"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9547.05 -3.76
  • 1 EUR = 10585.8 -35.50
  • 1 RUB = 155.06 -1.59

ОPАСТАЛИК - БАХТГА ЭЛТАP ЙЎЛ

Одамларни бир-бирига яқинлаштиришга, бир-бирига суяниб ҳаёт кечиришга замин бўлгувчи ўзига хос хусусиятлар халқимизнинг турмуш ва тафаккур тарзида неча асрлар давомида шаклланиб, сайқалланиб келган. Кишиларнинг бир-бири билан, қўшнининг қўшни, оиланинг оила билан аҳил-иноқ, ҳамжиҳатликда, энг муҳими, шахснинг жамият  билан уйғун яшаши шууримиздаги чуқур ўрин олган буюк қадриятларимизнинг амалий ифодасидир. Меҳр-оқибат, бирдамлик ҳам халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган ана шундай қадриятларимиздан саналади.

Шу боисдан кимнинг уйида тўй бўлса, кимнинг бошига иш тушса, маҳалла, қўни-қўшнилар шу ерда жам бўлади. Қувончини ҳам, ташвишини ҳам бирга кўтаради.

Халқимизга хос анъана, урф-одат ва удумларни сақлаб, ривожлантиришга ҳисса қўшиб келаётган бизнинг овулимизда 5 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Шунинг 2800 нафарини аёллар, 600 дан зиёдроғини 6 ёшгача бўлган болалар, 931 нафарини 17 ёшгача бўлган ўсмир ёшлар ташкил этади.

Овул фуқаролар йиғинимизда ўсиб келаётган ёш авлоднинг соғлом, юксак маънавиятли, эл-юрт корига елка тута оладиган ўғил-қизлар бўлиб вояга етишига улкан аҳамият берилмоқда.

Ёшларнинг бўш вақтларини кўнгилли ўтказишига эришиш мақсадида ҳудудимиздаги таълим муассасаларида ва касб-ҳунар коллежида турли тўгараклар фаолият олиб бораяпти. Болаларнинг интеллектуал қобилиятини аниқлаш, ривожлантиришга кўмаклашиш, касб-ҳунарга йўналтириш мақсадида таълим муассасаси, оила, маҳалла ҳамкорлиги йўлга қўйилган ва самарали фаолият олиб бораяпти.

Оилаларда соғлом турмуш тарзининг барқарорлиги шу оилада вояга етаётган фарзандлар камолига самарали таъсир ўтказади.

Ахир қуш уясига қараб учади, деган мақол бежиз айтилмаганда. Шуни инобатга олган ҳолда овулимиздаги мавжуд 837 та хонадонларда соғлом турмуш тарзининг, ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликнинг барқарор бўлиши учун тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бораяпмиз.

Халқимиз миллий менталитетига хос бўлган шундай одатлари борки, турмушимизни файзли, кўнгилларимизни чароғон этади. Булар – ободлик, орасталик, саранжом-саришталик  ва меҳнатсеварликдир.

Оилада фарзандларимизга, қизларимиз онгига бу буюк туйғуларнинг сингдирилиши чор-атрофимизнинг, хонадонимизнинг озода, кўркам ва обод бўлишини таъминлайди.

Дарҳақиқат, бирор хонадонга кириб келган киши остонадаёқ шу ерда яшовчи кишилар ҳақида бироз тушунчага эга бўлади. Одамларнинг ўтириш-туриши уларнинг маънавиятининг кўзгусидир.

Шуниси қувонарлики, кейинги йилларда хонадонлар, атрофини тоза, ораста сақлашга, кўкаламзорлаштиришга, томорқа ерлардан унумли фойдаланишга эътибор кучаймоқда. Одамларнинг ўзлари бу одатларни турмуш меъёрига айлантиришмоқда.

Бугунги кунда овулимизнинг 833 нафар фуқароси уй меҳнати билан банд. Уларнинг кўпчилиги хотин-қизлардир. Бу ҳам албатта хонадонлар иқтисодига ижобий таъсирини ўтказиши табиий.

Ҳаётда бахтиёр, фаровон ва мазмунли яшашни ҳамма ҳам истайди. Бироқ бундай турмуш даражасига эришишнинг ўзи бўлмайди. Ҳа, бахт калити ўз қўлимизда, унга элтар йўл эса соғлом турмуш тарзи ва меҳнатдир.

Бизнинг фаолиятимиз эса овулимиз хонадонларида бахт-иқбол, тўкин-сочинлик, осойишталик барқарор бўлишига эришишга қаратилгандир.

Pаъно ЖУМАНИЁЗОВА,

"Қиличбой” ОФЙнинг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси.

Янгиликни бўлишинг: