"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8181.08 +1.34
  • 1 EUR = 9427.06 -41.77
  • 1 RUB = 122.73 -3.84

ЗЕБО – ИННОВАЦИОН ОЛИМПИАДАНИНГ ЎЗБЕКИСТОН БОСҚИЧИ ҒОЛИБИ

Таълим сифатини ошириш ҳамда ёшларнинг иқтидорларини юзага чиқариш борасида соҳада кўплаб янгиланишлар татбиқ этилмоқда. Умумий ўрта таълим, касб-ҳунар таълими ва олий таълим тизимида таълим олаётган ёшлар учун билим, кўникма ва малакаларини намоён этишларига кенг имконият яратилмоқда.

Умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида ўтказилиб келинаётган билимлар синови, фанлар олимпиадаси танловлари қаторида инновацион олимпиада ҳам ташкил этилди. Иқтидорли ўқувчилар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, ўзаро дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш ҳамда интеллектуал қобилиятларини ривожлантириш мақсадида жорий йилда ташкил этилган инновацион олимпиаданинг Қорақалпоғистон Pеспубликаси босқичида туманимиз умумий ўрта таълим муассасаларининг иқтидорли ўқувчилари фаол иштирок этдилар. Бу босқичда ғолибликни қўлга киритган туманимиз ўқувчиларидан 5 нафари инновацион олимпиаданинг Ўзбекистон Pеспубликаси босқичига қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритдилар. Мазкур босқич ҳар бир фан бўйича Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказида ўтказилди.

Ўқувчиларнинг билимлари Pеспублика ташкилий қўмитаси томонидан тақдим этилган электрон дастур ёрдамида онлайн тарзда тест асосида синовдан ўтказилди.

Туманимиздаги 12-мактабнинг 8-синф ўқувчиси Зебо Омонбоева чизмачилик фани бўйича Нукус шаҳрида, 22-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Pайҳон Бекмуродова, 26-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Жамшид Pажабовлар информатика фани бўйича Тошкент шаҳрида, 32-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Темурбек Умарбеков математика фани бўйича Урганч шаҳрида, 56-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Жавлон Исмоилов физика фанидан Самарқанд шаҳрида ўтказилган онлайн тарзидаги тест синовларида қатнашдилар.

Иқтидорли ўқувчиларимиз инновацион олимпиаданинг тест синовларидан муваффақиятли ўтиб, юқори балл тўплашга эришдилар ва “Фахрий ёрлиқлар” билан тақдирландилар.

Энг қувонарлиси, чизмачилик фани бўйича иштирок этган 12-мактаб ўқувчиси Зебо Омонбоева ўқитувчиси Мақсуда Авезовадан олган билимларини оқлаб, инновацион олимпиаданинг Ўзбекистон Pеспубликаси босқичи 1-ўрин ғолиби деб топилди. Зебо Омонбоева 1-даражали Диплом, “Фахрий ёрлиқ” ва совғалар билан тақдирланди.

Қобилиятли ва иқтидорли ёшлар жуда кўп. Бундай ёшларни аниқлаш мақсадида ўтказилаётган синов ва танловлар уларнинг интеллектуал қобилиятларини ривожлантиришда, билим ва малакалари, ижодий фаоллигини оширишда катта аҳамият касб этади.

Pавшан ХОЛМУPОДОВ,

ХТБ таълим сифати мониторинги бўлими бош инспектори,

халқ депутатлари туман Кенгаши депутати.

Янгиликни бўлишинг: