"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9061 +179.00
  • 1 EUR = 10092.1 +163.70
  • 1 RUB = 138.47 +1.62

Оналикдек буюк бахтдан юз ўгирган аёллар

Она меҳрининг қудрати

Қиш кунларида ўзимизнинг миллий телеканалларимиздан бирида узоқ Қутбда яшайдиган оқ айиқлар ҳақида кўрсатув берилди. Абадий музликларнинг эриб, йил сайин қисқара бораётгани муносабати билан оқ айиқлар ҳаётида кузатилаётган қийинчиликлар, уларнинг сони тобора камайиб бораётгани ҳақида огоҳликка чорловчи кўрсатувда менинг диққатимни бир нарса тортди: одатда она оқ айиқлар жуда болажон бўлишаркан. Улар боласини икки ёшгача авайлаб-асрамаса, нобуд бўлиб кетаркан. Кўрсатувда баҳайбат она айиқнинг ўзи ва боласи учун емиш топиши йўлида қилган ҳаракатларини кўришнинг ўзи одамни мулоҳазага чорлайди. Мана, улар балиқ тутиб еб, сал бўлса-да, нафсини қондириб, энди она-бола тин олмоқчи эди, она айиқ қандайдир хавфни сезиб, безовталана бошлади.

Шунда улар очликдан атрофни ларзага келтириб бўкириб келаётган эркак айиқ овозини эшитди. Она айиқ дарров муз қоялар оралаб (юриш оғир бўлса-да) боласини қочишга ундади. Бола айиқ эса бўйсунмай, қор билан қопланган адирга томон юргиси келади. Бироқ она айиқ боласини бу йўлдан қайтариб, музли қоялар сари бошлади. У ер ўзлари учун хавфсизроқ эди.

Бахтга қарши, эркак айиқ уларни пайқаб қолиб, изига тушди. Нияти бола айиқни еб (эркак айиқлар очликдан емиш тополмаса, шундай қилишар экан), қорнини тўйғазиш эди. Она-бола айиқларнинг эркак айиқдан минг машаққатлар билан қочишга уриниши тасвирланган лаҳзаларни шундай ҳаяжон, хавотир билан томоша қилдимки, бутун вужудим ларзага келди. Ниҳоят, эркак айиқ она-боланинг орқасидан қувиб етди. Шунда она айиқ икки оёғида тикка туриб шундай бўкирдики, одамнинг юрак-юрагини эзиб юборгудай бу нолага афсус, нафс қийнаётган эркак айиқ парво қилмай, бола айиққа ташланди. Шунда ҳайвон бўлса-да, кўзларида бемисл меҳр балқиб турган шўрлик она айиқ ўзидан анча йирик, баҳайбат эркак айиқ билан очиқ жангга киришди. Ўз овозида боласини қочишга ундаб, ўзи эркак айиқ билан анчагина олишди. Шу пайт эркак айиқ атрофда қандайдир емиш ҳидини сезиб қолиб, олишувни тўхтатиб, атрофни ҳидлаб айлана бошлади. Ярадор она айиқ бундан фойдаланиб, боласининг изидан йўлга тушди. Кўрсатувни охиригача юрагимни ҳовучлаб, илоҳим, бола айиқ нобуд бўлмасайди, деган хавотир билан томоша қилдим. Хайрият, охири хайрли якун топди. Шунда мен ҳатто, ҳайвонларда ҳам она меҳрининг қанчалар қудратга эга эканлигига яна бир бор амин бўлдим...

Ҳа, она меҳрининг қудратига қиёс йўқ. У тоғларни талқон қилгудай, дарё сувларини жиловлагудай чексиз кучга эга.

Тўлқин овулида 6 нафар ёшгина норасидалари билан бева қолган бир аёлни биламан. Эри вафот этганида эшитган борки, уни аяди. Олти болани едириб, ичириб вояга етказишнинг ўзи бўладими? Ахир рўзғор юки қўш ҳўкизни ҳам ҳолдан тойдириб қўядиган лаҳзалари бўлиши ҳаммага аён. Бироқ ўша аёл бунинг уддасидан чиқди, ёмон йўлга юрмади, ҳукумат идораларига дийдиё қилиб бормади, деҳқончилик қилди, мол боқди, кечалари бири-биридан бежирим кийимлар тўқиди, қуроқ қуради.

Ҳозир ўша фарзандларининг ҳаммаси вояга етиб, оилали бўлиб кетишди. Энг муҳими, меҳнатга эш бўлиб улғайишгани боис, барчаси ҳалол, меҳнатсевар.

Шулар ҳақида ўйлаб ўтириб, ижтимоий тармоқларда бир неча ой бурун – мамлакатимизнинг ифтихорига айланган, 43 ёшида ҳам ёш қизлардай енгил атлетика бўйича жаҳон миқёсида ўтказилаётган турли мусобақалар совриндори, ғолиби бўлиб келаётган, дунёдаги энг кекса атлетикачилардан бири деб тан олинган Оксана Чусовитина ҳақида ўқиганларим эсимга тушди.

Бир қарашда ҳаммамиз ҳавас қиладиганимиз бу спортчи аёлнинг спортда ютуқларга эришишига сабаб бўлган омил ҳам айнан оналик меҳри экан. Мақолада ёзилишича, унинг бир нафар фарзанди оқ қон касаллигига чалиниб, узоқ йиллар даволанишга муҳтож бўлган, спортчи онага моддий кўмак учун ҳатто, хайрия ҳам уюштирилган экан. Бироқ сурункали даволатиш учун кўп маблағ зарур бўлгач, Оксана Чусовитина ўз қайғуларини ҳеч кимга дастурхон қилиб ўтирмай, дунё миқёсидаги мусобақаларда ғолиб бўлиб, кўп маблағ топишга эришган ва топганлари эвазига фарзанди ҳаётини сақлаб қолган экан.

Олти нафар фарзандни ёлғиз боши билан едириб, ичириб вояга етказган, ҳаётда уларга ҳалол яшашни ўргата олган аёл қудрати олдида дарёни тўсиш ҳам ҳеч гап эмас, назаримда.

Фарзандини сотган оналар

Улар ҳақида ҳам ёзсам, ўқиб кўриб, “тавба”, дерсиз, “қўйсангчи, бўлмаган гап” дерсиз, эҳтимол? Эҳтимол, айримлар менга ўхшаб улар ҳақида ижтимоий тармоқларда ўқиб, инсон зотининг, аёлнинг шу қадар тубанликка боришидан кўнгли оғриб, баъзан кечалари уйқуси қочиб ҳам юргандир? Хаёлан менга ўхшаб, эй она, сен болангни эмас, имонингни сотаяпсан! Бунинг икки дунёда ҳам сўрови борлигини наҳот унутсанг, деб хитоб қилаётгандир. Ахир бола Аллоҳнинг инояти-ку, бунга сазовор бўлолмай, дунёда фарзанд доғида куйиб кул бўлаётган аёллар ҳам бисёр эканлигини кўрмаяпсанми, кўзларинг кўрми, дейишни, инсофга чақиришни истовчилар ҳам кўпдир? Бунга аминман. Чунки биз болажон халқмиз. Боримизни боламизга илинадиган, ҳатто оёғига тикан кирса, вужуд-вужудимиз сирқираб оғрийдиган халқмиз.

Таассуфки, ана шундай томири тоза манбалардан озиқланиб келаётган некбин, покиза халқнинг айрим аёллари ўз боласини сотишдек қабиҳ ишларга қўл ураяпти.

Ижтимоий тармоқларда ёзилишича, ўтган йилнинг ўзида боласини сотишга уринган ўндан зиёд аёллар аниқланиб, жазога тортилган. Афсуски, бундан тегишли хулоса чиқармаган Фарғона вилоятида яшовчи бир аёл шу йилнинг 18 январида 3 ойлик чақалоғини 13 минг АҚШ долларига сотаётган вақтида, Шаҳрисабзда бир шифокор туғиб ташлаб кетилган қиз чақалоқни 1 минг 200 долларга пуллаётганида, Тошкент шаҳрида эса вилоятдан келган бир аёл ёшига тўлмаган боласини бир хонали квартирага алмашаётган вақтида ҳушёр юртдошларимиз ҳаракати туфайли ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қўлга олинган.

Қашқадарёда икки нафар аёл бир ҳафталик чақалоқни 3 млн. сўмга, Термиз туманида яшовчи 23 ёшли аёл ўз отаси ва онаси билан жиноий тил бириктириб, боласини 20 млн. сўмга, Pиштон туманида P.С исмли аёл 20 кунлик чақалоғини 10 минг АҚШ долларига, Булоқбоши туманида яшовчи М.И исмли аёл 23 кунлик норасидасини 4 минг 500 АҚШ доллари ва 4 млн. сўмга, Қизириқ туманида яшовчи М.Қ. 18 кунлик қиз чақалоғини 500 минг сўмга сотаётганда қўлга олинган.

Шу жумлаларни ёзаётиб, кўнглимга яна бир оғриқли савол келди: булар-ку қўлга тушибди, жиноий жавобгарликка тортилиб, жазосини олибди (аслида ўз боласини сотган онага ҳар қандай жазо ҳам кам), яна қанча қўлга тушмаган, боласини пуллаб юрганлар бордир? Ҳаҳ-ҳ, хом сут эмган банда-я! Бу мудҳиш хатоларингнинг у дунёда ҳам, бу дунёда ҳам жавоби муқаррар эканлигини англаганингда, ўзингни қандай оқлар экансан? Норасидангнинг уволи тутиб, кўзинг эшикда бўлиб қолган вақтларингда ким ҳолингни сўрар экан? Дунёда фарзанддек бебаҳо неъматнинг қадр-қимматини қачон англар экансан? Никоҳсиз бола туғиш ҳам гуноҳ (аксарият сотилаётган болалар никоҳсиз туғилган), уни сотишнинг гуноҳи ундан-да оғир эканлигини наҳотки билмасанг?!

Она ... ўз жигаргўшасининг қотили!

Буни олдинроқ ўқиган эдим. Австралиялик Мари Крабтри деган аёл болаларининг ҳаётини катта маблағ эвазига суғурта қилдириб, 18 ёшли ўғлига оғриқ қолдирувчи дорини юқори дозада ичириб, ўлимига сабабчи бўлган. У ўғлининг суғурта пулини олиб, 16 ёшли қизига ҳам юқори дозада дори бериб, ўлишини ҳам кутиб ўтирмай, оиласининг қолган аъзолари билан денгиз саёҳатига жўнаб кетган. Қизалоқни бирор ҳафталардан сўнг дугоналари излаб келишганида, ўлик ҳолда кўришган. Инсоний қиёфасини йўқотган аёл учинчи фарзанди ҳаётига ҳам тажовуз қилмоқчи бўлган вақтида қизалоқ одамларни ёрдамга чақирган.

Тўғриси, бу хабарни ўқиган вақ-тимда ҳушимни йўқотаёздим. Ахир она, ўз вужудида тўққиз ой кўтариб, не бир азобда дунёга келтирган, минг машаққатлар билан вояга етказган ўз жигаргўшасини ўлдира олишига одамнинг ақли бовар қилмайди-да!

Тўғри, инсоният тарихида жанг-у жадаллар, талотўплар, уруш-қирғинбаротлар кўп бўлган. Бу жараёнларда қурбонлар ҳам берилган. Бироқ, тинч-осудалик шароитида онанинг ўз боласини, яна пул учун ўлдириши назаримда энг ақлли мавжудот саналмиш инсон зотининг инсонликдан тонишидир. Ахир ҳайвонлар, қушлар ҳам ўз болаларини қанчалик фидойилик билан парваришлашини, хавф-хатардан ҳимоя қилишини биламизку!

Ўқиганимни “ҳазм” қилишим оғирлик қилдими, билмадим, шу ҳақда бир суҳбатда айтиб қолдим.

– Йўғ-э... – ҳайратини, нафратини яшира олмади 33-сонли мактаб директори Ҳанифа Яхшимова. – Шундай она ҳам бўлиши мумкинмикан?

Ҳамсуҳбатим жим қолди. Фарзанд доғи унинг юрагига ўчмас жароҳат солганини мен англаб турардим. Бундай азоблар менга болалигимдан таниш.

Онам... менинг мунис, меҳрибон, кичкинагина жуссасида оламча қудрат яширинган онагинам дунёга келтирган илк икки ўғли, қизидан айрилгач, биз етти туғишганни раво кўрганига ҳар нафасида Яратганга шукрона айтиб яшади. Гоҳ опаларимнинг, гоҳ сингилларимнинг ё укамнинг бирор қилиғимизни бевақт кетган нуридийдаларига ўхшатиб, эслаб қўяр, одатларини бизникига менгзаб ўтирарди. Кейин бирдан хомуш тортиб қолганида қандай овутишга ҳайрон бўлар эдик..

Майли, буларни қўя турай. Менга энг алам қиладигани – бу боласига ўзи озор етказувчи, жонига қасд қилувчилар орамизда ҳам учраётгани.

Сенинг гуноҳинг нима эди, болажон?!

Қашқадарёлик ёшгина аёл 6 ёшли қизини дала ҳовлисида қаровсиз қолдириб кетганида қизалоқнинг йиғисини эшитиб одамлар хабар олишганида уни аянчли ҳолда кўришган. Яъни онаси уни кўп қаровсиз ёлғиз қолдирган, мунтазам азоблаб келган, танасини куйдириб, камига устига туз сепган...

Воажаб! Аёл зоти ҳам шунчалар бағритош бўларканми? Кимлардир бу дунёда фарзанд тилаб, Яратганга кун-у тун илтижолар қилади-ю, номигина она бўлган баъзи нобакорлар ўз боласига азоб берса?! Эҳ... қанийди, агар қонунларимизда кимнингдир бировга берган озорини ўзига қайтариш имкони бўлганида эди, ўша аёл ўз қилмишининг азобини англаган бўлармиди?

2 апрель куни Қўқон шаҳридаги Қўқон-Тошкент автобекати ёнидан 3 ёшли ўғил боланинг мурдаси топилган. Аниқланишича, уни онаси бўғиб ўлдириб, шу ерга ташлаб, ўзи ишлаш учун Тошкентга йўл олган. Аёл асли андижонлик бўлиб, турмушидан ажрашгач, ота уйидан ҳам низолар туфайли чиқиб кетиб, ишлаш мақсадида Тошкентга борган. Бола билан ўзига мос иш тополмай, аламини боласидан олиб, бўғиб ўлдириб, ўзи Тошкентга қайтиб кетган ва Тошкентда қўлга олинган.

Сурхондарё вилоятининг Қизириқ туманидаги каналда янги туғилган ўғил бола чақалоқнинг бўйин соҳасига мато бўлаги боғланган ҳолда жасади топилди. Аниқланишича, унинг ҳам қотили ўз онаси – коллеж ўқувчиси экан.

Шу йил 5 март куни Наманган вилоятининг Норин туманида яшовчи аёл фермер хўжалиги боғида ёлланиб ишлаётган вақтида тўлғоқ тутиб қолган. У боғдаги ҳожатхонада чақалоқни дунёга келтириб, қасддан ўлдириш мақсадида ҳожатхонага ташлаб юборган.

Бахтли тасодиф туфайли чақалоқ омон қолган.

Ўтган қиш мавсумининг айни қаҳратон кунларида Наманганда чиқиндихонага ташлаб кетилган чақалоқ ҳақида “Ўзбекистон–24” телеканалида айтилганида эшитган борки, ёқа ушлади.

Минг афсус надоматлар бўлсинки, турли жойларга туғиб, гоҳ спорт сумкасига солинган, гоҳ яланғоч ҳолда боласини ташлаб кетиш ҳоллари содир бўлаяпти. Аёл зотининг, онанинг ўз зурриёдига бунчалик бағритошлик қилиши нақадар тубанлик.

Ахир дунёга келган болада нима гуноҳ? Агар ўша кимсаларда озгина одамийлик, виждон, инсоф бўлганида никоҳсиз бола туққани учун ўзи жавобгар эканини, ҳар қандай жазога ўзи лойиқ эканини англаган бўлар эди.

Эҳтимол, шуларни ўқиган кимдир уларни муҳокама қилишнинг сенга нима зарурати бор, дея иддао қилар, ўзингни бил, ўзгани қўй, дер. Бироқ, азиз замондошим, шу жамиятда барчамиз биргаликда умргузаронлик қилар эканмиз, шу жамият тақдирига барчамиз бирдек жавобгар эканлигимизни, бу дунё синовли дунё эканлигини, синовда жазо, мукофот, ажр борлигини, бу дунёда қандай яшаганимизга қараб борадиганимиз жаннат ва дўзах деган манзиллар борлигини айтиш, огоҳликка чақиришни бурчим деб билдим.

Аллоҳ таоло марҳамат қиладилар: “Бу беш кунлик дунё ҳаёти вақтинчалик бир матоҳ, холос. Албатта, охират барқарорлик диёридир” (Ғофир сураси, 39-оят). Ва яна бир калимада ҳамма одамлар тинчликка дохил (бурчли) бўлишга чақирилган. Бас шундай экан, атрофимизга бепарво қарашга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ, ўз болаларининг қотили бўлган оналарни инсофга чақириш ҳар бир имон-эътиқодли инсоннинг бурчи. Ахир ўз онаси қўли билан ўлдирилаётган гўдакларда нима айб?

Ойгул PАЖАБОВА,

журналист.

Янгиликни бўлишинг: