"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9490.77 +22.73
  • 1 EUR = 10455 -115.20
  • 1 RUB = 148.82 -1.13

Муҳаммад Юсуф хотираси мангу

Ватанни севишни – шоирдан ўрган

Ўзбек адабиёти шундай чаманзорки, унинг бўстонида гул кўп, чечак кўп. Бу бўстонда бир-бирига ўхшамайдиган, бир-бирини такрорламайдиган дилбар шоирлар авлоди қайта-қайта бўй чўзаверади.

Кўнгил мулкимизда назм гулшани бор. Шеърдан баҳра олмоқни истаган ҳар бир мухлис уни танийди. У оддий инсон. Ўзи каби оддий, самимий бўлган яхши инсонлар унинг дилини тушинади ва қадрлайди. Уни шеърият мухлислари билади, хонанда-созандалар танийди, бастакорлар ҳурмат қилади. Бу қалби пок инсоннинг самимий шеърлари оҳанрабо қўшиқларга айланиб, ҳар бир ўзбек хонадонига кириб борган лирик шоир Муҳаммад Юсуфдир.

Ўзи ўлса ўлар, сўзи ўлмайди,

Ҳамиша барҳаёт насл шоирлар.

Ҳақиқий шоирнинг қабри бўлмайди.

Юракка кўмилар асл шоирлар.

Муҳаммад Юсуфнинг ушбу башоратомуз сўзлари худди ўзи ва ўзига ўхшаган, яъни қалбларимизга кўмилган, манзил-макон топган шоирларга аталган эди.

Ҳақиқатан ҳам ҳақиқий шоирларнинг қабри бўлмайди, улар юракларимизга кўмилади. Юқоридаги шеърда айтилганидек, “юрагимиздан манзил-макон топган” шоирларимиздан бири эди Муҳаммад Юсуф.

Шеъриятимизда ҳеч ким Ватанни Муҳаммад Юсуфдек ёниб куйламаган, шоир ҳеч қачон чиройли, ёниқ жумлалар тузишга уринмайди. Ўз услубига содиқ қолиб, кундалик луғат бойлигидаги оддий сўзлардан ўзини ҳам, ўқувчиларни ҳам зориқтирмай ватан муҳаббати дея аталмиш туйғуни илоҳий юксакликдан кўнгилларга сингдира олади.

Муҳаммад Юсуфнинг “Улуғимсан Ватаним” шеъри асосида яратилган қўшиқни эшитмаган, уни хонандага жўр бўлиб бирга айтмаган юртдошимиз кам топилади. Бастакор шеър матнига мазмун-моҳиятига шунчалар мос, оҳангдош мусиқа топганки, гўё шоир олдиндан шу мусиқани хиргойи қилиб ашъор битгандай. Шеърдаги мазмун ва оҳанг ривожи мусиқада иккинчи умрини бошлайди, хонанда овози гоҳ кучайиб, гоҳ пасайиб ўзбекнинг тарихий кўтарилиш ва таназзул босқичларини ифода этади.

Халқнинг асл фарзандлари ҳамиша эсланади. Бу йил шоир таваллудининг 64 йиллиги юртимиз миқёсида кенг нишонланди. Жумладан 17-сонли ўрта мактабда ҳам катта тадбир ўтказилди. Ушбу тадбирда Муҳаммад Юсуф қаламига мансуб энг сара шеърлар ижро этилди ва қўшиқ қилиб куйланди. Муҳаммад Юсуф ўзи шеър ўқиган видеоролик намойиши ўқувчилар қалбида шоирнинг ҳақиқий қиёфасини гавдалантирди. Тадбирни бир-биридан жозибадор рақслар янада мароқли қилди.

Халқ шоири. Ушбу номга, мавқега сазовор бўлиш, ҳақиқий маънода эл дарди унинг ташвиш-у қувончларига шерик бўлиш, қалбдан ҳис этиш, севиш ва унинг учун қайғуриб яшаш ҳар кимга ҳам насиб этавермайдиган тақдир.

Албатта, бундай фидойиликнинг мукофоти ҳам бор. Зеро, халқ яшар экан, у тан олган шоирнинг чироғи ўчмайди.

Инобат Pажабова, 17-сонли мактабнинг

она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси.

Янгиликни бўлишинг: