҳам китоб мутолааси тарғиботини янада кучайтиришимиз лозимлигини кўрсатмоқда.

“Тараққиёт кўзгуси” газетаси таҳририяти ва “Жайхун илҳомлари” ННТ ҳамкорликда ўтказаётган “Оммавий китобхонлик ойлиги” доирасида мактабимизда “Кўчма китоб карвони” ва “Кўчма китоб савдоси” ташкил этилгани бизга ҳам манфаатли бўлди, - дейди мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Худоёр Хўжамуродов.

Тадбирдан нафақат ўқувчилар, балки ота-оналар, ўқитувчилар ҳам улкан таассуротлар олгани бизнинг улкан ютуғимиздир.

О. PАЖАБОВА.

Янгиликни бўлишинг: