"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8535.74 +16.32
  • 1 EUR = 9566 -86.52
  • 1 RUB = 132.57 +0.67

ЎPМОНЛАP - ЯШИЛ БОЙЛИГИМИЗ

Ҳар йили сентябрь ойининг учинчи якшанбасида ўрмон хўжалиги ходимлари ўз касб байрамларини нишонлайдилар.

Мухбиримиз Қобул Шомуродов шу муносабат билан Қипчоқ давлат ўрмон хўжалиги директори И.Холбоев билан суҳбат уюштирди. Қуйида шу суҳбат мазмуни билан танишасиз:

- Ўрмон хўжалигимиз катта майдонни, яъни, 16288 гектарни ташкил этади. Шундан ўрмон билан қопланган майдон 3082 гектардан иборатдир. Хўжалигимизнинг асосий майдонини Назархон бўлими эгаллайди. Бу бўлим таркибида "Бекбой тўқай” ва "Хўжакўл” тўқайзорлари мавжуд. "Бекбой тўқай”нинг умумий майдони 5203 гектар бўлиб, шундан ўрмон билан қопланган майдон 1357 гектардан иборат. "Хўжакўл” тўқайзорларининг умумий майдони бирмунча каттароқ бўлиб, 8625 гектарни ташкил этади ва шундан ўрмон билан қопланган майдон 1081 гектардир. Бу иккала тўқайзорлар жуда кўп йиллик тўқайзорлар бўлиб, ўсимликлар ва ҳайвонот дунёсига ҳам жуда бой. Ёш тўқайзорлар сирасига эса Қипчоқ ўрмон бўлими киради. Бу бўлимнинг ташкил этилганига эндигина 17 йил тўлмоқда. Бу бўлимнинг 3-айланмаси кўпроқ дарё атовларидан иборат бўлиб, 1220 гектар майдонни ташкил этади. Шундан ўрмон билан қопланган майдон 869 гектарни эгаллайди. Қипчоқ ўрмон бўлимининг яна бир айланмаси 4-Қиличбой айланмаси деб аталади. Унинг майдони 560,6 гектар бўлиб, ўрмон билан қопланган майдони эса 454 гектарни ташкил этади.

Мамлакатимизда ўрмон хўжаликларини янада ривожлантириш, унинг ўсимликлар ва ҳайвонот дунёси биохилма-хиллигини бойитиш, янги маданий ўрмонзорларни кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Pеспубликаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 26 августда "Қуйи Амударё давлат биосфера резервати фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги 243-қарорига мувофиқ Қипчоқ давлат ўрмон хўжалигининг асосий ўрмон билан қопланган майдонларидан 3536,5 гектари давлат биосфера резервати тасарруфига ўтказилди ва ўрмонзорлар устидан давлат назорати кучайтирилиб, ўсимликлар ва ҳайвонот дунёси биохилма-хиллиги муҳофазаси яхшиланди. Биохилма-хилликни янада бойитиш бўйича янги лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Шу жумладан, қўшни Беруний туманидаги "Бадай тўқай” қўриқхонасидаги Хонгул, яъни Бухоро буғуларининг бир қисмини биосфера резервати тассарруфидаги "Бекбой тўқай” тўқайзорларига ўтказиш лойиҳаси амалга оширилиш арафасида. Айни кунда биосфера резервати ҳисобланган "Бекбой тўқай”да жуда кам, ноёб парранда қушига айланган қирғовулларнинг, қуёнларнинг ва бошқа ёввойи ҳайвонларнинг кўпаяётганлиги сезилмоқда. Бу албатта мазкур тўқайзорларда ўсимликлар дунёсининг бойиётганидан, қушлар ва турли ёввойи ҳайвонларнинг кўпайиши учун қулай шарт-шароитлар яратилаётганидан дарак беради. Келгусида биосфера резерватига тааллуқли бўлган тўқайзорларнинг авайлаб-асралиши ва ривожлантирилиши натижасида бу масканлардаги флора ва фауна олами янада бойийди.

Табиий тўқайзорларни ривожлантириш учун албатта маданий ўрмонзорлар ҳам барпо қилиш керак. Бу борада дастлабки қадамлар қўйилмоқда. Жорий 2013 йилнинг эрта кўкламида маданий ўрмонзорлар барпо қилиш учун 33 гектар майдон ҳозирланди. Шундан 30 гектарига қумлоқ ҳудудларга саксовул ниҳоллари экилди.

Қолган уч гектар ерга нектарбоп япон сафораси ва жийда кўчатлари экилиб, парвариш қилинмоқда.

Маданий ўрмонзорларни барпо қилиш ва кенгайтириш учун биринчи навбатда ниҳолхоналар зарурдир. Хўжалигимизнинг Қиличбой 4-айланмасида 2 гектарга яқин ниҳолхонамизда манзарали ва мевали дарахт кўчатлари етиштирилиб, буюртмачиларга етказиб берилмоқда.

Ўрмон хўжалиги таркибида асаларичилик, балиқчилик ва чорвачиликни ривожлантириш жуда қулай. Негаки, бу соҳаларнинг ривожланиши учун ўрмон хўжалигида моддий база мавжуддир. Асаларичилик ўтган йилга нисбатан икки баробарга ривожлантирилиб, асалари оилалари 100 тага етказилди. Шунга яраша асал маҳсулотлари ҳам кўпайиб, ўрмон хўжалиги ходимлари учун 1 млн. сўмлик арзон нархдаги асал тарқатиб берилди. Асалнинг қолган қисми истеъмолчи – буюртмачиларга жўнатилди. Келгусида асалларичиликни янада ривожлантиришнинг истиқболли лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда.

Кези келганда бизнинг қийин экологик шароитимизни анча юмшатиш, аҳолининг ижтимоий имкониятларини кенгайтириш ва ижтимоий турмуш шароитларини яхшилаш мақсадида БМТнинг Тараққиёт Дастури минтақамизда фаолият кўрсатаётганлигини айтиб ўтиш жоиздир. Бу Дастурга мувофиқ бизнинг Қипчоқ давлат ўрмон хўжалиги меҳнат жамоаси Ўзбекистон миқёсида ўтказилган тендерда фаол қатнашиб, 37,1 миллион сўмлик грант маблағини ютиб олишга муваффақ бўлди. Бу маблағларнинг асосий қисми асаларичиликни ривожлантиришга йўналтирилади.

- Сермазмун суҳбатингиз учун раҳмат. Барчангизни касб байрамингиз билан қизғин муборакбод этамиз.


(Фото-http://muloqot.uz)
Янгиликни бўлишинг: