"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9490.77 +22.73
  • 1 EUR = 10455 -115.20
  • 1 RUB = 148.82 -1.13

Олтин куз саховати

Бугунги кунда туманимизнинг 16050 гектарлик бепоён  пахтазорлари катта яратувчилик майдонига айланган. Бу меҳнат майдонларида 27 минг нафардан ортиқ теримчилар эрталабдан кечгача тер тўкиб меҳнат қилмоқдалар. Уларнинг унумли меҳнат қилишлари учун дала бошида қулай шарт-шароитлар яратилган. Тушликда  иссиқ чой, иссиқ овқат муҳайё. Тош-тарозилар бетўхтов ишлаб турибди. Терилган пахталарни ўлчовчи йигитларнинг қўли-қўлига тегмайди. Пахта ҳосилига тўлдирилган тиркама-араваларни тракторлар қабул пунктига пешма-пеш ташиб, етказиб бермоқда.

Туманимизда фаолият кўрсатаётган 261 та фермер хўжаликларининг ҳар бирида ташкил этилган йиғим-терим отрядлари раҳбарлари доимо дала бошида бўлиб, терим суръатининг ошишига, теримчилар учун қулай шароитлар яратилишига, меҳнат ҳақларининг ўз вақтида тўлаб борилишига, пахта ҳосилининг ўз вақтида бетўхтов қабул пунктига ташилишига, хуллас, йиғим-терим отрядининг бекам-у кўст ишлаб туришига масъулдирлар. Улар ўз зиммаларидаги бу муҳим вазифани адо этишнинг уддасидан чиқмоқдалар.

Йиғим-терим ишларини яхши ташкил этиб, терим суръатларини ошираётган "дўрман”лик, "холимбег”лик, "қиличбой”лик, "қипчоқ”лик, "чойкўл”лик, "ўрта қалъа”лик пахтакорлар кун сайин марра сари яқинлашмоқдалар. Пешқадам фермер хўжаликларидан эса кетма-кет хуш-хабарлар келиб турибди. Мана шундай хушхабар биринчи бўлиб "Ўрта қалъа” овулидан олинди. Нурулла Яхшимуродов бошқарган "Юсуфхўжа” фермер хўжалиги пахтакорлари туманимизда биринчи бўлиб пахта тайёрлаш бўйича йиллик шартномавий режасини ортиғи билан бажариб, маррадан ошдилар. 115 гектар пахта майдонидан 250 тоннадан ортиқ аъло навли пахта ҳосили топширилди.

- Пахтазорларимизда икки юз нафарга яқин теримчилар меҳнат қилишмоқда. Уларнинг унумли меҳнат қилишлари учун дала бошида барча қулай шарт-шароитларни яратиб берганмиз. Шу боис Дилбар Давлатбоева, Ойимжон Нуримбетова, Норгул Юсупова ва Муқаддас Полвонова каби теримчиларимиз мавсум бошидан буён ҳар бири 5,5-6 тоннадан "оқ олтин” дурдоналарини териб топширдилар. Биз бу сингари илғор теримчиларимизни ўз вақтида моддий ва маънавий рағбатлантириб бормоқдамиз.

Кўриб турганингиздек, ҳали пахтазорларимизда ҳосил мўл, яна режага қўшимча 210 тонна пахта ҳосили топшириб, ялпи хирмонимизни 460 тоннадан оширамиз, - дейди илғор фермер Нурулла Яхшимуродов.

Яна сўзи билан иши бир илғор фермерлардан Қиличбой қишлоғининг "Ҳизр эли” маҳалласидаги Омонбой Pажабов раҳбарлигидаги ўз исми-шарифи билан аталувчи фермер хўжалигидир. Бу фермер хўжалиги-ям биринчилардан бўлиб йиллик шартномавий режасини шараф билан бажариб, маррадан ошди. 90 гектарпахта майдонидан 210 тоннадан ортиқ "оқ олтин” дурдоналарини йиғиштириб олиб, давлат хазинасига топширишди.

- Пахтазорларимизда ҳар куни эрта тонгдан меҳнат қайнайди. Айни кунда тўрт юз нафарга яқин теримчилар тер тўкиб, меҳнат қилишмоқда. Ҳатто теримчиларни санашга ҳам улгуролмай қоламан. Энг илғор теримчиларимиздан Гулзода Йўлдошева, Бозоргул Бобожонова, Pаъно Аминова ва Шарифа Холиёзоваларнинг ҳар бири кунига 180-200 килграммдан пахта териб, хирмонимизга барака киритмоқдалар. Мажбуриятимиз - 40 центнерлик юксак маррани эгаллаб, она – Ватанимизга жами 360 тонна юқори навли пахта ҳосилини топширишдир. Сўз бердикми, бунинг уддасидан албатта чиқамиз, - дейди етакчи фермер Омонбой Pажабов.

Ҳа, элимизда мана шундай мард йигитлар ҳамиша бор бўлишсин. Халқимизда: "нор йигитлари бор элнинг юки ерда қолмайди” деган нақл бежизга айтилмаган-ку, ахир.

 

Қобул ШОМУPОДОВ.

Янгиликни бўлишинг: