"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7883.99 -26.37
  • 1 EUR = 9150.95 -156.16
  • 1 RUB = 124.89 -2.72

ЗАХМ – ЮҚУМЛИ ТАНОСИЛ КАСАЛЛИГИ

Мамлакатимизда тиббиёт соҳасининг жадал ривожланиши, айниқса одамларга айрим касалликлар бўйича бепул тиббий хизмат кўрсатилиши натижасида бирқанча турдаги юқумли касалликлар сезиларли даражада камайди.

Масалан таносил касалликлари туркумига кирадиган захм касаллигини олайлик. Бундан 30 йилларча олдин аҳоли орасида анча кўп бўлган бундай касаллик ҳозирги кунда камдан кам учрайди.

Аммо тўқликка шўхлик деганларидек айрим юртдошларимиз ичкиликка ружу қўйишиб, маст ҳолда нотаниш аёллар билан жинсий яқинлик қилишлари сабабли шундай балога гирифтор бўлишади.

Хўш, бу турдаги касаллик ҳақида биз нималарни биламиз?

“Захм” сўзи форс тилида “жароҳат”, лотин тилида эса “юқумли манба” деган маънони билдиради. Захм – бу оқиш трепонема микроби билан чақириладиган, асосан, жинсий йўл орқали юқадиган, наслга ўтувчи сурункали таносил касаллиги ҳисобланади.

Дастлабки босқичларда бу касаллик фақат терини шикастлантиради, кейинги босқичларда эса жамики ички аъзоларда оғир жароҳат ўчоқларини пайдо қилиши мумкин.

Захм билан оғриган бемор касалликнинг юқумли босқичларида бошқалар учун жуда хавфли ҳисобланади. Касаллик турли йўллар билан юқиши мумкин. Аммо 95-98 фоиз ҳолларда у фақат жинсий алоқа орқали юқади.

Одам организмига емирувчан таъсир кўрсатувчи касаллик қўзғатувчилари – рангсиз спирохеталар терининг тирналган, шилинган жойларидан ўтиб, хасталикни юзага келтиради. Кўпинча касалликнинг илк аломатлари терига юқумли манба тушганидан 20-25 кун ўтгач пайдо бўлади. Бу – захмнинг яширин даври ҳисобланади. Ҳали илк белгилар пайдо бўлмаган шу даврда ҳам бемор жинсий алоқа йўли билан ўз касаллигини бошқаларга юқтириши мумкин. Касалликнинг яширин (инкубацион) босқичи ўртача 3-4 ҳафтага тенг дейилса-да, гоҳо бу давр узоқроқ ёки аксинча қисқароқ давом этиши ҳам мумкин.

Захмнинг бирламчи даври яширин босқичдан сўнг, яъни зинокорликдан 3-4 ҳафта вақт ўтгач бошланади. Бу пайт оқиш трепонемалар кирган жойда яра пайдо бўлади. Қаттиқ шанкр деб аталувчи бу яра кўпинча жинсий аъзоларда пайдо бўлади. Қаттиқ шанкр юмалоқ ёхуд овал шаклли, деярли оғриқсиз, пуштисимон рангли, қўл билан пайпаслаб кўрилганда қаттиқлигини сезиш мумкин бўлган яра кўринишида ифодаланади.

Захмнинг бирламчи даври ўртача 6-7 ҳафта давом этади. Одатда, яра пайдо бўлгандан 5-8 кун ўтгач, яқин теградаги лимфа тугунларининг шишиб катталашиши кузатилади. 3-4 ҳафта ўтгач эса бирламчи, фаол захмда барча лимфа тугунларининг катталашиши рўй беради.

Касаллик дастлабки босқичдаёқ аниқланиб, даво чоралари кўрилмаса, захмнинг иккинчи даври бошланади ва 7-10 ҳафта ўтгач, бадан ҳамда оёқ қўлларга оч қизғимтир тошмалар тошади. Бунинг хавфли томони шундаки, тошмалар одамни унчалик безовта қилмайди. Шунинг учун ҳам кўпчилик унга бепарво бўлиб, касалликни навбатдаги босқичга ўтказиб юбориши мумкин.

Бу даврда баъзи беморларда соч тўкилиши, бўйин, тўш териси рангининг оқариши кузатилади. Бемор бу даврда ҳам даволанмаса, касаллик юққанидан 3-4 йил ўтгач, захмнинг учунчи даври бошланади. Бу даврда терининг чуқур қатламлари, суяклар, ички аъзолар шикастланади. Суяклар емирилиши натижасида бурун эгарсимон бўлиб қолиши мумкин.

Шунингдек, томирлар юпқаланиши натижасида ёрилиб кетиб, беморнинг ҳалок бўлиши ҳоллари ҳам учрайди. Захм юқумли манбаси орқа мияга ўтиб кетганда, одам кўр, телба ёки фалаж бўлиб қолиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Касаллик айниқса зурриётга ўта салбий таъсир кўрсатади. У наслга ҳам ўтиши мумкин.

Захм таносил касалликлари шифокори томонидан аниқланиб, махсус режа асосида, муттасил ва узоқроқ вақт даволашни талаб этадиган ўта хатарли дард ҳисобланади. Ўзида ушбу дарднинг белгилари мавжудлигини гумон қилган шахслар зудлик билан тери таносил касаллиги шифокорларига мурожаат қилишлари лозим.

Каримбой Машарипов,

туман кўп тармоқли марказий

поликлиникаси шифокори.

Янгиликни бўлишинг: