"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7883.99 -26.37
  • 1 EUR = 9150.95 -156.16
  • 1 RUB = 124.89 -2.72

Амударё туманининг 2017 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиши якунлари ва 2018 йилга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишлари ҳақида туман ҳокими С.Йўлдашевнинг Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашига ҲИСОБОТИ

Ассалому алайкум, ҳурматли депутатлар ва сессия иштирокчилари!
Маълумки, 2014 йилда Конституциямизга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ, ҳар йили ҳокимлар халқ депутатлари туман Кенгашига туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ҳамда долзарб масалалари юзасидан ҳисобот тақдим этадилар.
Бу ўзгаришлар давлат ҳокимияти ва бошқарувини янада демократлаштириш, маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятининг шаффофлигини кафолатлаш, депутатлик назорати институтини мустаҳкамлаш, партиялараро рақобатни кучайтиришда муҳим аҳамият касб этиб, маҳаллий Кенгашларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги ролини янада оширади, ижро органларининг масъулиятини кучайтиради.
Ижозатингиз билан, 2017 йилда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2018 йилги иқтисодий дастурнинг устувор йўналишлари тўғрисида батафсил ҳисобот берсам.
Ҳисобот даврида туманда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгилаб олинган макроиқтисодий кўрсаткичларнинг истиқболли режа кўрсаткичлари тўлиқ бажарилиши таъминланди.
2017 йилда туманда саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 220,6 млрд. сўмга етиб, ўтган йилга нисбатан ўсиш суръати 121,2 фоизни, халқ истеъмол молларини ишлаб чиқариш ҳажми 88,5 млрд. сўмни ташкил қилиб, ўтган йилга нисбатан ўсиш суръати 100,0 фоизни, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 339,3 млрд. сўм бўлиб, ўтган йилга нисбатан ўсиш суръати 107,1 фоизни ташкил қилди.
2017 йил туман Мақсадли дастурлари ижроси бўйича жами 38 млрд. 923 млн. сўмлик 250 та лойиҳалар амалга оширилиб, 885 та янги иш ўринлари яратилди, уларга эса 23 млрд. 386 млн. сўм тижорат банклари кредитлари ажратилди.
Туманнинг ташқи савдо айланмаси 2017 йилда 6 млн. 607 минг АҚШ долларини ташкил қилди. Тумандан маҳсулотлар ва хизматлар экспорти  2017 йил давомида 5 млн. 257 минг АҚШ доллари, товарлар импорти 1 млн. 350 минг АҚШ долларини ташкил қилди. Енгил саноат соҳасида маҳсулотлар экспорти 4 минг 774,2 АҚШ долларини ташкил қилиб, режа 104 фоизга бажарилди. Аммо, ҳудудий маҳсулотлар экспорти 482,8 минг АҚШ долларини ташкил қилиб, йиллик прогноз 31,5 фоизга бажарилди, холос.
Белгиланган экспорт прогнозини “Манғит Аму брикет” МЧЖ (26 фоизга бажарган) ва “Жайхун Лакрица” МЧЖ (2017 йилнинг декабрь ойида 15,5 минг АҚШ доллари миқдорида экспорт қилган, режага нисбатан 6 фоиз) бажармаган.
“Манғит Инвест плюс” МЧЖ томонидан 409,3 минг АҚШ доллари миқдоридаги 1200 тонна мева-сабзавот маҳсулотлари чет давлатларга юборилган. Мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, сақлаш ва экспорт қилишга ихтисослашган “Манғит тезкор савдо” МЧЖ томонидан экспортга маҳсулотлар умуман чиқарилмаган.
 

Ҳурматли депутатлар ва сессия иштирокчилари!
Аҳолини, ёш ҳамда кам таъминланган оилаларни янгиланган ва арзонлаштирилган намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар билан таъминлаш мақсадида 2017 йилда туманнинг қишлоқ массивларида жами 122 та уй-жойлар қурилиб, ўз эгаларига топширилди.
Шунингдек, ички ишлар органи профилактика инспекторларини хизмат турар жойлари билан таъминлаш мақсадида 28 та ҳудуддан 2 сотихдан ер участкалари ажратилиб, 19 та хизмат уйлари фойдаланишга топширилди. Қолган хизмат уйларининг қурилиш ишлари жадал суръатда олиб борилмоқда.
2017 йилда туманимизда барча манбалар ҳисобидан жами 110,0 млрд. сўмлик қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Давлат ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 32 та объект қурилди.
Туманда инвестиция дастурига мувофиқ 5 та мактаб ва 1 та МТМ биноси реконструкция режасига киритилди. Бўзёп овулидаги 77-сонли, Қангли овулидаги 79-сонли, Қиличбой овулидаги 82-сонли, Намуна маҳалласидаги 78-сонли, Юқори қишлоқ маҳалласидаги 81-сонли мактаблар, Чордара маҳалласида 50 ўринга мўлжалланган 3-сонли МТМ биноси режа асосида тўлиқ реконструкция қилинди.

Туманда ижтимоий соҳа объектларини капитал таъмирлаш режасига 3 та мактаб ва 1 та мактабгача таълим муассасаси киритилган эди. Жумладан, Амир Темур номли овулдаги 25-сонли, Дўрман овулидаги 20-сонли, Босув маҳалласидаги 26-сонли мактаблар ҳамда Холимбег овулидаги 29-сонли МТМ биносида капитал таъмирлаш ишлари сифатли якунланди.
Туманда янгиланган лойиҳалар асосида 1 млрд. 254 млн. сўм маблағ эвазига Олмазор маҳалласида нотариал ҳаракатларни амалга ошириш хоналарига эга Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими ҳамда Гулзор маҳалласида 479,0 млн. сўм маблағ эвазига нотариал хизмат идораси бинолари қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Қишлоқ хўжалигида фойдаланилаётган ерларда суғориш тизимини янада яхшилаш мақсадида ирригация тармоқларида 15 км. узунликда 2 млрд. 546 млн. сўмлик реконструкция ишлари, 62 км. узунликда 497 млн. сўмлик таъмирлаш-тиклаш ишлари, ерларнинг мелиоратив аҳволини яхшилаш мақсадида 5,8 км. узунликда 570,1 млн. сўмлик реконструкция ишлари, 178,6 км. узунликда 2 млрд. 322 млн. сўмлик таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга оширилди.
Натижада 2017 йил давомида давлатга топширилган ғалла ҳосили 7394 тонна бўлиб, режа 139,5 фоизга, шоли ҳосили 7048 тонна бўлиб, режа 146,8 фоизга, картошка маҳсулотлари 4551 тонна бўлиб, режа 121,8 фоизга бажарилди. Афсуски, 2017 йилда пиллачилик соҳасида камчиликларга йўл қўйилиб, 87,42 тонна пилла ҳосили топширилди. Бу 2016 йилга нисбатан 38 фоизни ташкил қилди.
Ўтган йили “Амударё йўллардан фойдаланиш” унитар корхонаси томонидан жами 5 млрд. 820,3 млн. сўмлик, “Амударё сув қурилиш бошқармаси” МЧЖ томонидан 1433,2 млн. сўмлик, “Манғит инвест максимум” МЧЖ томонидан 137 млн. сўмлик ҳажмда йўл қурилиши, таъмирлаш ва сақлаш ишлари амалга оширилди. Узунлиги 9,7 км. бўлган 14 та ички хўжалик йўлларини таъмирлаш ишларига эса жами 1416,3 млн. сўм маблағ сарфланди.
Туман аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 9,5 км. узунликда сув тармоқлари ётқизилди. Жумладан, Инвестиция дастури асосида Арна бўйи маҳалласи ҳудудидаги сув тақсимлаш иншоотигача 1 млрд. 154,3 млн. сўм маблағ эвазига 2,04 км. узунликда сув тармоғи қайта ётқизилиб, Вахум, Обод маҳалла аҳоли пунктлари ҳамда Босув маҳалласидаги 480 та хонадоннинг тоза ичимлик суви билан таъминланиш даражаси яхшиланди.
Олмазор маҳалласида 702,4 млн. сўмлик қурилиш ишлари бажарилиб, 5,4 км. узунликда сув тармоғи ётқизилди. Ушбу маҳалладаги 242 хонадон тоза ичимлик суви тармоғига уланди.
Аҳолини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида 110/35/10 кВ Манғит ёрдамчи станциясидан чиқувчи ХТ-10 кВ “Пахтазавод-2” фидерида 3,9 км, 110/10 кВ “Тўқимачи” ёрдамчи станциясидан чиқувчи “Чоғарақкўл” фидерида 6,2 км, ТП-265 трансформаторидан чиқувчи узунлиги 1,39 км. бўлган ХТ-0,4 кВ линиялари СИП проводга алмаштирилди, ТП-265 трансформаторининг 40 кВа қувватини 160 кВа га, ТП-169 трансформаторнинг 160 кВа қувватини 250 кВа га алмаштирилди.
Манғит шаҳрининг Бўстон, Навоий, Чордара, Ойбек маҳаллаларида яшовчи аҳолининг табиий газ билан таъминланиш даражасини яхшилаш мақсадида 1,7 км. узунликдаги газ тармоғи ички имкониятлар ҳисобига реконструкция қилинди.
Ҳурматли депутатлар ва сессия иштирокчилари!
Маълумки, мамлакатимизда аҳолини иш билан таъминлаш, янги иш ўринларини ташкил қилиш масаласига катта эътибор қаратилмоқда. Туманда 2017 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури бўйича 3030 та янги иш ўринлари яратиш режалаштирилган эди. Йил давомида 3062 та иш ўринлари яратилиб, белгиланган режа 101,1 фоизга бажарилди.
2016-2017 ўқув йилида туманимизда касб-ҳунар коллежларини 2378 нафар ўқувчи, шундан 1112 нафар қизлар, ўз йўналишлари бўйича тамомладилар. Битирувчиларнинг ишга жойлашишларини таъминлаш мақсадида тўрт томонлама шартномалар тузилиб, битирувчилар туманда фаолият кўрсатаётган 987 та корхона, ташкилот ва муассасаларга бириктирилди. 2017 йил давомида тумандаги касб-ҳунар коллежларида 7 маротаба бўш иш ўринлари ярмаркалари ташкил қилинди.

Аммо, айрим коллежлар битирувчиларнинг бандлигини таъминлашда камчиликларга йўл қўйилган. Жумладан, Дўрман қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежининг 76 фоиз, яъни 100 нафар битирувчилари, Амударё агробизнес касб-ҳунар коллежининг 75 фоиз, яъни 64 нафар битирувчилари, Амударё қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежининг 71 фоиз, ёки 172 нафар  битирувчилари вақтинча ишсиз экани ачинарли ҳолат, албатта.
Туманда 37 та мактабгача таълим муассасалари мавжуд. Уларда бугунги кунда 3778 нафар болалар таълим-тарбия олишади. Бу тумандаги мактабгача ёшдаги болаларнинг 18,5 фоизини ташкил қилади.
Мавжуд мактабгача таълим муассасаларнинг 16 таси замонавий лойиҳалар асосида қурилган, бугунги кун талабларига жавоб берадиган моддий базага эга таълим масканларидир. Қолган 21 тасининг бинолари эса муассаса ишга тушгандан буён капитал таъмирланмасдан келмоқда. Болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш ишларига хусусий секторларни жалб қилиш бўйича ишлар бошлаб юборилди. Жумладан, туманда хусусий мактабгача таълим муассасалари қурилишига ер майдонлари ва бино иншоотлари ажратиш юзасидан амалий ишлар қилинмоқда.
Туманда уй-жойга муҳтож, ногиронлиги бўлган ва меҳнатга лаёқатлилик даражаси чекланган хотин-қизларни арзон уйлар билан таъминлаш ва уларни касаначилик асосида тикув машиналари ҳамда буюртма билан таъминлаш бўйича ҳам амалий натижаларга эришилди. 2017 йил 5 сентябрь куни Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Турсунхон Худайбергенов иштирокида тумандаги 4 нафар ана шундай фуқароларга уй-жой топширилди.
 

Ҳурматли депутатлар ва сессия иштирокчилари!
Аҳолининг турмуш маданиятини ва сифатини ошириш, аввало, инсон саломатлигини асраш, оналик ва болалик муҳофазаси, соғлом авлод тарбияси борасида туман Тиббиёт бирлашмаси томонидан ҳам қатор амалий ишлар қилинмоқда.
Бирлашмага қарашли туман марказий шифохонаси, кўп тармоқли марказий поликлиника, 6 та сайёр врачлик бригадаси билан бирга тез тиббий ёрдам бўлими ҳамда жойлардаги 19 та қишлоқ врачлик пунктлари негизида 7 та қишлоқ оилавий поликлиникалари, 2 та ( Бердақ ва Қангли)  қишлоқ врачлик пунктлари фаолият юритмоқда.
Мақбуллаштирилган 10 та ҚВПлардан 6 таси негизида шифокорлар учун хизмат уйлари ташкил этилди, ҳамда аҳолига бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун тегишли хоналар фаолияти йўлга қўйилди. Қипчоқ ҚВП биносига марказий поликлиниканинг фтизиатрия бўлими кўчириб ўтказилди.              
1-Қипчоқ КВП биноси туман ҳокимлиги тасарруфига ўтказилди. Олмазор ҚВП биносини хусусий тиббий хизмат кўрсатиш учун тадбиркорга бериш режалаштирилган. Тўлқин ҚВП биносида “Тез ёрдам” шохобчаси ва участка нозири учун уй-жой ташкил этилди.
Қишлоқ оилавий поликлиникаларида терапевт, педиатр, гинеколог, жарроҳ, УТТ хоналари ташкил этилиб, тор доирадаги мутахассисларнинг фаолияти йўлга қўйилди ва аҳоли ихтисослашган тиббий хизматдан фойдаланиш имконига эга бўлди. Энг муҳими, мазкур тиббиёт масканларида эрталаб соат 8:00 дан 20:00 гача аҳолига тиббий хизмат кўрсатилмоқда.
Тиббий кўрикдан ўтказилиши режалаштирилган 175 минг 13 нафар аҳолидан 174 минг нафари (99,4 фоиз) кўрикдан ўтказилиб, 45 минг 441 нафарида (36,5 фоиз) турли касаллик белгилари аниқланган. Беморлар 100 фоиз соғломлаштирилган, 39 минг 988 нафари (88,1 фоиз) амбулатор, 5 минг 453 нафари (12,0 фоиз) стационар, 170 нафари (0,4 фоиз) санатория-курортлар шароитида соғломлаштирилди.
Ҳомиладорларни ҳисобга олиш  2017  йил  давомида 4033 та (2016 йилда  3831 та) бўлган, ўтган йилга нисбатан 202 га кўпайган бўлса, туғилиш кўрсаткичи 2017 йилда 3509 та бўлиб, ўтган йилга нисбатан 418 га (2016 йил  3927 та) камайган.
Туманимизда 2017 йил давомида ФҲДЁ бўлими томонидан 1477 никоҳ қайд қилинган бўлиб, бу кўрсаткич 2016 йилга нисбатан 17 тага (2016 йилда – 1494 та) камайган. Оилавий ажримлар 2017 йилда 93 та бўлиб, ёлғиз она кўрсаткичи 120 тани ташкил қилган. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 31 тага камайган. Оталиқни белгилаш ҳолати эса 346 тани ташкил қилиб, ўтган йилга нисбатан 41 тага кўпайган.
 

Ҳурматли сессия иштирокчилари!

Муҳтарам Президентимиз томонидан 2017 йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши муносабати билан жойларга чиқиб халқ билан мулоқот қилиб, уларнинг кундалик муаммо ва таклифларининг жойида ечимини топишда фуқаролар йиғинларида 82 та учрашувлар ташкил қилиниб, 342 фуқароларнинг муаммо ва таклифлари жойида ечилди.
2017 йил давомида фуқароларимиз ва тадбиркорларимиздан 1 минг 738 та ёзма ва оғзаки мурожаатлар келиб тушди. Жумладан, Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг виртуал қабулхонаси орқали 253 та, Халқ қабулхонаси орқали 175 та, ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали 10 та мурожаатлар келиб тушди.
Мурожаатларнинг аксарият қисми уй-жой ва ер олиш (263 та), деҳқон ва фермер хўжаликлари (86 та), соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот (68 та), моддий ёрдам (63 та),  қурилиш (89 та), ишга жойлашиш ва иш ҳақи (49 та) масалаларига тегишлидир. Шунингдек, 25 та такрорий мурожаатлар келиб тушган.
Туман ҳокимлиги томонидан фуқароларнинг мурожаатларини камайтириш, уларни ижобий ечиш, такрорий мурожаатларга йўл қўймаслик юзасидан  тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилган ва амалга оширилмоқда.
 

Ҳурматли депутатлар ва сессия иштирокчилари!
Энди рухсатингиз билан 2018 йилда амалга оширилиши режалаштирилаётган ишлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсам.
2018 йилнинг мамлакатимизда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилиниши муносабати билан замон талабларига жавоб берадиган технологияларни олиб келиш, фаол тадбиркорликка янада кенг йўл очиб бериш мақсадида режаларимизни белгилаб олдик.
2018 йилда 278 млрд. сўмлик (ўтган йилга нисбатан 126 фоиз) саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда. Бунинг учун қиймати 89 млрд. 203 млн сўмлик инвестициялар жалб қилиниб, 136 та лойиҳаларни амалга ошириш ва 571 та янги иш ўринларини яратиш белгиланган.
Саноат соҳасини ривожлантириш мақсадида 12 та йирик лойиҳалар учун 35 млрд. 591 млн. сўмлик инвестициялар, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида умумий қиймати 9,0 млрд. сўмлик 11 та лойиҳалар, қишлоқ хўжалиги соҳасида эса умумий қиймати 5 млрд. 333 млн. сўмлик 4 та лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилмоқда.
Амударё туманида 2018 йилда ижтимоий соҳа объектларини қуриш ва реконструкция қилиш Инвестиция дастурига 16 млрд. 995 млн. сўмлик 17 та объектлар киритилди. Жумладан, “Қиличбой” овули ҳудудидаги 8-сонли мактаб биносини реконструкция қилиш, “Чойкўл” овули ҳудудида 42-сонли мактаб биносини капитал таъмирлаш, Қипчоқ понтон кўпригини реконструкция қилиш, “Оқ олтин” қишлоқ оилавий поликлиникаси биносини таъмирлаш, “Қуйи-Қипчоқ” сув иншоотини реконструкция қилиш, 12 та сув объектларини мукаммал таъмирлаш ва реконструкция қилиш режалаштирилмоқда.  
Муҳтарам Президентимизнинг қишлоқ жойларда янгидан намунавий лойиҳалар бўйича уй-жой қурилиши кўламини кенгайтириш бўйича қарорларига асосан туманимизда 2018 йилда 53 млрд. 540 млн. сўм маблағ эвазига 287 та уй-жойлар қурилиши режалаштирилган. Уй-жойга муҳтож, ногиронлиги бўлган ва меҳнатга лаёқатлилик даражаси чекланган 4 нафар фуқароларга арзон уйларни ажратиш режалаштирилган.
Туманда аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида Бандлик дастури тасдиқланиб, бу йили 1240 та янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган.
Туманда агротехник тадбирлар амалга оширилишида қўлланиладиган 1 млрд. 962 млн. сўмлик техникалар олиш учун маблағлар ажратилиши кўзда тутилмоқда. Жумладан, “Агробанк”нинг 5 фоизлик кредит маблағлари ҳисобига 1 млрд. 48 млн. сўмлик 4 дона техникалар ҳамда лизинг асосида 4 турдаги 414,0 млн. сўмлик 18 дона техникалар олиб келиниши режалаштирилган.
2018 йилда 15 минг 750 гектар майдонга чигит экиш, 32 минг 575 тонна пахта етиштириш ҳамда давлат хирмонига 7 минг 400 тонна ғалла ҳосили топшириш режалаштирилган.

2018 йил ҳосили учун жами 1200 гектар ерга аччиқ қалампир ва 500 гектар майдонга қизилмия экиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, 157 млн. сўм маблағ эвазига 16,3 минг дона интенсив мева кўчатларини харид қилиб, 20 гектар майдонда интенсив боғ барпо қилиш кўзда тутилмоқда. Қолаверса, 280 млн. сўмга 60 минг дона ток кўчатлари харид қилиб, 17 та хўжаликлардаги 50 гектар токзорни янгидан барпо қилиш бўйича чора-тадбирлар белгиланган. Натижада иқтисодий самара бермаётган 10 гектар боғлар ва 10 гектар токзорлар реконструкция қилинади.
 

Ҳурматли депутатлар ва сессия иштирокчилари!
Фурсатдан фойдаланиб, Сиз – азиз депутатларни, туманимиз фаолларини халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини янада оширишда муҳим давр бўлган 2018 йилда туманимизни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш дастурларини амалга оширишда фидойилик билан, фаол иштирок этган ҳолда мамлакатимизнинг иқтисодий ривожига, аҳоли турмуш фаровонлигининг янада яхшиланишига ҳисса қўшишга чақираман. Бу йўлда барчангизга соғлик, оилаларингизга бахт, ишларингизга муваффақиятлар тилайман!

Янгиликни бўлишинг: