"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8039 +176.83
  • 1 EUR = 9347.75 +265.41
  • 1 RUB = 118.05 +5.41

“Мард ўғлон” давлат мукофотига талабгорлар саралаб олинди

22 март куни туман ҳокимлигида йиғилиш ўтказилиб, унда “Мард ўғлон” давлат мукофотига талабгорларни танлаш ва уларнинг ҳужжатларини тақдим этиш бўйича туман комиссияси томонидан амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Йиғилишда туман ҳокими, комиссия раиси С.Йўлдашев сўзга чиқиб, Президентимизнинг “Мард ўғлон” давлат мукофотини таъсис этиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида туманимизнинг барча овул ва маҳаллаларида, чекка қишлоқларда истиқомат қилаётган, ўқишда ва меҳнат фаолиятида юксак натижаларга эришаётган иқтидорли ёшлар ҳақидаги маълумотлар ўрганилганини таъкидлаб ўтди. Талабгорларни танлашда адолат, холислик ва қонунийликни таъминлаш ва тегишли ўқув ўрни ёки меҳнат жамоасининг фикрларини инобатга олган ҳолда ҳар томонлама муносиб ёшларни саралаб олиш, уларнинг ҳужжатларини йўриқнома асосида расмийлаштириш ҳамда белгиланган муддатларда тақдим этиш бўйича барча чаоралар кўрилгани қайд этилди.

Айтиш жоизки, “Мард ўғлон” мукофоти ҳар йили Қорақалпоғистон Pеспубликаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг икки нафардан, жами 28 нафари ёшларга берилади. Мукофотланганларга “Ёшлар куни” арафасида диплом, кўкрак нишони ҳамда энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баравари миқдоридаги пул мукофоти тантанали равишда топширилади.

- Туманимизда турли соҳаларда фаол ишлаб, фидойилик билан меҳнат қилаётган, таълим олиш жараёнида юксак натижаларга эришаётган жами 40 нафар энг муносиб номзодларнинг ҳужжатлари ўрганиб чиқилди, - дейди Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи туман Кенгаши раиси, комиссияси раҳбари ўринбосари М.Шерметов.

Йиғилишда фан соҳаси бўйича Амударё хизмат кўрсатиш ва сервис касб-ҳунар коллежи ўқувчиси А.Нуржановни, таълим сохаси бўйича 56-сонли мактабининг 10-синф ўқувчиси Б.Тўлибоев ва У.Пирмановларни, маданият соҳаси бўйича туман мадиният ва аҳоли дам олиш марказида ташкил қилинган “Офарин” фольклор-этнографик халқ жамоаси бадиий раҳбари P.Сапарбоевни, спорт соҳаси бўйича Қорақалпоқ давлат университети жисмоний тарбия факультети 3-курс талабаси Ш.Балтабаев, туман болалар ва ўсмирлар спорт мактаби мураббийи О.Усмановларни “Мард ўғлон” давлат мукофотига талабгорларни танлаш ва уларнинг ҳужжатларини тақдим этиш бўйича Қорақалпоғистон Pеспубликаси комиссиясига тавсия қилиш бўйича қарор қабул қилинди.

Ғ.Ешниёзов

Янгиликни бўлишинг: