"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8181.08 +1.34
  • 1 EUR = 9427.06 -41.77
  • 1 RUB = 122.73 -3.84

“АМУДАPЁ ТОМОPҚА ХИЗМАТИ” МЧЖ ТОМОPҚА ЭГАЛАPИНИНГ ЭНГ ЯҚИН ҲАМКОPИГА АЙЛАНАДИ

Аҳолининг томорқа ерларидан самарали фойдаланишига, ўз оиласи эҳтиёжини қоплаб, ортганини бозорга олиб чиқишига эришиш юртимизда маъмурлик ва тўкин-сочинлик барқарор бўлишига замин яратади.

Узоқ йилар мобайнида самарасиз фойдаланилган, экилмасдан ташландиқ ҳолга келиб қолган аҳолининг ва деҳқон хўжаликларининг экин майдонларига шу боисдан ҳам бугун муносабат тубдан ўзгарди. Деҳқончиликка, турли экинлардан мўл ҳосил олишга инновацион технологиялар, илм-фан ютуқлари жорий этилмоқда.

Яқинда ташкил этилган “Амударё томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамияти фаолияти ҳам айнан шу вазифалар ижросига хизмат қилади.

Жамият томорқа, деҳқон хўжаликлари эгаларига бир неча турдаги хизматларни кўрсатади. Келгусида МЧЖда сутни қайта ишлаш цехи, мева-сабзавотларни сифатли сақлайдиган 1000 тонна сиғимга эга совутгич, мева-сабзавотларни саралаш, қадоқлаш, қайта ишлаш цехи ўз фаолиятини бошлайди. Бундан ташқари, томорқа эгалари, деҳқон хўжаликлари раҳбарлари экин майдонини ҳайдаш, экишга тайёрлашда муаммоларга дуч келмаслиги учун механизация хизмати ҳам кўрсатилади, уруғлик, кўчат етказиб беради ва экинларни бегона ўтлардан, зараркунандалардан асрашда кимёвий усулда ишлов беради. Албатта, етиштирилган маҳсулотнинг ўзидан ортганини сотиш ҳам айрим оилалар учун муаммо бўлиб туради. Чунки бозорга маҳсулот олиб келиш учун ҳам транспорт керак, вақт керак. Баъзан туманимизнинг чекка ҳудудларидан мева-сабзавотни Манғит деҳқон бозорига олиб келиш учун кимдир нақд пул тополмайди.

Шундай дамларда туманимиз аҳолиси “Амударё томорқа хизмат” МЧЖга мурожаат қилиши мумкин. Жамият экин экиладиган ерлардан мўл ҳосил олишга ёрдамлашиш билан бирга етиштирилган ҳосилни йиғиштириб, келишилган нархда сотиб ҳам олади.

Жамият фаолияти аҳоли томорқаларида бозорбоп ва ҳосилдор экинларни етиштиришни ташкил қилиш, харид қилиш, сақлаш, қайта ишлаш, ички ва ташқи бозорга сотиб, туманимиз иқтисодини юксалтиришга, аҳолининг турмуш сифати ошишига хизмат қилади.

О.PАЖАБОВА.

Янгиликни бўлишинг: