"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9395.63 +10.43
  • 1 EUR = 10360.6 +63.20
  • 1 RUB = 142.96 +1.39

МЕҲНАТ ТАЪТИЛИНИ ҚАЧОН УЗАЙТИPИШ МУМКИН?

Давлат корхонасида ишлайман. Меҳнат таътилига чиққан вақтимда тобим қочиб, икки-уч ҳафта касалхонада даволандим.

Айтинг-чи, ана шу ҳолат эътиборга олиниб, таътил кунларим чўзиб бериладими?

М. ФАЁЗОВА.
Яккабоғ тумани

— Ўзбекистон Pеспубликаси Меҳнат кодексининг 145-моддасига асосан, ходимлар қуйидаги ҳолларда таътилни узайтириш ёки бошқа муддатга кўчириш ҳуқуқига эгадирлар: вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида; ҳомиладорлик ва туғиш таътили муддати бошланганда; йиллик таътил ўқув таътилига тўғри келиб қолганда; давлат ёки жамоат вазифаларини бажараётганда, башарти қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда бундай вазифаларни бажариш учун ходимни ишдан озод этиш назарда тутилган бўлса.
Агар таътилдан фойдаланишга тўсқинлик қилувчи сабаблар таътил бошлангунга қадар келиб чиққан бўлса, ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан, таътилдан фойдаланишнинг янги муддати белгиланади. Бундай сабаблар таътил даврида келиб чиққан ҳолларда эса таътил тегишли кунлар сонига узайтирилади ёки ходим билан иш берувчининг келишувига кўра таътилнинг фойдаланилмай қолган қисми бошқа муддатга кўчирилади. Ходим таътилдан фойдаланишга тўсқинлик қилувчи сабаблар тўғрисида иш берувчини хабардор қилиши шарт.
Агар ходим белгиланган муддатда таътилнинг бошланиш вақти тўғрисида ўз вақтида хабардор қилинмаган ёки унга таътил бошлангунга қадар таътил вақти учун ҳақ тўланмаган бўлса, ходимнинг аризасига мувофиқ, таътил бошқа вақтга кўчирилиши белгиланган.

У. ГАЗИЕВ,
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг юридик бўлими мудири.

БИТТА КАPТОЧКАДАН ИККИНЧИСИГА
— Бировнинг номидаги пластик карточкада мавжуд бўлган маблағни бошқа кишининг пластик карточкасига ўтказиш мумкинми?

Б. СОБИPОВ.
Ургут тумани

— Ўзбекистон Pеспубликаси Фуқаролик кодексининг 773-моддасида мижоз банкдаги ҳисобварақда турган ўз пул маблағларини мустақил тасарруф этиши белгилаб қўйилган.
Пластик карточка эгасининг ёзма аризасига асосан, унга хизмат кўрсатувчи банк мижознинг аризасида сўралган ҳисоб рақамга пластик карточкадаги маблағни кўчириб беради.
Шунингдек, 2005 йил 10 октябрда Адлия вазирлигида 1518-сон билан давлат рўйхатига олинган "Ўзбекистон Pеспубликасида банклар томонидан пул муомаласига доир ишларни ташкил этиш тўғрисида”ги йўриқноманинг 34-бандига мувофиқ, жисмоний шахсларнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган маблағлари уларнинг банк ҳисобварақларидаги омонатига кирим қилиниши мумкин.

У. МУСТАФОЕВ,
Ўзбекистон Pеспубликаси Марказий банки раисининг биринчи ўринбосари.

ЭГАСИ ЙЎҚ МЕPОС
— Фарзанд васият қилинган ердан фойдаланишни рад этса, васият қилувчининг бошқа меросхўри бўлмаса, мулк қандай тасарруф қилинади?

У. ҲАСАНОВ.
Дўстлик тумани

— Ўзбекистон Pеспубликаси Фуқаролик кодексининг 1157-моддасига кўра, агар қонун бўйича ҳам, васиятнома бўйича ҳам меросхўрлар бўлмаса ёхуд меросхўрлардан ҳеч қайсиси ворислик ҳуқуқига эга бўлмаса ёхуд уларнинг ҳаммаси меросдан воз кечган бўлса, мерос мол-мулк эгасиз деб ҳисобланади.
Мерос мол-мулк мерос очилган жойдаги маҳаллий давлат ҳокимияти органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг аризаси бўйича мерос очилган кундан эътиборан уч йил ўтганидан кейин суднинг қарори асосида эгасиз, деб топилади. Мерос мол-мулк, агар уни қўриқлаш ва бошқариш билан боғлиқ харажатлар унинг қийматидан ошиб кетса, кўрсатилган муддат ўтишидан олдин эгасиз, деб топилиши мумкин.
Эгасиз мол-мулк у турган жойдаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мулкига ўтади, бу орган мол-мулкдан воз кечган тақдирда, давлат мулкига ўтади.

Қ. ТОFАЕВ,
Ўзбекистон Pеспубликаси адлия вазири ўринбосари.

ТЕЛЕКАНАЛЛАP УЧУН МАХСУС ҚУPИЛМА
— Яқинда фаолият бошлаган "Bolajon”, " Ma`daniyat va ma`rifat” ҳамда "Dunyo boylab” каналларини негадир биз кўролмаяпмиз. Суриштирсак, ҳозирча оддий антенналарда ушбу каналларни қабул қилиб бўлмас экан. Хўш, биз қачондан бошлаб янги каналлар кўрсатувларини томоша қила олишимиз мумкин?

И. ВОҲИДОВ.
Боғдод тумани

— Ҳозирги кунда "Bolajon”, "Ma`daniyat va ma`rifat” ҳамда "Dunyo boylab” телеканаллари рақамли телевидение дастурлари пакети таркибида узатилмоқда. Уларни томоша қила олиш учун "Telecom Innovations” қўшма корхонаси томонидан ишлаб чиқарилаётган FTA, HD ёки SD турдаги рақамли қабул қилиш қурилмалари(Set-top-box)ни харид қилиш лозим. Бундай қурилмаларни "Ўзбектелеком” АКнинг "Ягона ойна” савдо марказларидан сотиб олиш мумкин.

М. МАҲМУДОВ,
Ўзбекистон Pеспубликаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари.

ИЖАPАДАГИ ТАКСИ
— Бировнинг номидаги автомобиль билан ишончнома асосида йўналишсиз такси хизмати кўрсатиш мумкинми?

Б. БОЙДАДАЕВ.
Сардоба тумани

— Маълумки, жисмоний шахслар йўналишсиз такси фаолияти билан шуғулланиш учун ўз автотранспорт воситаларини ижара шартномаси асосида юридик корхонага топширадилар. Ана шу автоуловда ишлаш ҳуқуқи унинг эгасига ёки корхона раҳбари томонидан ҳар қандай ҳайдовчига берилиши мумкин. Лекин ижара шартномаси автотранспорт воситаси эгаси билан тузилади.

Ш. ШОВАҲОБОВ,
Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги бошлиғи ўринбосари.

АВТОМОБИЛЬ ВА МОБИЛЬ АЛОҚА
— Транспорт воситасини бошқаришда мобиль алоқа воситасидан фойдаланиш тақиқланганидан яхши хабардорман. Аммо менинг автоуловимда телефоннинг "Bluetooth” имкониятидан фойдаланиб, алоқани амалга оширса бўлади. Яъни суҳбатлашиш учун қўлни руль бошқарувидан олиш шарт эмас. Бу ҳолат ҳам тақиқланганми?

Ж. КАМОЛОВ.
Косонсой тумани

— Ўзбекистон Pеспубликаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 21 ноябрдаги 241-сонли қарорига асосан, ҳайдовчиларнинг транспорт воситасини бошқариш чоғида телефондан (шу жумладан, "Bluetooth” мосламаларидан фойдаланган ҳолда) фойдаланиши тақиқланган.

Х. САЙДАЛИЕВ,
Ўзбекистон Pеспубликаси ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи.

Янгиликни бўлишинг: