"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8181.08 +1.34
  • 1 EUR = 9427.06 -41.77
  • 1 RUB = 122.73 -3.84

СИЗ ОНАМГА ЎХШАЙСИЗ

(Бадиа)

(Биринчи устозим Ақбўлиш опа Жайлиевага)

Баҳор келганига ярим ой бўлай деб қолди-ю кунлар илий демайди. Худди қиш ҳукмронлигини бергиси келмаётгандай. Осмонни қалин булут қоплаган бугунги рутубатли кун  эрталабдан таъбимни хира қилди. Ҳар-ҳар замонда селгилаб турган ёмғир йўлларни бироз намлаган. Кузакда йўл четларидаги дарахтлар шохларидан узилиб ерга тушган япроқлар шамол забти билан лой йўлга ёпишиб қолган. Ҳар қадамингда оёғингга илашиб бадтар ғашингга тегади одамнинг. Бу манзаралар  худди кеч куз кунларига менгзайди. Ўзимнинг бу ўхшатишимдан кайфиятим бадтар бузилди. Кўкламни қарши олмоққа чоғланиб турганингда кузга дуч келсанг... Билмадим бошқаларга қандай, лекин кузак келди дегунча менинг кўнглим бузилаверади. Куз менинг назаримда кўкламда одамларнинг кўзларини яшнатиб жонланган ўт-ўланлару экинлар умрига хотима  ясаб, ҳар қанча тотли бўлса-да тирикликнинг интиҳоси муҳаррар эканлигини уқтираётгандай, фоний дунё омонатдай, яшашнинг қизиғи йўқдай. Ҳаётнинг икир-чикир ташвишлари, ушалмаган армонларим, бу дунёнинг мен жавоб тополмаган сўроқлари, битиришга улгурмаган ишларим юрагимни тирнайверади, кўксимдаги қавариқлар симиллаб оғрийди. Шундай дамларда онам - меҳрибон, мунисгина онамни қаттиқ қўмсайман, беадад азобларимга юпанч излаб куз насимларидек саросар кезаман. Шунда... шунда... кўз ўнгимда Сиз пайдо бўласиз. "Кел бағримга” дегандай нигоҳингизда сўнгсиз меҳр жилваланади. Шундай дамларда Манғит-у Тўлқин орасини бир қадам қилиб сиз томон югургим, худди мен армон билан қўмсаб, соғиниб яшаётганим - онамники каби кенг, меҳрга тўлуғ бағрингизга сингиб кетгим, то кўнглим таскин топгунча қолиб кетгим келади. Чунки... чунки... сиз жуда-жуда онамга ўхшайсиз. Буни мен биринчи синфга борган илк куним-оқ англагандек бўлдим.

Бу воқеа эҳтимол, сизнинг эсингизда ҳам йўқдир (ахир сиз мен каби неча-неча ўғил-қизларни биринчи синфга қабул қилиб олиб, бошланғич таълим бериб, юқори синфларга кузатиб қўйгансиз), аммо менинг худди кечагидек ёдимда. Ўша куни мактаб деган қутлуғ даргоҳ салобати босдими ё тасодифми, пишган ғишт тўшалган (у пайтларда тахта пол қаёқда дейсиз) торгина пастак коридордан синф эшигига энди кираётиб қоқилиб йиқилдим. Иккала тиззам ҳам шилинди. Қўлимдаги онам туни бўйи бежаб-нақшлаб тикиб  берган қуроқ папкам ичидаги дафтар, ручка, беш-олти дона ўрик қоқи ва шапалоқдай ноним ҳар ёққа сочилиб кетди.

Йиғилган болалар гурр кулди. Хўрлигим келса-да номус кучлилик қилиб чидадим. Сиз тезда келиб мени ўрнимдан турғизиб бағрингизга босиб овутдингиз. Болалар буйруғингизга кўра менинг сочилиб ётган нарсаларимни йиғиштириб берди, сиз папкамга солиб қўйдингиз. Кейин йиқилганнинг устидан кулиш бемаънилик эканини, энди бундай қилмаслик лозимлигини тушунтирдингиз.

- Энди ҳаммангиз бир синфда ўн йил ўқийсизлар. Синфдош дўст, бир онанинг фарзандларидай бир-бирингизга меҳрибон бўлинг, - дея уқтирдингиз.

Эсингиздадир, синфимизда 12 ўқувчи эдик. Ҳеч биримиз гапингизни икки қилмасдан вазифаларимизни бажариб келар, дарсда тўполон қилмасдик. Бизнинг назаримизда сизнинг топшириғингизни бажармаслик мумкин эмасдек эди. Бизни шундай бир сеҳрли, қизиқарли оламга етаклар эдингизки, ҳеч биримиз орқада қолишни истамасдик. Сизнинг сабоқ беришингиз ҳам, овулимиз шевасини қорақалпоқчага аралаштириб гапиришингиз ҳам (Нукусдан овулимизга келин бўлиб тушганингизни кейин англадим), ораста кийинишингиз ҳам биз учун бир мўъжизадек эди. Сиз эса шу қишлоқ болаларига дарсимни ўтсам бўлади-да демасдингиз, бизнинг ҳатто уйимизда кимларимиз бор, нима иш қилиши-ю, дарсдан сўнг нималар билан шуғулланишимизгача қизиқардингиз, йўл-йўриқлар берар, эринмай суҳбатлашардингиз. Қишнинг аёзли кунларида дарсдан сўнг тарқалар маҳалимиз ҳар биримизнинг бирин-кетин уст кийимларимизни кийишимизга ёрдамлашиб, рўмолларимизни юзимизга тушириб ўраб, тугмаларимизни қадаб, юқори синфда ўқийдиган опа-акаларимизга ё қўшнимизга бирга олиб кетишини тайинлардингиз. 60-йилларнинг охирларида кўпчилик оилалар ночор яшашар эди-да, бизни кийинтираётиб баъзан кийимларимиз юпунлигидан жонингиз ачиб, бошингизни чайқардингиз.

- Кимнинг опасининг ё акасининг тор келиб қолган кийими бўлса, уялмай кийиб келаверинглар, ахир сизлар ўз опангизнинг, акангизнинг изидан борадиган ўринбосарларисизлар. Муҳими, шамоллаб касал бўлиб қолишдан эҳтиёт бўлиш керак. Ҳали катта йигит-қизлар бўлиб, ҳар бирингиз ҳар касбда ишлаб, ўзларингиз пул топасизлар. Шунда яхши-яхши кийимлар олиб киясизлар.

Сизнинг яхши сўзларингиз тафтида уйимизга қандай етиб келганимизни билмай қолардик.

Эсимда, синфимизда баланд кунгурадор печ бўларди. Қиш кунларида мактабимиз фарроши, қоровули Ҳабиш бува (худо рахмат қилсин!) ўтин ёриб берар, сиз дарс ўқитиб юриб печкага ўтин қалар, келганнинг устки кийимини ечиб олиб, исинтириб сўнг жойига ўтирғизардингиз. Қизиқ! Энди – ҳозирлари ўйлайман. Коммунизм қураяпмиз, деб жар солиб юрган раҳбарлар 60-йиллар охирларида болаларнинг шундай аҳволдаги мактабларда илм олаётганидан уялишмаганмикан? Тағин бор-йўғи 2 та синфхонаси бор, ҳар бирида 2 та синф яъни 1-ва 3-,2-ва 4-синфлар бирга дарс ўтадиган бошланғич мактабимиз сиртқи эшиги устида "Ҳамма яхши нарсалар болаларга” деган ёзув осиғлиқ турарди. Пастак томидан сал ёмғир ёғса, чакка ўтадиган, бир партада уч-тўртовимиз ўтириб ўқийдиган мактабимизга бу шиор нима зарил эди, билмайман. Бироқ биз эрталабданоқ яна мактабга, ширин-сухан, хушбичим, фариштамисол гўзал ва меҳрибон муаллима опамизга берган топшириқларини қандай бажарганимизни кўрсатишга ошиқардик. Бир оғиз мақтов эшитсак, ўзимизни осмонда ҳисоблардик. Чунки сиз талабчан ҳам эдингиз-да.

Ўшанда қишнинг қаҳри кетмаган кунлар эди. Менинг ёнгинамдаги партада ўтирадиган Тўлғоной деган қиз (илоҳим руҳи шод бўлсин!) бир ҳафтагача дарсга келмай қўйди. Бир куни сиз синфга хафаҳол кириб келдингиз. Ҳаммамиз одатдагидай дувв этиб ўрнимиздан турдик. Саломлашиб бўлгач,

- Болалар, - дедингиз-да хўрсиниб жим қолдингиз. Нима деркинсиз, деб юрагимизни ҳовучлаб турибмиз. Кейинги эшитган гапларимиз ундан-да оғир бўлди: - Синфдошингиз Тўлғоной оламдан ўтибди. Қандай яхши қиз эди. Ҳали сизлар йиллар ўтиб катта-катта ўғил-қизлар бўласизлар. Мактабни тамомлаб ҳар бирингиз ҳар ёққа сочилиб кетасизлар. Шундай вақтларда ҳам, то умрингизнинг охиригача бир-бирингиз билан дўст бўлиб қолинг. Орангиздан бевақт  кетган Тўлғонойни ҳам унутманг!

Биз, биринчи синф болалари сизнинг маъюсланиб айтган сўзларингизнинг маъносига етиб-етмасак-да оқ сариқдан келган, бизга нисбатан бўйдор, аълочи қиз Тўлғоной энди йўқ, биз билан ўқимаслигини, биз уни унутмаслигимиз кераклигини англадик.

Қизиқ! Бир ўқувчингиз – яъни мен сизнинг ҳар бир сўзингизни кўнглимга шунчалар муҳрлаган эканманки, мана орадан 45 йилча вақт ўтиб ҳамки, ўша қиз ҳамон кўз ўнгимда қолиб кетган. Мен ҳозир катта-ю кичигини беш бармоғимдай биладиган овулимизда Тўлғоной кимнинг қизи эканлигини ҳануз билмайман, улғайганимда ҳам ҳеч суриштирмаганман. Чунки ўша хотираларни ҳеч бузмасдан, қандай бўлса, шундайлигича эслагим келади.

Одамзотнинг табиати қизиқ. Баъзан тоғни уриб талқон қилгудай қудрат топасан ўзингда. Тинмай елиб-югураверасан. Ойлаб навбат кутиб ётган ишларингни зумда саранжомлаб ташлайсан. Яна "шу ишни нега аввалроқ қилиб қўймадим экан-а”, деб ўйлаб қўясан. Баъзан эса ўрнингдан сал қўзғалиб қўйиш ҳам малол келади. Мен қиш кунларида, айниқса, ҳаво рутубатли бўлса шундай ҳолга тушаман. Офтобли, илиқ, ёрқин кунларни хаёл қилганча кўзларимни юмиб ётавергим келади. Ҳеч ким халал бермаса дейман. Болаликдан шундай эдим.

Ўша йили, мен иккинчи синфдалигимда қиш жудаям чўзилиб кетдими ё менинг болалик тасаввуримга шундай туюлдими, ҳафта бўйи қуёш юз кўрсатмади. Бир куни тунда бошланган ёмғир эрталаб биз мактабга келиб дарсимизни бошлаганимизда ҳам тинай демади. Биримизнинг партамизга, биримизнинг устимизга пўттиллаб чакка томади. Кимнинг устидан томчи ўтса, партасини шифти омон жойга кўчириб дарс ўтаяпсиз. Математика дарси эди. Деразага чирсиллаб урилаётган ёмғир хаёлимни қочирди. Кун яримлаб қолган бўлса-да булут қалинлигидан синф нимқоронғи. Дарс тугаб уйга лой кечиб кетишимизни ўйлаб дилим бадтар хуфтон бўлди. Хаёлан қанийди, ҳозир бирдан эртаклардагидек кўзимни бир очиб юмсам-да, гуллаб-яшнаган баҳорда пайдо бўлиб қолсам, деб ўйладим. Шу манзарани шундай қўмсадим, шундай қўмсадим. Ва хаёлан орзуимга эришдим. Дафтарим юзига беихтиёр ёздим:

Тўнг қалбимга шодликлар инди,

Бир ажиб ҳис туйдим бу наҳор.

Мени шўх-шан қаршилар эди –

Тушларимда кўрганим - баҳор.

Кейин нима бўлди, орадан қанча вақт ўтди, билмайман.

- Сенга айтаяпман, тур ўрнингдан, нима  қилиб ўтирибсан?

Болаларнинг гурр кулгусидан билдимки, бу саволни такрор (эҳтимол учинчи марта) бераяпсиз. Доска юзида айқаш-уйқаш мисоллар, қўлингизда бўр. Жаҳлингиз чиққани шундоқ билиниб турибди.

Ўрнимдан турдим.

- Нима қилиб ўтирибсан, деб сўраяпман?

Саволингиз яна жавобсиз қолди. Бир-бир одимлаб ёнимга келдингиз. Ҳамма  жим. Сизни менга уришади, деб юрак ҳовучлаб ўтиришибди. Секин дафтаримни қўлингизга олдингиз. Ўша тўрт қатор шеърни неча марта ўқидингиз, билмадим, анча туриб қолдингиз. Сониялар шундай оғир, шундай узун туюлдики менга. Сиздан ҳадеганда садо чиқа қолмасди. Дафтарим қўлингизда, жойингизга бориб ўтирдингиз-да болаларга уйга вазифа топшириб, қайтишларига рухсат бердингиз. Мен юзингизга қарай олмасам-да қўлингиздаги математика дафтарим юзидаги мен ҳозиргина ёзган шеърдан нигоҳингизни узмаётганингизни сезиб турардим. Кўнглимда бир умр муҳрланиб қолган ўша манзара ҳозир ҳам кўз ўнгимда. Мен сиз тушунтирган мисолларни кўчириш ўрнига беихтиёр хаёл оғушида бир зум баҳорда яшаганим-у, буниси ҳам майли-я, ундаги кечинмаларимни математика дафтарим юзига  (келиб-келиб) туширганим учун ўзимни ёмон ҳис қилдим. Сизнинг койишингиздан қўрқдимми ё яхши иш қилмадим, деб ўйладимми, билмайман. Деразага қараб туравердим. Эзилиб ёғаётган ёмғир томчилари ҳамон ойнага чирс-чирс урилади. Осмондан тўкилаётган томчилар гўё адоғсиздай.

- Баҳор кунларида эрталаб кун чиқишини ҳеч кўрганмисан? – ниҳоят тилга кирдингиз. – Уфқнинг илк қип-қизил шуълалари Қоратовнинг ўркач-ўркач чўққиларига сочилади. Осмон шундай тиниқ, шундай шаффоф кўринади. Мен баҳорни соғинсам нуқул шу манзара кўз ўнгимда жонланаверади.

Бир зум хаёл суриб турдингиз. Кейин менга доскага ҳозиргина ишлаган мисолингизни қайта тушунтириб, уйга топшириқ бердингиз.

Ўшанда-ку гўдак эканман. Оқ-қорани таниганимдан бери ҳам ҳар гал шу воқеа эсимга тушса, мен сизнинг ўрнингизда бўлсам, нима  қилган  бўлардим, деб кўп ўйлайман. Ўйлайман-у жўяли бир фикрга келолмайман. Бироқ ўша дамдаги муомалангиз менга бир умрлик ёзишга рағбат бўлганлигини аниқ айта оламан.

...Бундан уч-тўрт йил олдин, янги йил байрами арафасида туманимизнинг бир мактабига кам таъминланган оилалар фарзандларига қишки кийим тарқатгани бораётган юқори ташкилотлар вакилларига ҳамроҳ бўлдим. Гуруҳ раҳбари ўрта яшар аёл давлатимизнинг болаларга ғам-хўрликлари ҳақида, айниқса кам таъминланган оилалар фарзандларига қаратилаётган эътибор ҳақида ваъз айтди-да, кейин мазкур мактабдан 50 нафар шундай тоифадаги ўқувчиларга қишки кийим олиб келишганини мисол қилиб, уларнинг фамилияларини айтиб чақира бошлади. Янги йил байрамига деб мактаб ўқувчилари, ота-оналар, ўқитувчилар йиғилиб турган улкан даврадан эллик фамилия ўқилганда ҳам бир бола менман, деб олдинга чиқмади.

- Қани, фамилиялари ўқилган ўқувчилар келинг, совғангизни олинг!

Маърузачи аёл ҳайрон бўлиб гоҳ мактаб директорига, гоҳ йиғилган ўқувчиларга қарайди.

Ҳамма жим.

Биласизми, ўша дақиқаларда томоғимга шундай аламли бир хўрлик тиқилдики, нафас олишим оғирлашиб қолди.

- Қандай ориятли халқнинг фарзандларимиз-а, - дейман ичимда болаларга қараб. Фақат буни айримларгина тушунмайди. Шу кунни эсласам, 2-синфда ўқиб юрганимиздаги бир воқеа кўз ўнгимда жонланаверади...

...Эрталаб мактабимизнинг яна бир ўқитувчиси Отамурод ака (жойлари жаннатда бўлсин, илойим!) билан улкан қоп кўтариб синфга кириб келдингиз.

- Болалар! – дедингиз ўйчан, - биласизларми, сизларнинг ҳар бирингиз ҳар хил оиланинг фарзандларисизлар. Ҳар бирингизнинг яшаш шароитингиз ҳар хил. Бироқ ҳаммангизнинг яхши ўқиётганингиз, одобли болалар бўлиб вояга етаётганингиздан жудаям хурсандмиз. Орангиздан яхши ўқиб, уйда рўзғор ишларига ҳам қарашадиганларга раҳбарларимиз совға юборишибди. Кейин қопдан олиб синфимиздаги овқат пишира оладиган ягона қиз Жумабикага, сув таший оладиган қизга деб Қурбонгулга, мактабга энг олисдан қатнайдиган Мадримга, чой дамлай оладиган Худойберганга кетма-кет пальто кийдириб чиқдингиз. Бундан ҳаммамиз қувондик. Ахир биз онасидан эрта ажралиб қолган ёлғиз қиз Жумабикани, отадан эрта қолиб, онасига мадад бўлишга интиладиган Қурбонгулни, уруш ногирони фарзанди Мадримни, онасидан гўдаклигида ажралиб ёлғиз отаси билан яшайдиган Худойберганни  ҳаммамиз ҳам яхши кўрардик, кўнглини олишга интилардик ўзимизча.

Агар ўшанда сиз ҳам етимларга ёрдам дея қўлларига ушлатиб қўя қолганингизда фақат уларнинг эмас, бизнинг ҳам дилимиз вайрон бўлиши тайин эди.

Энди-энди ўйласам, сиз бизга устоз, муаллимагина эмас, ҳақиқий она ҳам бўлган экансиз. Нафақат ўқувчилик давримда то ҳаётимнинг шу кунигача оғир дамларимда доимо ёнимда бўласиз. Отамдан, онамдан айрилганимда, тақдир зарбаларидан бемажол қолганим-да доимо  бағрингизга босиб овутгансиз. Кўнглида кири йўқ, дали-ғули синфдошимиз Аминни, Гулмирзани, Мадримни бевақт сўнгги йўлга кузатганимизда биздан ортиқ куйдингиз. Ё сиз ўқитган ҳамма ўқувчиларингиздан ҳам бизнинг синфимизни яхши кўрармидингиз? Ўз турмушингиз ташвишларидан ортиб, қўша-қўша фарзандларингиздан ортиб бизга шунчалар меҳрни, фидойиликни қаердан олган экансиз-а? Ўйлаб қарасам, доимо мен сизга суянибман-у сизнинг бирон ташвишингизга елка тута олмабман. Сиз ҳақингизда ёзгим келиб талай-талай қоғоз қораладим,  шунинг ҳам уддасидан чиқолмадим.

Баҳор дея эшик очиб, бугун куз ҳавосига дуч келганимга руҳим тушиб, бағрингизга бошим қўйиб таскин олгим келаяпти-ю бунга лойиқманми, деган яна бир савол алами дилимни тирнайди. Биласизми, ўқувчилигимнинг илк йилларида – сиз ўқитган дамларда сиздек бўлишни жуда-жуда  орзу қилардим. Ҳатто танаффусга чиққанингизда югуриб бориб, изингизни босиб юрардим. Изингиз босиб... издош бўлолдимми? Билмайман. Бироқ бағрингизга талпинавераман. Чунки сиз онамга жуда-жуда ўхшайсиз.

Ойгул PАЖАБОВА.
Янгиликни бўлишинг: