"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7790.2 +7790.00
  • 1 EUR = 8888.62 +8888.00
  • 1 RUB = 115.07 +115.00

Меҳр-оқибат ва тотувликнинг улуғ тантанаси

Бу йил қиш қаттиқ келди. Аёзли, изғиринли кунлар узоқ давом этди. Лекин халқимизнинг қадимий энг эзгу, гўзал қадрятларини ўзида мужассам этган буюк маънавий мерос – Наврўзи олам соғинчлари эл-юрт қалбида ҳар галгидек эрта уйғонди. Март ойининг илк кунлариданоқ кўпни кўрган азиз момо-бувиларимиз ўзига хос урф-одат, гўзал тутумларни, миллий анъаналарни мужассам этган сумалак сайлини бошлаб юбордилар. Том маънода бутун аҳли Амуни бирлаштирган сумалак сайллари қадим Қиличбой заминидан Назархон-у Қангли, Хитой, Жумуртов, Қипчоқ ва “Чойкўл”, Амир Темур номли ва “Бўзёп” ҳамда гўзал Куюк кўпир-у “Тўлқин”, Холимбег овулларигача – барча-барчани бир шоҳсупа-ю, бир дастурхон атрофига жамлади. “Ўзбекистон – умумий уйимиз!” шиори остида 12 март – Халқаро дўстлик куни тантаналарини шод-у хуррамлик билан нишонлаган амударёликлар 19 март – эрта тонгданоқ уйғониш, меҳр-мурувват, ўзаро мурувват ва оқибат, яшнаш-яшариш фасли – Баҳорнинг барча жозибасини ўзида мужассам этган Наврўз сайлини бошлаб юборишди.

Манғит шаҳридаги Истироҳат боғи ва Марказий ўйингоҳ бу кунда халқ шодлиги, ҳаяжонли лаҳзалар оғушида янада кўркамлашди.

“Хуш келибсиз!” “Наврўз байрамингиз муборак бўлсин!” “Ассалом Наврўзи олам!” “Истиқлолнинг кўркисан, Наврўз!” 2018 йил – “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”, “Янги кун – янгилик фасли муборак, Бободеҳқоним!” каби гўзал, Наврўзни шарафловчи шиорлар байрам сайли иштирокчилари қалбларида яратиш ва янгиланиш дамларига шукроналик туйғуларини уйғотади.

Хушманзара қиёфа касб этган Истироҳат боғи бугун нафақат жажжи болажонларнинг, балки бутун Аму элининг севимли ҳордиқ масканига айланган. Болалар шодлигининг чеки-чегараси йўқ. Pанг-баранг шарлар, баҳор гуллари, ўрикзорлар нафаси уфуриб, камалаклар жилоланган, чархпалаклар шовуллаб сув қуйиб турган, дорбозлар баланд дорларда ўз маҳоратларини намойиш қилаётган лаҳзалардан баҳра олиб, завқланган болажонларнинг арғимчоқлар шамолида шодон кулишлари, варраклар ортидан чопқиллаб югуришлари – барча-барчаси ҳар дилга хотиржамлик бахш этиб, юртимиздаги тинчлик, миллатлараро тотувлик неъматидан кўнгиллар юксалади.

Бугун ҳамма Наврўзи олам оғушида: туманимиздаги барча овул ва маҳаллалардан ташриф буюрган халқимиз, албатта, ўз овул ва маҳалласи халқининг турмуш тарзи, бобомерос урф-одат, анъана ва удумларини акс эттирувчи кўргазмаларини баҳорий дастурхонлар билан безашган. Атлас-у барқут, бахмал-у беқасам кўрпачалар солинган супаларда ўтириб, ёшларга урчуқда ип йигириш, турли кийим-кечаклар тикиш ва тўқиш, баҳорнинг шоҳ таоми – сумалак тайёрлаш, ҳалим-у бешбармоқ, кўк сомса-ю чалпак, ийжон-у пашмак каби тансиқ таомларни пишириш сирларини ўргатаётган момолар, халқона лапарлар, бахшиёна ўланлар куйлаётган, сайил меҳмонларига хуштавозъе билан эгилиб салом бераётган келинчаклар чеҳрасида, ҳар бир таъзимида ўзбекона латофат!

Меҳр-мурувват, саховат туйғуларини ҳамиша улуғ тутган туманимиз фермерлари сайилгоҳ аро ясатилган байрам дастурхонларини ўзлари етиштирган сарҳил меҳсулотлар билан безатдилар. Давралар тўрини тўлдирган нуроний отахон ва онахонлар, жажжи болажонлар фермерлар тайёрлаган Наврўз паловларини хуш кўриб тановул этдилар.

Ёшларни маънивият ва маърифатга чорловчи Китоблар кўргазмаси ва китобхонлик сайлидан баҳраманд дилларда қулф урган маънавият шеърхонлик ва қиссахонлик дамларини ато этди гўё.

Тинчлик, тотувлик, меҳр-оқибат сўзларини қанотларида олиб осмон-у фалакда пирпираб учаётган варраклар гўё Ватандаги аҳиллик, дўстлик, азалий қон-қариндошлик тимсоллари каби Наврўз сайлига кўркамлик, қалбларга хотиржамлик ва қувонч бахш этди.

Наврўз сайли тантаналарида иштирок этган Қорақалпоғистон Pеспубликаси Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов ва туманимиз меҳмонлари халқимизнинг бебаҳо маънавий ва миллий маданияти, ўзига хос турмуш тарзи, турли соҳаларда эришилаётган ютуқлари, орзу-умид ва ишончлари акс этган байрамона кўргазма билан яқиндан танишиб, халқ билан мулоқотда бўлдилар.

Юракларга завқ бағишловчи Наврўз чорлови билан чинаккам халқ сайли бошланди. Жўшқин мусиқа садолари, шеърий тилаклар билан бошланган Наврўз тантаналари туман Маданият бўлими томонидан тайёрланган театрлаштирилган концерт дастурига уланиб кетди.

Байрам саҳнасидаги серҳашам супалардан жой олган ўзбек, қорақалпоқ, қозоқ, туркман, рус ва бошқа миллат вакилларининг урф-одат ва анъаналарини ўзида мужассам этган халқ ўйинлари байрам иштирокчиларига завқ-шавқ бағишлади. “Офарин” фольклор-этнографик халқ ансамбли карнай-сурнай садолари билан бошлаб берган байрам тантанасида туманимизда яшаб, меҳнат қилаётган 12 миллат вакиллари жам бўлиб рақсга тушдилар. Байрам саҳнасига яқин жойга тикилган оқ ўтовлар атрофида бештош, чуллик, ланги, қочарман, чакмантош ўйинлари тобора қизиди. Туркман ва қорақалпоқ ҳунармандлари гилам тўқиш, кигиз босиш санъати ҳақидаги жирловлари, айдимлари билан байрам дастурини янада бойитдилар.

Туманимиз спортчиларининг маҳоратли баҳслари барчага қувонч бағишлади. 12 миллат вакилларини жамлаган Наврўз сайли тантаналари турли халқ ўйинлари билан кечгача давом этди.

Pобия Йўлдошева

Янгиликни бўлишинг: