"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7997.95 -28.83
  • 1 EUR = 9396.79 -201.29
  • 1 RUB = 128.37 -1.63

Оммавий китобхонлик ойлиги ўтказилмоқда

Мамлакатимизда китоб мутолааси маданиятини ошириш, китобхонликни тарғиб қилиш бўйича қилинаётган ишлар Муҳтарам Президентимизнинг алоҳида эътибори туфайли янги поғоналарга кўтарилмоқда.

«Тараққиёт кўзгуси» газетаси таҳририяти ва “Жайхун илҳомлари” нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамкорлигида бу борада кўпгина тадбирлар амалга оширилмоқда.

«Жайхун илҳомлари» ННТ томонидан биргина кейинги 2 йилнинг ўзида Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди томонидан молиялаштирган “Юксак маънавиятли авлод – юрт келажаги”, “Биз ёшлар – ёт ғояларга қаршимиз” лойиҳалари доирасида туманимиз аҳолиси ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш мақсадида “Маънавият кунлари”, “Китоб сайллари”, “Кўчма кутубхона” каби тадбирлар, “Фарзандимга китоб совға қиламан” акциялари ўтказилиб яхши натижаларга эришилди.

2015 йилда таҳририят ва ННТ ҳамкорлигида ташкил қилинган кутубхона бугун юзлаб ёшларимизнинг севимли масканига айланиб улгурди. Ўтган қисқа давр ичида кутубхонадан фойдаланувчилар сони кескин ошди. Бугун ҳар куни 25-30 нафар китобхон бу зиё масканига ташриф буюриб, маърифатга, маънавиятга ошно бўлмоқда. Ҳозир уларнинг умумий сони 600 нафардан ошиб кетди.

Халқимизнинг саховатпешалиги азалдан маълум. Шу кунгача туманимиз зиёлилари томонидан кутубхонага 500 га яқин китоблар совға қилинди. Туманимиздаги адиб ва шоирлардан Қодирберган ҳожи Жумамуродов, Йўлдош Файзуллаев, Саъдулла Хўжаниёзов каби устозларимиз, “Янгиобод” МФЙ раиси Зебо Pажабова, шунингдек, ёш ижодкорлар томонидан қилинган бу совғаларни юзлаб китобхонлар аллақачон ўқиб чиқишди.

Китоб мутолааси ва китобхонлик тарғиботига, шу орқали жамиятдаги ижтимоий-маънавий юксалишларга ҳисса қўшиш мақсадида “Тараққиёт кўзгуси” газетаси таҳририяти шу йилнинг 20 апрелидан 20 майигача “Оммавий китобхонлик ойлиги”ни эълон қилди.

Ойлик доирасида турли лойиҳалар, акциялар ва тадбирлар, учрашувлар ҳамда давра суҳбатлари, сўровномалар ўтказиш орқали аҳоли, айниқса, ёшларни китобга янада яқинлаштиришни мақсад қилганмиз.

Бу тадбирлар туманимизнинг овул ва маҳаллаларида, академик лицей, касб-ҳунар коллежлари ва мактабларда ўтказилади. Уларда аҳоли, айниқса, ёшларнинг кенг иштирок этиши кўзда тутилган.

Ойлик доирасида “Сайёр китоб карвони” лойиҳаси амалга оширилади. Бунда таҳририят ва ННТ ҳамкорлигида ташкил қилинган кутубхона китоблари таълим муассасаларида намойиш қилинади. Тадбир доирасида кутубхонада мавжуд китоблар ҳақида маълумот олиш, танишиш ва аъзо бўлиш мумкин.

Ойлик давомида тумандаги китоб дўконлари билан ҳамкорликда “Кўчма китоб дўкони” лойиҳаси ўтказилади. Бунда туманимизда китоб савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлар ҳудудлардаги таълим муассасаларига ташриф буюриб, чегирмали китоб савдосини йўлга қўядилар. “Энг яхши совға – китоб” шиори остида ота-оналарнинг фарзандларига, ёшларнинг тенгдошларига китоб совға қилиши тарғиб этилади.

Ойлик давомида “Кутубхонага китоб совға қиламан” хайрия акциясини ўтказиш ҳам белгиланган. Бунда юртдошларимиз «Тараққиёт кўзгуси» газетаси таҳририяти ва «Жайхун илҳомлари» ННТ ҳамкорлигида ташкил қилинган кутубхонага китоблар совға қилиб, кутубхонанинг китоб фондини бойитишдек савобли ишга ҳисса қўшишлари мумкин. 10 та ва ундан ортиқ китоб совға қилган мурувватли кишилар “Тараққиёт кўзгуси” ва “Менинг оилам” газеталарига 2019 йил учун бепул обуна қилинади. Бундай саховатпеша юртдошларимиз ҳақида газеталар ва Амударё телевидениеси орқали маълумот бериб борамиз.

Оммавий китобхонлик ойлиги доирасида ёшларнинг китобхонликка муносабати ва қизиқишларини ўрганиш мақсадида ижтимоий сўровномалар ҳам ўтказилади.

Ойлик якунида туманимиздаги 9-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида лойиҳага якун ясалиб, таниқли ёзувчи ва шоирлар билан учрашув кечаси ташкил қилинади.

Фарзандларининг комил инсонлар бўлиб етишишини истаган барча юртдошларимизнинг ойликда фаол иштирок этишларини сўраймиз. Зеро, китоб энг яхши дўст, энг яхши суҳбатдош, ҳаёт дарсини ўргатувчи устоздир.

оммавий китобхонлик ойлиги китоб ўқишга кенг аҳолини, айниқса, ёшларни янада кўпроқ жалб қилишга, уларнинг маънавиятини юксалтиришга хизмат қилади.

Таҳририят.

Янгиликни бўлишинг: