"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8374.1 -18.96
  • 1 EUR = 9410.81 -136.15
  • 1 RUB = 126.18 -1.32

Томорқага экин экиш жараёни дронлар ёрдамида назорат қилинмоқда

Шу кунларда юртимизнинг барча жойларида бўлгани каби туманимизда ҳам деҳқон ва фермер хўжаликларининг экин майдонларига ҳамда аҳоли ихтиёридаги томорқа ерларига экин экиш ишлари юқори суръатда давом этмоқда. Бу борадаги ишларни изчиллик билан амалга ошириш борасида Президентимизнинг 2017 йил 10 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида ташкил қилинган фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари муҳим аҳамият касб этмоқда. Туман ҳокимлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими, тумандаги муассаса, корхона ва ташкилотлар ходимлари фермер хўжаликларига ва ҳудудларга масъул қилиб бириктирилган. Туман Кенгаши депутатлари, овул ва маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда жамоат ташкилотлари ходимлари эса хонадонма-хонадон юриб, ердан фойдаланиш самарадорлиги устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини амалга оширмоқда.

Уйма-уй юриш жараёнида шу нарса аён бўляптики, аҳолининг аксарият қисми аллақачон уй олдидаги томорқасига сабзавот ва полиз экинлари экиб, мўл ҳосил ва даромад олиш учун барча агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга оширмоқда. Аммо, шундай оилалар ҳам борки, қишлоқда яшаётган бўлишига қарамай, турли баҳоналарни рўкач қилиб, томорқасини ўз ҳолича ташлаб қўйгани ҳолда озиқ-овқат маҳсулотларини бозордан харид қилишга ўрганиб қолган. Ваҳоланки, улар билан ёнма-ён яшаётган қўшнилари худда шундай тупроқ ва иқлим шароитида томорқасида рўзғори учун зарур барча озиқ-овқат маҳсулотларини етиштирмоқда. Яна бир тоифа кишилар борки, ишёқмаслиги ва дангасалиги сабабли уй олдидаги олтинга тенг ерда чорва учун экин ёки беда етиштиришни афзал билади.

Халқ депутатлари туман Кенгашининг қарори билан тузилган ғалла ҳосилдорлиги ва томорқадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича ишчи гуруҳи аъзолари, туман Кенгаши депутатлари ва маҳалла фаоллари ерни мана шундай ўз ҳолига ташлаб қўйган ёки ундан самарали фойдаланмаётган хонадонларда бўлиб, тушунтириш ишларини олиб бормоқда. Уйма-уй юриб ўрганиш ишларининг самарадорлигини ошириш учун учувчисиз учар қурилмалари жалб қилиниб, унинг ёрдамида олинган тасвирлар овул ва маҳалла фуқаролар йиғинларида ўтказилган йиғилишларда муҳокама қилинмоқда.

Куюк кўпир овули ҳудудида ўтказилган мана шундай ўрганишлар давомида аҳолининг аксарият қисми апрель ойининг бошларидаёқ томорқасини экиш ишларини якунлагани аниқланди. Аммо, юқорида айтилганидек, баъзи томорқа ерлари ҳамон экилмасдан қолмоқда. Бундай хонадон эгаларига туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ва давлат солиқ қўмитасининг огоҳлантириш хатлари тақдим қилинмоқда.

Шу ўринда юртдошларимизга яна бир бор эслатиб ўтмоқчимизки, Ўзбекистон Pеспубликаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 мартдаги “Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 205-сонли қарори билан Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш ва мониторингини юритиш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланган. Мазкур Низомга асосан ўтказилган мониторинг натижасида экин ерларидан мақсадли ва самарали фойдаланиб, туман ҳокимининг прогноз кўрсаткичлар тўғрисидаги қарорида белгиланган экин турларини тўлиқ эккан, агротехника тадбирларини ўз вақтида, сифатли бажарган, йилида камида икки ёки уч марта юқори ҳосил олган ҳамда томорқани ободонлаштирган, чорва моллари ва паррандаларнинг бош сонини сақлаган ва кўпайтиришга эришган томорқа ер эгасига ер солиғи ставкасининг пасайтирувчи коэффициентини қўллаш тарзидаги солиқ имтиёзи берилади. Агарда бунинг акси яъни, томорқа ер участкаларида белгиланган экин турлари ҳамда мевали ва манзарали дарахтлар экилмаганлиги, чорва моллари сотиб олинмаганлиги, иссиқхона барпо этилмаганлиги, шу жумладан ер участкаси ободонлаштирилмаганлиги аниқланса, томорқа ер эгасидан жорий йил учун ер солиғининг уч баробар оширилган қиймати ундирилади. Деҳқон хўжаликларига нисбатан эса ер участкасига бўлган ҳуқуқни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилиш бўйича чоралар кўрилади.

Шундай экан, ҳурматли юртдошлар, томорқангизга экин экиб, даромад олишга ҳаракат қилинг ва оилангиз, эл-юртимиз дастурхонининг тўкинлигини таъминлашга ҳисса қўшинг! Зеро, томорқа – даромад манбаидир.

Ғуломжон ЕШНИЁЗОВ,

халқ депутатлари туман Кенгаши депутати.

 

Янгиликни бўлишинг: