"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7790.2 +7790.00
  • 1 EUR = 8888.62 +8888.00
  • 1 RUB = 115.07 +115.00

Коллежда “Ёш китобхон” кўрик-танлови

Буюклардан бири “Китоб – бойликдир, албатта, ўқилгани” деган эди. Албатта, китоб – билимлар хазинаси, уни ўқиб, мағзини чақиш эса ҳақиқий хазинага эга бўлишдек гап. Ҳозирда барча аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида китоб мутолаасини шакллантириш, уларнинг китобхонлик савиясини ошириш амаллари давлат сиёсати даражасига кўтарилгани сир эмас.

Ўзбекистон Pеспубликаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида” ги Қарори бутун мамлакатимиз бўйлаб “Ёш китобхон” кўрик-танловини ўтказиш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Бизнинг Амударё агробизнес касб-ҳунар коллежимизда ҳам 4 апрель куни ахборот-ресурс маркази ва Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти ҳамкорлигида “Китобдан яхшироқ дўст йўқ жаҳонда!” шиори остида “Ёш китобхон” кўрик-танлови бўлиб ўтди.

Кўрик-танловда ўқувчилар 6 та жамоа бўлиб, тўртта шарт бўйича беллашдилар. “Бу асарни ким ёзган?”, “Бу парча қайси асардан олинган?” деб номланган шартларда ўзбек ва жаҳон адабиёти намоёндаларининг машҳур асарларидан савол-жавоблар ва парчалар келтирилди. Шартлар баҳс-мунозараларга бой бўлди. Ўқувчилар ўзлари ўқиган китоблардан саҳна кўринишлари тайёрлаб, ўз китобсеварликларини ва актёрлик маҳоратларини намоён этдилар. Айниқса, 10-16-гуруҳ ўқувчилари саҳналаштирган А. Қодирийнинг “Меҳробдан чаён”, 1-16-гуруҳи ўқувчилари саҳналаштирган Ғ. Ғуломнинг “Шум бола” асарларидан қўйилган саҳна кўринишлари барчага манзур бўлди.

Кўрик-танловда 10-16-гуруҳ ўқувчилари биринчи, 1-16- ва 12-16-гуруҳлар иккинчи, 11-16-гуруҳ жамоалари учинчи ўринни эгалладилар.

Ғолибларга ташкилотчилар томонидан совғалар тақдим қилинди.

Нодира Давлетбоева,

Амударё агробизнес касб-ҳунар коллежи

Ахборот-ресурс маркази раҳбари.

Янгиликни бўлишинг: