"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8624.51 +39.50
  • 1 EUR = 9676.7 +2.13
  • 1 RUB = 136.92 -0.34

“БОҒ” МАҲАЛЛАСИДАГИ ХАЙPЛИ ҲАШАP

Ҳашар – халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган бобомерос удумларидан биригина эмас, улуғ аждодлардан бизларга етиб келган буюк маънавий мерос ҳамдир. Эл-юртни бир эзгу мақсад йўлида бирлаштирувчи ана шу удум ўзининг халқчиллиги, гўзал анъаналари билан бойиб, авлоддан-авлодга ўтиб келаётганининг мазмун-моҳияти ҳам ана шунда – бу удум халқнинг маънавий мулки эканлигида.

Ҳашар, айниқса мамлакатимизда ҳайит ва байрам кунлари арафасида, фасллар алмашаётган пайтларда авж олади. Жуда қадим-қадимдан эҳтиёжманд инсонларнинг ҳовли-жойларини қуриш ва таъмирлаш, кўприклар ва йўллар қуриш, маҳаллалар гузарларини, қабристон ва масжидларни ободонлаштириш каби ишлар ҳашар йили билан адо этилган.

Бизнинг Амударё туманимизда ҳам бу бобомерос удумга катта эътибор ва ҳурмат билан қаралади. Муҳтож фуқароларнинг уй-жойларини таъмирлаш, томорқа ерларига ишлов бериш, маҳаллаларда кенг миқёсдаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилади. Хусусан, туманимиз марказидаги “Юсуф Эшон бобо”, “Чойкўл” овулидаги “Нўғай Эшон бобо”, “Бобо Pустам”, “Қиличбой” овулидаги “Ёқуб Эшон бобо”, Қипчоқ қишлоғидаги “Ҳожи Эшон бобо” жомъе масжидлари “Шайх Жалил ота” зиёратгоҳидаги мақбара халқ ҳашари ва ҳомийлиги билан бунёд этилган. Бундай мисоллар талайгина.

Наврўз – умумхалқ байрами арафасида “Боғ” МФЙ аҳолиси ҳам хайрли ишга қўл урдилар. МФЙ оқсоқоли Мақсуд Ҳайтаков раҳбарлигида маҳалла ҳудудидаги “Ҳожи Эшон бобо” қабристони атрофига иҳота девори қуриш ишлари бошлаб юборилди.

–Ўтган асрнинг иккинчи ярмида мазкур қабристон атрофига қурилган иҳота деворига сифатсиз қурилиш ашёлари ишлатилгани учун қор-ёмғир таъсирида намланиб, нураб тушган эди, – дейди “Боғ” МФЙ оқсоқоли Мақсуд Ҳайтаков. – Қабристон деворини қайта тиклаш бир-икки кишининг қўлидан келмайди, албатта. Бу борада туманимиз ҳокими Султонбой Йўлдошевнинг кўрсатмаси ва беғараз ёрдами халқимизга мадад бўлди, ҳашарни бошлаб юбордик.

Ҳашарга бутун “Боғ” МФЙ аҳолиси баҳоли қудрат ҳисса қўшиш истагини билдиришди. Қабристон девори пойдевори учун туман ободонлаштириш бошқармаси томонидан зарур тош маҳсулотлари етказиб берилди. Қурилиш ишларида ҳар куни 25-30 нафар маҳалла ёшлари фаоллик кўрсатишмоқда. Узунлиги 340 метр бўлган қабристон деворини тиклашда иштирок этаётган ҳашарчиларга кўнгилли аҳоли томонидан иссиқ овқат ташкил этилаётгани боис, амалга оширилаётган қурилиш ишлари тез ва сифатли бажарилмоқда. Маҳалла имомлари Комил Бобожонов, Қурол Эшчонов, маҳаллақўм раислари Эркин Жуманов, Юсуфбой Хўжанов, Жуманазар Собиров ва Ибрагим Эшимбетовлар қурувчи-ёшларга ўз маслаҳатлари билан кўмакдош бўлишмоқда.

–Ўтганлар хотирасига ҳурмат ва эҳтиром билан қараш ҳар биримизнинг бурчимиз, – дейди МФЙ раиси Мақсуд Ҳайтаков. – Қабристон эса ҳар бир мусулмоннинг охират манзили. Бу ерда олиб борилаётган қурилиш ҳам, халқимизнинг ҳамжиҳатликдаги саъй-ҳаракатлари ҳам ота-боболаримиз хотирасига халқимизнинг ҳурмат ва эътиборидир.

P.ЙЎЛДОШЕВА

Янгиликни бўлишинг: