"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7997.95 -28.83
  • 1 EUR = 9396.79 -201.29
  • 1 RUB = 128.37 -1.63

Амударёлик қизлар - Ўзбекистон вице-чемпиони!

Яқинда 22-27 март кунлари давомида Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида 14 ёшгача бўлган ўсмир қизлардан иборат жамоалар ўртасида спортнинг мини-футбол тури бўйича Ўзбекистон чемпионати мусобақалари ўтказилди. Чемпионат мусобақалари 3 турда ўтказилиб, уларда Қашқадарё, Навоий, Хоразм, Андижон, Сирдарё, Жиззах вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Pеспубликасидан ташриф буюрган 7 та футбол жамоалари қизлари иштирок этдилар.
Қорақалпоғистон Pеспубликаси босқичида ўтказилган мусобақада иштирок этиб, 1-ўринни қўлга киритган Амударё тумани футбол жамоаси қизлари Ўзбекистон чемпионлиги учун ўтказилган мусобақаларнинг биринчи турида Сирдарё вилоятининг “Гулистон” жамоаси билан ўйинда қатнашиб, ғолибликни қўлга киритдилар. Иккинчи тур ўйинларида Хоразм вилоятидан ташриф буюрган футбол жамоаси қизлари билан майдонга тушиб, уларни ҳам ўз голлари билан ортда қолдирдилар. Учинчи турга чиққан туман футбол жамоаси қизлари Андижон вилояти футбол жамоасини 4:2 ҳисобида ютиб чиқиб, мусобақанинг финал босқичига йўллланма олдилар.
Финал босқичда амударёлик футболчи қизлар Қарши шаҳрининг “Севинч” футбол жамоси қизлари билан майдонда тўп суришдилар. Футбол майдонида қизғин ўтган мусобақаларда Амударё тумани футбол жамоаси қизларига Ўзбекистон Pеспубликаси чемпионатининг 2-ўрин ғолиби бўлиш насиб қилди. Жамоа қизлари кубок, кумуш медаль, диплом ва совғалар билан тақдирландилар.
Чемпионатдан совринли ўрин ва медаллар билан қайтган Амударё туманининг Холимбег овули футбол жамоасини туман ҳокимлиги, туман спорт қўмитаси, туман Болалар-ўсмирлар спорт мактаби мураббийлари ва спортчи ёшлари ҳамда ота-оналар тантанали кутиб олдилар. Кутиб олиш маросимида туман ҳокими Султонбой Йўлдашев, туман ҳокими ўринбосари Марям Аҳмедова, туман Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори Чоршам Тожимуродов ҳамда ота-оналар сўзга чиқиб, қизларни қизғин қутладилар. Туман ҳокими Султонбой Йўлдашев мини футбол бўйича ўтказилган Ўзбекистон чемпионати мусобақаларида иштирок этиб, 2-ўрин ғолиби бўлган қизлар ва уларнинг мураббийларининг ҳар бирига биттадан, жами 13 та велосипед совға қилди.

Озода Худойберганова, журналист.

Янгиликни бўлишинг: