"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7787.81 -26.42
  • 1 EUR = 9100.06 -76.86
  • 1 RUB = 124.54 -0.19

ЙЎЛДАГИ ҲОДИСА

(Воқеий ҳикоя)

Ишдан қайтаётиб, йўл четида қимирламай ётган одамга кўзим тушди. Мастми, деб ўйладим аввал. Яқинроқ бордим, унинг кўзлари юмуқ, қимирламас, уст-боши қонга беланган, кийимларининг ҳам айрим жойлари йиртилган, афтидан бирон транспорт уриб юборганга ўхшарди. Атрофга қарадим, ҳеч ким кўринмасди.

– Бу одамга қандай ёрдам берсам экан, тирикмикан? – довдираб, қолдим.

Шу пайт унинг ёнида ётган қўл телефонга ва нарироқдаги сумкага кўзим тушди.

Яқинларига хабар бериш мақсадида телефон хотирасини кўра бошладим. “Онаси” деган рақамни топдим ва телефон тугмачасини босдим. Узоқ вақт кутганим йўқ, телефондан қўнғироқдай овоз келди:

– Дада, дада, нимага келмаяпсиз? Нимага бугун кечикяпсиз? Ахир бугун музқаймоқ олиб келаман, дегандингиз-ку, олиб келяпсизми? Сизни соғиндим, дада, тезроқ келинг!

Мен бутунлай гангиб қолган эдим. Нима дейишимни билмасдим. Қизалоққа дадасининг қандай аҳволда ётганини айта олмасдим. Бу орада қанча вақт ўтди, билмадим, шу пайт телефондан ўғил боланинг ҳам овози эшитилди.

– Дада, менга ҳам музқаймоқ олиб келяпсизми, тезроқ келинг, дада. Овқат емай сизни кутаяпмиз.

Мен ўзимни тутиб туролмадим, бўғзимга бир нима тиқилгандай бўлди, телефоннинг ўчириш тугмачасини босдим. Кўзим ўша одамнинг сумкасига тушди. Сумкадан эса музқаймоқ эриб, оқиб тушаётган эди. Энди бу одам ҳақида менинг тасаввурларим ўзгарди, кўз олдимда фарзандларини жонидан ортиқ яхши кўрадиган меҳрибон ота сиймоси намоён бўлди.

Бироқ мен бу инсоннинг яқинларига хабар бера олмаётганимдан қийналардим. Бу орада эса телефон жиринглай бошлади, олдим.

Яна ўша жажжи қизалоқнинг қўнғироқдай овози эшитилди:

– Дада, дадажон, уйга яқинлашдингизми? Тезроқ келинг, йўлингизга чиқиб тураман.

Болалар дадасининг бундай аянчли аҳволда ётганини қайдан ҳам билсин? Мен уларга дадажониси уларни жуда яхши кўришини, улар учун музқаймоқ олганилигини, аммо йўлда бахтсиз ҳодиса рўй берганлигини айта олмасдим.

Менинг қўлларим титрар, кўзларимдан эса ёш оқарди. Шунда ўзимни тутиб туролмай қонга бўялиб ётган одамга ялина бошладим.

– Кўзларингизни очинг, тирикмисиз? Ҳа, денг, кўзингизни очинг! Болаларингизга музқаймоқ обормоқчи экансиз, улар сизни интиқ бўлиб кутишаяпти, ахир!

Яна нималар дедим, билмайман. Ёрдам сўрашга атрофда ҳеч ким кўринмайди. Шу пайт “Тез ёрдам” эсимга тушди, аҳволни, турган манзилимни айтдим-да, яна эркакка ёлвора бошладим:

– Кўзингизни очинг, сизни фарзандларингиз кутаяпти, уларга нима дейман, ўлиб қолсангиз, ўлманг, илтимос!

Шу пайт мўъжиза юз бергандек бўлди. Эркакнинг қонли лаблари қимирлаб, нимадир демоқчи бўлди, бироқ оғир инграш эшитилди, холос.

Менинг назаримда у фарзандлари меҳри туфайли ҳаётга қайтгандек эди...

Эркинбой Юсупов,

“Хизр эли” маҳалласи.

Янгиликни бўлишинг: