"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7813.42 -33.27
  • 1 EUR = 9176.86 +9.20
  • 1 RUB = 124.19 -1.06

СОҒИНЧ

Мен баҳорни соғиндим, тоғларнинг оғушини,

Абдулла Ориф севган боғларнинг оғушини.

Лолаларнинг гулхани ловуллаб ёнишини,

Соғиндим, чаманларда хушхонлар хонишини,

Кўкингга етдик Кўклам! Етказганингга шукур!

Амунинг сувларига тўш уриб учган қушим,

Болажонлар қувончин пирпираб қучган қушим –

Варракларми?! Йўқ, улар ЭPК нурин ичган қушим,

Э-ҳей! Яшил бўрк ила чулғанди ўнг-у тушим,

Кўкланди қир-у далам! Кўзларга суртдик, шукур!

Момолар айтди шодон: “сумалакка, қўшнилар!”

Хушхабар кетди ҳар ён, диллар тўлиб-тошдилар.

Бир ён Хитой, Назархон – аҳли элим жўшдилар,

Сумалакка тотувлик, меҳр нурин қўшдилар,

Кўнгиллар бўлди бир жом – сипқориб ичдик, шукур!

Майсалар гилам ёзди қадамларга. Ажойиб!

Новдалар шод уйғонди, шабнамларга юз чайиб.

Айвонларда бошланди, ажиб ҳашар – ғаройиб –

Қалдирғочлар ин қурди, ўзлари лой-пеш қўйиб.

Яратмоқдан дил хуррам, шукрона айтдик, шукур!

Эзгу ишларга пайғом– Ҳамал кирди чарақлаб,

Ёришиб кетди олам, нурга дўнди ярақлаб.

Бағрини очди далам, юракларга ўт қалаб,

Эл-у юрт меҳнат билан элланди тонг саҳарлаб –

Pизққа борар йўл томон шод қадам қўйдик, шукур.

Турналар қайтди, қаранг, аёзнинг йўлин кесиб,

Чаманлар камалак ранг олди маржонин тизиб.

Қувончлар берди жаранг, дўст-у ёр базмин тузиб,

Э-ҳе-ҳей, қаранг-қаранг, ҳар дилга дийдор насиб –

Шоҳсупада бўлди жам, ўзбег-у тожик, шукур!

Шайланди кўҳна Турон, жам бўлиб сумалакка,

Бир ёнда баҳси Қуръон, дил тўла нур, тилакка.

Қирғиз, қозоқ ва туркман, гул тикиб бир палакка,

Ушалди орзу, армон, қувонч етди фалакка –

Кўнгиллар-кўнгиллардан тўйиб сув ичдик, шукур!

Наврўз келди ёронлар, соғинчларга гул тутиб,

Ёзилди дастурхонлар, ўртага ўтов тикиб.

Азалий қадрдонлар бири-бирини кутиб,

Темурзода сарбонлар удумин маҳкам тутиб,

Қучоқларин очган дам, бахтга ёр бўлдик, шукур!

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: