"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8460.92 +1.84
  • 1 EUR = 9439 -62.05
  • 1 RUB = 131.06 +1.26

ШАPИАТ ВА ТАPИҚАТ

Диннинг амалий қисми бўлган шаҳодат калимасини айтиш, намоз ўқиш, закот бериш, рўза тутиш ва ҳаж қилиш каби ибодатларнинг "Ислом” деб аталишини, шунга амал қилиб ислом аҳкомларини юритиш шариат деб номланишини ҳаммамиз яхши биламиз.

Мустабид тузум туфайли динимиздан узоқлашишимиз жараёнида тасаввуф илмидан, яъни тариқатдан ҳам бутунлай узоқлашиб кетганимиз айни ҳақиқат.

Кўпчилигимиз бу ҳақда умуман оддий тасаввурга ҳам эга эмасмиз. Хозирда у ҳақда турли гап - сўзлар кўпайиб кетди. Уларнинг қай бири тўғри, қай бири нотўғри эканини ажратиб олишнинг ўзи қийин бўлиб қолди.

Тасаввуф таълимоти ватанпарварлик руҳи билан суғорилган йўлдир. Шунингдек, тасаввуф инсонлараро келишмовчилик ва тенгсизликка қарши туриб, одамларга аҳил ва бирдам бўлиб яшашни тавсия қилади, уруш ва қўзғолонни қоралайди, дунё миқёсида бир ажойиб универсализм, яъни барча инсониятни севиш ғоясини талқин этади. Тасаввуф таълимотида талқин этилган ҳуқуқий қарашлар, масалан, бошқаларнинг ҳуқуқини таниб, ҳурмат қилиш, инсонларга тажовуз қилмаслик, уларнинг яшаш ҳуқуқини сақлаш, ҳатто ҳайвонларга ҳам озор ва азият бермаслик каби олий ғоялар, инсонларни тарбиялаш учун маънавий-аҳлоқий, диний-тасаввуфий ва адабий-эстетик таъсир қилишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Тариқатнинг илк босқичи шариатдир. Ҳақиқат эса кейинги юксак мақомдир. Демак, тариқат шариатдан ҳақиқатга борадиган йўл. Хўжа Аҳмад Яссавий "Шариат  - зоҳирида аъзолар билан амал қилиш, тариқат - қалб билан амал қилиш, ҳақиқат эса сир (қалбдаги жавҳар, кўнгил) билан амал қилишдир” - деганлар.

Шариат билан тариқат орасидаги алоқа иккиси бир-бирини тўлдиради. Улар орасида ихтилоф бўлиши мутлақо мумкин эмас. Агар баъзи бир тушунмовчиликлар чиқса, икки тарафнинг ўзи ҳам танқид қиладиган, Қуръон ва суннатдан ташқаридан олинган нарсалар ҳақида бўлиши мумкин.

Минг афсуслар бўлсинким, замон ўтиши билан тасаввуфнинг сурати бузилиб, Ислом таълимотидан, шариат аҳкомларидан узоқлашаверди.

Бу ачинарли ҳолатнинг асосий сабаби таълим-тарбиянинг заифлашиб, исломий саводсизликнинг оммалашганида эди. Оқибатда баъзи танбаллар тасаввуфни даромад манбаига айлантириб олдилар. Илм, тақво, амалнинг ўрнини сохта кароматлар эгаллади. Шайхлар руҳий тарбия устозлари эмас, ҳожатларни чиқариш ва радди бало билан машғул бўладиган азайимхонларга айландилар. Афсуски, шайхликни даъво қилувчи кўпгина кимсалар ва муридликни даъво қилувчиларнинг аксарияти шаръий илмлардан бехабар ёки оз хабардор бўлганлари учун тасаввуфга ҳам доғ туширганлар иснод келтирганлар ва ҳамон бу ҳолат юз бериб турибди.

Афсуски, шариатнинг асл қоидаларига эргашмайдиган, уни ўзларича тушунишга ҳаракат қиладиган ҳамда шариатни тариқат ва тасаввуфдан алоҳида тушунадиганлар ўзларининг жоҳилона ҳатти-ҳаракатлари билан кўплаб низо ва ихтилофларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқдалар.

Ўзларини гуёки салафлар даврида яшаётгандек ҳис қилиб, турмуш тарзи, қийиниш, еб-ичиш, атрофдагиларга ўз таъсирини ўтказиш каби кўринишларда қайсидир маънода раҳнамо бўлишга ҳаракат қилаётирлар. Баъзи муридлар (сўфийлар) пирларига ҳаддан ташқари баҳо бериб, уларнинг гапларини шариатнинг ҳукмидан ҳам устун қўйишгача бориб етганлар. Баъзи жохиллар тасаввуфни шариатдан устун қўйиб, тариқатсиз шариат бўлиши мумкин эмас, шариатсиз тариқат бўлиши мумкин, мана бизлар шариатсиз тариқатга кирдик (астағфируллоҳ) дейишликлари, ўзи қўл берган пирига кўр-кўрона эргашиш, ҳатто унга сиғиниш даражасида (астағфируллоҳ) эътиқод қилишлари, баъзилари гулдек оиласини ташлаб, "Эшон бува”нинг иштирокларидаги йиғинларида қорнини қампайтириб, назарга тушиш умидида юришгани, яна бир хиллари, талаби илмни тарк қилиб, бошқалардан фарқли кийим кийиб, "Тариқат ҳақиқатдир, биз ҳақиқатдамиз, сиз нимадасиз? Абу, Ҳанифа ҳам шайхга қўл берган, охирги икки йили бўлмаганда Нумон ҳалок бўлар эди” деган гап-сўзларни қилиб, ўзларини бошқалардан устун ҳис қилишади.

Энг ачинарлиси ана шундай тасаввуф ва тариқатдан йироқ кимсалар ўзларини бу соҳанинг даҳолари қилиб кўрсатишлари, оммага шу мақомда туриб мурожаат ва муносабатда бўлишлари, шу йўл билан қайсидир маънода каттагина таъсир кучига эга бўлиб олишга ҳаракат қилаётганликлари маълум бўлмоқда.

Бу ва бунга ўҳшаган илмсизлик асосидаги гап-сўзлар ҳақиқий тасаввуф йўлига, Аллоҳ таолонинг розилигини тилаган солиҳлар йўлига мутлақо зиддир.

Хўжа Аҳмад Яссавий фикрига кўра, шариатсиз тариқат ва тариқатсиз ҳақиқат йўқ. Тариқатга қадам қўйган одам шариатга суянмаса, шайтон келиб иймонига чанг солади.

Хўжа Аҳмад Яссавий дедилар: "Охир замонда биздан кейин шундай машойихлар пайдо бўлгай, Иблис алайҳилаъна улардан сабоқ олгай. Улар Иблиснинг ишини қиладилар, халққа дўст бўлиб, халқ истагини бажарадилар, муридларини бошқарадилар, лекин улар мақсадга эришолмайдилар. Зоҳир кўринишларини ораста қилиб, муридлардан кўп таъмалар қилиб, ботинларини хароб қилгайлар. Куфр билан имонни фарқлай олмаслар, олимларни хуш кўрмай, уларга илтифот қилмаслар. Аҳли сунна вал жамоатни душман кўриб, аҳли бидъат ва залолатни севадилар. Ёмонликни пеша қилиб, Аллоҳ таолодан яхшилик умид қилгай ва шайхликни даъво қилурлар. Аммо шайхлик ишини хор қилиб, муридларининг эшигида юргайлар. Бундай киши муридга пирлик қилмаслиги, шайхлик қилиб, муриддан муомала олмаслиги керак. Агар мурид назр бермаса, зўрлик билан тортиб олгай. Агар у назрни олиб, шунга лойиқ кишига ёки йўқсилга бермай, ўзига ва оила аҳлига сарфласа, ит ўлимтигини истеъмол қилгандек бўлур. Агар олиб еса ва ундан кийим кийса, у кийим эгнида экан, ўқиган намози, тутган рўзаси Аллоҳ таоло даргоҳида қабул бўлмас ва еган ҳар луқмаси учун уч минг йил дўзахда азоблангай”.

Яна Хожа Аҳмад Яссавий (р.а.) айтадилар: "Вой ўша кишиларгаки, бундай (соҳта) шайхларга қўл бериб ибодат қилурлар ва ўзларини азобга гирифтор этурлар”.

Ислом дини ақидаси бўйича, биз мусулмонлар шариатга ҳам, тариқатга ҳам баробар-ижобий фикр билан қараймиз. Тасаввуф тариқатлари ислом шариати аҳкомларини тўла эътироф этган ҳолда мўъмин-мусулмонларнинг аҳлоқий фазилатларини такомиллаштиришга хизмат қилади деб биламиз. Биз айтамизки: "тасаввуф шариатдан ташқаридаги, ундан юқорироқ турувчи алоҳида бир йўл эмас. Тасаввуф шаръий аҳкомларни севиб, ички (ботиний) ҳузур билан адо этмоқликдир”.

Аслида Аллоҳ таолонинг севгисига эришишни истаган банда учун энг тўғри йўл У зотнинг барча жонзотларини ва энг аввало Pоббимизнинг севимли ҳабиби бўлмиш Муҳаммад Мустафо (с.а.в) ни севишдир.

Мўьмин-мусулмонлар учун эрта-ю кеч бир лаҳза ҳам Аллоҳ таолонинг зикридан ғофил колмаган холда, у зотнинг амрларига бўйсуниб, қайтарганларидан қайтиб, ҳалол-пок ризқ талабида меҳнат қилиб, жамиятнинг ишончли, солиҳ бир вакили, вафодор эр, меҳрибон ота, содиқ дўст, силайи раҳм қилувчи қариндош, масжидга шошилиб бориб, секин қайтувчи намозхон, ўзига раво кўрган яхшиликларни ўзга мусулмонларга ҳам раво кўрувчи қалби сахий инсон ва энг муҳими, хар бир яхши амалида Pасулуллоҳ (с.а.в)га иқтидо қилувчи содиқ муқтадий бўлишдан кўра тўғрироқ йўлни биз билмаймиз.

Зеро, бу айтилганларнинг барчаси севимли Pоббимиз биздан талаб қилган, у зотнинг элчиси, Ҳабибўллоҳ Муҳаммад мустафо(с.а.в) бизга Аллоҳ таолонинг амри ила етказган вожиботлардир. Тўғри, эътиқоддаги ҳеч бир мутасаввуф, тўғри тариқатдаги ҳеч бир пир-у мурид бу вожиботларнинг бирортасини инкор қилмайди. Буларни инкор қилганларнинг эътиқоди ҳам, тариқати ҳам шубҳалидир.

 

А. Матсафоев,

"Юсуф Эшон бобо” жомъе масжиди имом-хатиби

Янгиликни бўлишинг: