"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8181.08 +1.34
  • 1 EUR = 9427.06 -41.77
  • 1 RUB = 122.73 -3.84

ДЕҲҚОННИНГ ИШ ФАСЛИ БОШЛАНДИ

Баҳор келиши билан табиат қиш уйқусидан уйғонади. Дов-дарахтлар, ўт-ўланлардан тортиб, турли ҳашаротларгача қуёш тафтини сезиб жонлана бошлайди. Бундай пайтда деҳқон ҳам, албатта, қараб турмайди. Чунки деҳқон учун иш фасли бошланади. Ҳар галгидек бу йилги баҳор мавсумида ҳам миришкор деҳқонларимиз ерга барака уруғини қадашга қизғин тайёргарлик кўришмоқда. Соҳа мутасаддилари билан суҳбатимиз ҳам айнан шу мавзуда бўлди.

Хўш, бу йил деҳқон ва фермерларимиз далаларига, аҳоли томорқасига қандай экинлар экади?

Анвар ЙЎЛДОШЕВ, туман Қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бошлиғи, Қорақалпоғистон Pеспубликаси Жўқорғи Кенгеси депутати:

– Қишлоқ хўжалиги туманимиз иқтисодиётида етакчи ўрин тутади. Шу боис, соҳани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, давлатимиз томонидан жорий қилинаётган ислоҳотлар мазкур йўналишда ҳам амалга татбиқ этилмоқда. Фермер ва деҳқонлар, томорқа ер эгалари ҳуқуқ ва манфаатлари ишончли ҳимоя қилинмоқда. Уларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни янада кўпайтиришга, экспортни йўлга қўйиб, давлатга ҳам, ўзига ҳам даромад келтиришларига кенг имкон берилмоқда.

Туманимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам фермер хўжаликларининг ер майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида Президентимизнинг тегишли Қарор ва Фармонлари асосида зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Қиш давомида барча қишлоқ хўжалик техникалари техник кўрикдан ўтказилиб, созланди ва мавсумга тайёр қилиб қўйилди. Шунингдек, ерларнинг шўри ювилиб, суғорилди. Уруғликлар ҳам сараланиб, экишга тайёр ҳолатга келтирилди.

Бу йилги мавсумда туман бўйича пахтадан ташқари, бошоқли дон экинлари, дуккакли экинлар, мойли экинлар, полиз ва сабзавот, чорва учун озуқа экинлари экилиши режалаштирилмоқда. Туман ҳудудида 44 779 гектар ер майдони мавжуд бўлиб, шундан 30 834 гектаридан қишлоқ хўжалиги экинларини экиш учун фойдаланилади. Бу йил туман бўйича 15550 гектар ерга чигит экиш кўзланмоқда. Бошоқли дон экинлари етиштириш учун эса 3000 гектар ер ажратилган. Сабзавотларга 1710 гектар ер майдонлари ажратиш режалаштирилиб, шундан 1200 гектарида қизил қалампир етиштириш режалаштирилмоқда.

Полиз маҳсулотлари, яъни қовун-тарвуз ва бошқалар учун 450 гектар ер майдони бўлиб берилди. Картошка 150 гектар, мойли экинлар 520 гектар, чорва учун озуқабоп экинлар 1424 гектар ерга экилиши кўзда тутилмоқда. Шунингдек, туманимиз ҳудудидаги ер майдонларининг 1600 гектарига, ерости суви яқинлиги сабабли, шоли экиш режалаштирилди.

Фермерлар, деҳқонлар ва томорқа ер эгалари айни кунларда экин майдонларини экишга шайлаб, тайёрлашмоқда. Тупроқ илиб, тобига келиши билан ерга барака уруғлари қадала бошланади.

Бу йил ҳам мавсумдан умидимиз катта. Қишлоқ хўжалигида жорий этилаётган ислоҳотлар самарасини амалда кўрсатиб, етиштириладиган маҳсулотларимиз кўламини янада кўпайтиришимиз, бозорларимизни, элимиз дастурхонини таъминлашимиз, экспортни йўлга қўйишимиз лозим. Бу барчамиз учун асосий ва долзарб вазифа. Уни амалга ошириш учун бор имкониятимиздан фойдаланамиз ҳамда меҳнатимиз ва куч-ғайратимизни аямаймиз.

***

Файзулла Саъдуллаев, туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси:

– Томорқа ҳам даромад манбаидир. Ишбилармон ва меҳнаткаш деҳқонлар бугунги кунда томорқада етиштирилган маҳсулотлари орқали даромад топиб, ўз оилаларига ҳам, давлатга ҳам наф келтиришмоқда.

Аҳолининг томорқадан унумли фойдаланишини таъминлаш ва экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида Президентимиз томонидан “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Фармон ҳамда “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарор қабул қилингани фермерларга, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига кенг имкон эшикларини очмоқда. Ҳозирги кунда тадбиркор деҳқонлар интенсив ва бошқа турдаги мевали боғлар яратиб, иссиқхоналарда турли сабзавотлар, кўкатлар, цитрус мевалар, гуллар, манзарали дарахтлар кўчатларини етиштириб, бозорларни таъминламоқда. Бу орқали даромад топиб, турмушини янада яхшилашга эришишмоқда.

Холимбег овулидаги деҳқонларнинг томорқа хўжалиги бўйича тажрибаларини ҳам ҳар томонлама намуна қилиб айтсак арзийди. Бугунги кунга келиб, улар ҳам ўз оила аъзолари бандлигини таъминлаб, ҳам туман аҳолисининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондиришга ҳисса қўшиб келишмоқда. Орттирган даромадлари эвазига турмушини обод қилиб, янги уй-жойларга, машиналарга эга бўлишмоқда.

«Томорқа – даромад манбаи» шиори остида ишнинг кўзини биладиган холимбегликлар аллақачон экиш ишларини бошлаб юборишди. Эртаги экинларга ажратилган 84 гектар ерга 172 тонна уруғ сарфлаш ва 1 млн. 152 минг 150 туп сабзавот кўчатларини кўчириш мўлжалланмоқда. Бунинг учун ер эгалари даромадлари ҳисобидан 754 млн. сўм маблағ сарфланиши кутилмоқда. Кутилаётган ҳосилнинг оила эҳтиёжидан ортгани аҳоли эҳтиёжи учун ички бозорга олиб чиқилиши режалаштирилмоқда.

Ердан унумли фойдаланиш мақсадида Холимбег овулида 90 гектар ерга ўртаги экинларни экиш ҳам кўзда тутилган бўлиб, унга 17 тонна уруғлик сарф қилинади. Шунингдек, август ойида ҳосили йиғиб олиниб, бўшайдиган 35 гектар майдонга ҳам пиёз ва саримсоқпиёз экиш режалаштирилди. Экиш учун кетадиган 1844 кг. саримсоқпиёз ва 324,7 кг. пиёз уруғлари учун ер эгалари томонидан 21 млн. сўм маблағ ажратилиши кутилмоқда.

Холимбег овули тадбиркор деҳқонлари янгидан боғ яратиб, даромадларини янада кўпайтиришни мақсад қилишган. Бунинг учун 8 минг 658 дона турли мевали дарахтлар кўчатларини ўтқазиб, оила эҳтиёжини таъминлашдан ташқари, уларни ҳам даромад манбаига айлантириш, айни пайтдаги мавжуд мевазор боғлардан эса ёз бошланишида мўл ҳосил олиш режалаштирилган.

Меҳнатдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройлик, деган нақлнинг мағзини чаққан холимбеглик миришкор деҳқон ва фермерлар, томорқа эгалари ўз ерларидан унумли фойдаланишмоқда. Яқин келажакда улар ўзлари етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ички бозордан ташқари, қўшни давлатларга экспорт қилишни йўлга қўйишни ҳам ният қилишган.

Саҳифани журналист

Озода ХУДОЙБЕPГАНОВА

тайёрлади.

Янгиликни бўлишинг: