"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7790.2 +7790.00
  • 1 EUR = 8888.62 +8888.00
  • 1 RUB = 115.07 +115.00

ТОМОPҚАДА ҲИКМАТ КЎП

Халқимиз азал-азалдан тилсиз замин бағридан ўз ризқини ундириб, тирикчилик қилиб келган. Афсуски, қарийб бир асрга яқин ҳукм сурган собиқ иттифоқ тузуми даврида қишлоқ одами тонгдан шомгача пахта даласидан чиқа олмади, ҳовлиси атрофини ўйлагулик фурсати бўлмади, ўзимизда етиштириш имконияти етарли бўлган полиз маҳсулотлари, сабзавотларнинг четдан келтирилганини бир кун сотиб ололса, бир кун ололмай, борига қаноат қилиб яшади, ерга ихлоси қўллаб-қувватланмади.

Шукурки, булар бари ўтмишда қолди. Оилада даромад манбаларини яратиш, даромадни ошириш туфайли халқимиз турмуши тобора фаровонлашмоқда. Томорқа оила иқтисодини юксалтирувчи, ризқ-рўзини зиёда қилувчи манба эканлиги бугун барчага бирдек аён.

Жорий йилда туманимиз бўйича 410 юридик мақомга эга бўлган деҳқон хўжаликлари ва 32 минг 570 нафар томорқа ер эгаларининг 5 минг 217,4 гектар экин майдонларининг барчасидан унумли фойдаланиш ва юқори ҳосил етиштириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Аҳоли ўртасида тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилиб, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкасидан самарали фойдаланиш, оила даромадини ошириш, шунингдек, иссиқхона барпо этиш, чорва моллари, паррандалар парваришлаш, асаларичилик билан шуғулланишни ташкил этиш қўшимча даромад манбаи экани аниқ мисоллар асосида тушунтирилмоқда. Бунда томорқасида арзон, сифатли мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштираётган оилалар тажрибаси кенг оммалаштирилаяпти.

Аҳоли билан ўтказилаётган мулоқотларда Ўзбекистон Pеспубликаси Солиқ кодексининг 291-моддасига асосан якка тартибдаги уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун берилган ер участкаларининг томорқа қисмига қишлоқ хўжалиги экинлари экилмаган ёки ободонлаштирилмаган ҳолларда 3 баробар миқдорда ер солиғи тўланишини белгиловчи қўшимчалар киритилгани ҳақида маълумотлар берилмоқда.

Деҳқон хўжаликлари экин майдонларидан самарали фойдаланмаслик эндиликда ер участкасига бўлган ҳуқуқни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилиш бўйича чоралар кўрилишига олиб келиши мумкинлиги тушунтирилаяпти.

Томорқа! Остона ҳатлаб уйимиздан чиқишимиз билан назаримиз тушадиган бу дахлсиз ҳудудимиз биздан энди оқилона муносабатни, экин экиб мўл ҳосил ундиришда илм-фан ютуқларидан омилкорлик билан фойдаланишни талаб қилмоқда. Ахир, унинг қай йўсинда кўз ўнгимизда намоён бўлиши ўз саъй-ҳаракатимизга боғлиқ.

Ишнинг ўзини эмас, кўзини бил, дейди донолар. Ўз томорқа ерига қандай ишлов беришни, қандай озиқлантиришни, экиндан қандай ҳосил олишнинг ҳадисини олган юртдошларимиз жорий йил ҳосили учун экиш ишларига аллақачон киришиб кетишди. Беда, эртаги картошкалари униб чиқа бошлади.

Фарзандларини қайғурган, яхши кўрган одам томорқасидан самарали фойдаланади. Картошка, пиёз, помидор, бодринг, сабзи, мевалар ўз томорқасида етилиб турса, рўзғорда етар-етмаслик бўлмайди. Бу неъматларни фарзандларинг ўз қўли билан узиб еса, бу қанчалар бахт.

Томорқада ризқимиз унибгина қолмай, бизга ўз меҳнатимиздан завқланиш бахтини ҳам беради, бутун оила ҳамжиҳатликда меҳнат қилиш кўникмасини шакллантиради, меҳнатни қадрлашга ўргатади.

Ҳа, томорқада ҳикмат кўп.

Ойгул PАЖАБОВА.

Янгиликни бўлишинг: