"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8314.85 +14.80
  • 1 EUR = 9408.25 -3.29
  • 1 RUB = 123.85 -2.39

ЯХШИНИНГ УМPИ, ЯХШИЛИКНИНГ ЙЎЛИ УЗУН

Саъдулла бобо – Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиси. Ёши 90 дан ўтса-да, бекор ўтиргиси келмайди.

Бугун у кўча юзидаги олча, гилос дарахтларининг ортиқча бутоқларини бутаб, шакл бераётса, ўғли Омонулла тенги беш-ўн чоғли кишилар Норбой жўрасининг уйи томон кетишаётганига кўзи тушиб, ишини тўхтатди.

– Норбой жўрам омонмикан? – хаёлига келган ўйдан юраги алланечук бўлиб кетди. Беихтиёр ўша томонга юрди. Бобо то етиб боргунча, дарвоза олдидаги кишилар ичкарига кириб кетишди. Икки кундан бери кўришмаган жўрасини аслида бугун кўрмоқни ният қилган Саъдулла бобо кўнглидан ўтган нохуш ўй таъсирида остонадан ҳатларкан, ичкаридан қаттиқ кулгу эшитилди.

– Хайрият, – деди бобо овоз чиқариб, – омонлик-омонлик, мен бўлсам...

– Келинг, бобо, ассалому алайкум! – Норбой жўрасининг невара келини бобони ичкарига таклиф қилди.

– Ваалайкум ассалом, қизим, уйдагилар тинч-омонми? – сўрашди бобо.

Шу дам ичкаридан чиқиб келган Норбой бобонинг кенжа ўғли Бозорбой Саъдулла бобога пешвоз юрди:

– Оббо отагинам-ей, келинг-келинг, сиз ҳам эшитдингизми? Яхшиликнинг қаноти бор-да, отагинам, келинг! – қувончи юзига тепиб турган Бозорбой қўшиб қўйди, – тўй бошладик, отагинам, тўй! Жўраларим “ўнг бўлсин”га киришган эди.

Саъдулла бобо чин дилдан қувониб кетди. Долондаги супанинг бир четига ўтириб, Бозорбой бошлаган эзгу ишнинг ўнгидан келишини, Норбой жўрасининг неваралари Ҳасанбой билан Ҳусанбойнинг бахтли оила қуришларини тилаб, узундан-узоқ дуо қилди.

Катта долоннинг иккинчи қисмида Норбой жўраси эгизак неваралари билан яшарди. Жўрасини кўргиси, қутлагиси келиб, ўрнидан турди. Бобонинг муддаосини билган Бозорбой аста томоқ қириб қўйди-да:

– Отам уйда йўқ эдилар, – деди астагина.

– Нега йўқ бўлади, сен тўй бошлайсан-у, отанг уйда бўлмайдими?

– Бир-икки кун қизлариникида бўлсин, деб... У ёғи қаричилик, тўйнинг келди-кетдиси бор, дегандай.

Саъдулла бобо Бозорбойни энди кўраётгандай, юзига тикилиб қаради.

– Шу гапларни сен айтаётирсанми? Отангни тўй боши қилиб тўрга ўтқазиб қўймайсанми? Бугуноқ олиб кел! – деди қатъий.

Бозорбой Саъдулла бобонинг гапларига эътибор бермай, отаси яшайдиган хона томон йўналди. Хона эшигини ланг очиб юборди.

– Қаранг, отамнинг хоналарини келин-куёвлар учун мослаштираётирмиз. Тўй ўтсин, отамга ичкариданми, бир хона созлаб берамиз.

Саъдулла бобо ичидан зил кетди. Ўтган йилда Президент қарори билан Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиларининг барчасининг яшаш хоналари таъмирланиб, уларга замонавий ҳаммом ҳам қуриб берилганди. Норбой жўрасининг яшаш хонаси долоннинг уч хонали қисмида бўлиб, барча шароитлари яхши эди.

– Давлат отангга шунча ғамхўрликни қилиб турганида сен ундан буни тортиб олдингми? – жаҳли чиқди бобонинг.

– Тортиб олмадим, отагинам, отамнинг ўзи менга бир хона бўлади, деган... Ҳа, энди... бу ёғи...

– Нима, бу ёғи? – Саъдулла бобо тутақиб кетди. – Айт, буёғини! Ҳали отангни кўмиб ҳам келарсан!

– Қўйинг, қувончли кунимда кўнглимни синдирманг. Отамнинг жўрасисиз, ҳурматингизни билинг-да, менга ўргатманг. Ўзи у ёқдан “повестка” келиб турибди-ю, сира маҳаллада бийликни бергингиз келмайди!

Саъдулла бобо қалқиб кетди. Бозорбой тўнғиллаганча “ўнг бўлсин”га келган жўраларининг олдига йўналди. Салдан сўнг унинг қаҳ-қаҳ уриб кулгани эшитилди. Бобо аста кўчага чиқди. Қулоқлари остида Бозорбойнинг гаплари тинмай жарангларди:

– Ўзи у ёқдан “повестка” келиб турибди-ю маҳаллада бийликни бергингиз келмайди...

Бир ҳафтадан сўнг Бозорбойникида фотиҳа тўй бўлди. Саъдулла бобони қўни-қўшнилар қанчалик чорлашса-да фотиҳа тўйга чиқмади. Ўғли Омонулладан Норбой жўрасининг ҳамон қизлариникида яшаётганини эшитиб, Бозорбойдан қаттиқ ранжиди. “Одам оласи ичида”, деганлари рост экан-да. Эл-юртдан уялдими ё фарзандлик меҳри ийдими, тўй куни Норбой бобони олиб келишди. Дарвоза олдидаги супага жой қилиб беришди. Саъдулла бобо жўрасининг олдига чиқди, муборакбод этди. Жўраси негадир ғамгин кўринди кўзига.

– Тан-жонинг соғми, жўра? – ҳеч нарсадан хабари йўқдай сўради Саъдулла бобо.

– Таним ҳам, жоним ҳам соғ, жўра, кўнглим ғаш, кўнглим хаста.

– Замон ёшларники, жўра, ёшлар омон бўлишсин.

Норбой бобо индамади. Шу дам долон томондан Бозорбойнинг кибр билан айтаётган гаплари эшитилди:

– Бобой энди у дунёнинг одами, ётиб-туришига бир кўрпачалик жой етади. Тайёр ҳаммомли уй, болаларга ясатиб бердик! – У афтидан янги таъмирдан чиққан Норбой бобога тегишли хоналарни меҳмонларга кўрсатарди.

Норбой бобо баттар мунғайди, бошини сарак-сарак қилиб, қалтироқ қўллари билан соқолини силади.

– Жўра, юр, сенинг уйингда, боғингдаги супада ўтирамиз. Келин келгани ҳам, тўйнинг бориши ҳам кўриниб туради.

Қариялар етаклашиб тўйхонадан чиқиб кетишди. Уларнинг Саъдулла бобонинг боғидаги супада ўтирганларини кўрган маҳалладошлари бирма-бир олдиларига чиқишди. То тўй тарқагунга қадар Саъдулла бобонинг боғидан одам аримади.

Бозорбой эса “отам нега у ёқда ўтирибди?”, деб ўйлаб ҳам кўрмади, ё отасини излашга вақти бўлмади. Шу куни болаликдан қадрдон икки қария – Саъдулла бобо билан Норбой бобо бирга тонг оттиришди.

Тонгда бутун қишлоқ нохуш хабардан бир қалқиб тушди. Бозорбой тўй кечаси уйқусида жон берибди. “Ё алҳазар!”- деди одамлар бу ҳолатдан. “Ўлим янглишибди!” – деди қай бир гумроҳ банда. “Отамнинг “повесткаси”, деявериб отасига тили теккан”, – дейишди Бозорбойнинг отаси ҳақидаги гапларидан хабардор ошналари. Нима бўлганда ҳам тўйнинг эртаси куни Норбой бобоникида аза очилди. Қўшалоқ келинга “иш буюрар” ўрнига катта айвонни тўлдирган қариндошлар фарёд чекдилар.

Норбой бобо кенжа ўғлини ерга қўйгач, ўзи қуриб, ўзи тузган мулкини тарк этди. Ўртанча ўғли отасини кўчириб олиб кетди. Бирон кимсага Бозорбойнинг ишларидан чурқ этиб оғиз очмади. Гарчи ноқобил ўғилнинг отасига қилган оқибатсизлиги ҳақида маҳалла аҳли билишса-да, бу ҳақда ҳеч ким оғиз очмади. Чунки Норбой бобо билан Саъдулла бобо маҳалла аҳлининг отасидай азиз ва қадрдон маслаҳатгўйлари, маҳалланинг фаришталари эдилар. Яхшининг умри, яхшиликнинг йўли узун, деганлари рост. Маҳалланинг пиру бадавлат боболари ҳамон бардам ва тетик.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: