"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8312.64 -2.85
  • 1 EUR = 9456.46 +47.75
  • 1 RUB = 125.22 +1.15

Халқаро Болалар китоби куни муносабати билан "Тараққиёт кўзгуси" газетаси таҳририяти викторина ўтказди

Халқаро болалар китоблари кенгаши томонидан болаларни китобхонликнинг аҳамиятини англашга даъват этиш мақсадида 1967 йилда 2 апрелни – Халқаро Болалар китоби куни сифатида нишонлашга қарор қилинган.

Болалар китоби куни сифатида айнан шу сананинг танланиши бежиз эмас. Сабаби, 2 апрель куни жаҳон болаларининг севиб ўқийдиган эртаклари муаллифи Ганс Христиан Андерсен таваллуд топган кун. Ушбу сана шундан бери болалар китобхонлиги тарғиб этиладиган кун сифатида дунё бўйича кенг нишонланади.

Халқаро болалар китоби кунида турли болалар китоблари кўргазмалари, танловлар, маънавий-маърифий тадбирлар, хилма-хил акциялар ўтказилади.

2 апрель куни туманимизда ҳам болалар ўртасида китобхонлик маданиятини ошириш, уларнинг бадиий адабиётга бўлган қизиқишларини, китоб ўқишга интилишларини янада кучайтириш ҳамда ҳаётда эзгу мақсадларга эришишда китоб энг тўғри йўлни кўрсатувчи ишончли дўст эканлигини англатиш мақсадида “Тараққиёт кўзгуси” газетаси мухбирлари ва “Жайхун илҳомлари” нодавлат нотижорат ташкилоти ходимлари ўқувчи-ёшлар ўртасида сўровномалар ўтказиб, викторина ташкил қилди.

Викторинада ўқувчи ёшларга 2 апрель – қандай кун сифатида нишонланиши, юртимизда китобхонлик маданиятини ошириш ва тарғиб қилиш бўйича қандай чора-тадбирлар кўрилаётгани, қандай танловлар ўтказилаётгани, болаларнинг қанча китоб ўқиганлиги ва қандай китобларни кўпроқ мутолаа қилишга қизиқишлари ҳақидаги саволлар берилди ва фаол қатнашган ёшларга китоблар совға қилинди. Ёшларимизнинг бу саволларга қандай жавоб берганлигига гувоҳ бўлиб, шунга амин бўлдикки, улар ҳали етарли даражада китоб ўқияпти, дея олмаймиз. Бу эса китобхонликни тарғиб қилиш бўйича тадбирлар кўламини янада ошириш ва кутубхоналарда китоблар сонини кўпайтириш, ёшларни кутубхонага жалб этиш, қолаверса, оилада ота-оналар ҳам фарзандларига китоб ўқишларига имконият яратишлари зарурлигидан далолат беради.

Китоб – ҳаёт йўлини ёритувчи ёрқин машъала. Китоб билан дўстлашиш инсонни юксакликка олиб чиқади ва унга жаҳонни танитади. Шу билан бирга китоблар замон ва элат танламасдан, доимо инсонларга ҳамроҳ бўлиб келган. Буни ёш авлодга ҳам англатиб, уларни китобга ошно қилиш, болаларимизнинг комил инсон, келажакнинг муносиб эгалари бўлиб вояга етишларига замин яратиш – ҳар биримизнинг асосий вазифамиз.

Озода ХУДОЙБЕPГАНОВА

(Фото:  Fikr.uz)

Янгиликни бўлишинг: