"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9061 +179.00
  • 1 EUR = 10092.1 +163.70
  • 1 RUB = 138.47 +1.62

ОPЗУЛАP ГУЛ ОЧГАН ОБОД МАКОНЛАP

Хонадонлари шинам ва обод маҳалла

Жамиятимизнинг ҳар бир фаол аъзосининг ҳаёти, турмуш тарзи, орзу-умидлари бевосита маҳалла билан чамбарчас боғлиқ. Чунки инсон маҳаллада туғилиб, вояга етади. Шу маконда яшаб, бир дарахтдай илдиз отади. Ўз хонадони, оиласи, маҳалласи ободлиги учун меҳнат қилади.

Манғит шаҳрининг серфайз, энг обод гўшаларидан бири – Ойбек номли маҳаллада бўлганимизда бу ерда истиқомат қилувчи ҳар бир киши эл-юрт фаровонлиги, ободлиги йўлида фидойи, бири-биридан меҳнаткаш, тадбиркор эканликларини кўриб, билдик. Таъбир жоиз бўлса, бир ота-онанинг фарзандларидай аҳил-иноқ, бир-бирларини қадрлаб яшаётганларидан қувондик.

Мустақилликнинг илк йилларида, 1994 йилда ташкил топган Ойбек номли маҳалла бугунги кунда ўз саноат ишлаб чиқариш корхоналари, тадбиркор-у ишбилармонлари томонидан бунёд этилган шинам тўйхона, хусусий дўконлари, фидойи ва меҳнаткаш, аҳил аҳолиси билан обод маконга айланган. Умумий ер майдони 156 гектарни ташкил этган ушбу маҳаллада 18 та кўчалар мавжуд. 579 та хонадон таркибидаги 842 та оилада 3540 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Шуниси эътиборга моликки, 3151 нафар ўзбек, 140 нафар қозоқ, 194 нафар қорақалпоқ, 5 нафар туркман ва 10 нафардан зиёд бошқа миллат вакиллари бир оила аъзоларидек аҳил-иноқ яшаб, юртимизнинг ободлиги ва фаровонлиги йўлида меҳнат қиладилар.

Маҳалла аҳлининг турмуш фаровонлиги йилдан-йилга юксалиб бормоқда. Умумий савдо майдони 120 квадрат метрга тенг битта "Амударё тутинув” АЖга қарашли ва 5 та хусусий дўкон, битта хусусий ошхона, 12 та маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, яъни 2 та ҳаммом, 6 та тикувчилик, битта сартарошлик ҳамда 2 та автомобилларга техник хизмат кўрсатиш устахоналари ва битта ун хорази аҳоли хизматида.

Аҳолининг иш билан бандлигини таъминлашга алоҳида аҳамият берилганлиги боис, меҳнатга лаёқатли 1873 нафар кишининг асосий қисми иқтисодиётнинг турли тармоқларида, фермер ва деҳқон хўжаликларида, таълим ва маданият муассасалари, саноат, қурилиш ҳамда соғликни сақлаш тизимида меҳнат қилишади. 19 нафар киши эса тадбиркорлар томонидан яратилган янги иш ўринларида фаолият олиб боришади. 35 нафар киши уй меҳнати ва касаначилик фаолияти билан шуғулланадилар. Ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашга алоҳида эътибор билан қаралади. Ҳудуддаги 55-сонли умумтаълим мактаби, болалар боғчаси, барча қулайликларга эга 2 та стадион, 1 та спорт майдончаси, 6 та спорт тўгараклари маҳалла ёшларининг ва жажжи болажонларнинг чиниқиш мактабига айланган.

Якка тадбиркорлик ва оилавий тадбиркорлик билан шуғулланувчилар сафи йил сайин ошиб бораётганлиги аҳолининг тўкин-сочин, фаровон ҳаёт кечиришида муҳим омил бўлаётир. Бугунги кунда 211 нафар киши ўз шахсий автомобилларига эга. Шахсий автомобиль ва тракторлари бўлган хонадонлар аҳлининг ҳаётида иқтисодий муаммонинг ўзи йўқ. Кафтдеккина томорқа еридан мўл-кўл зироат олиб, оилалари иқтисодини барқарорлаштириб, турмушини обод қилиб яшаётган оилалар остонасидан қадам қўйсангиз, қалбингизда ҳавас уйғонади: шаҳарда яшаб туриб ўз чорваси, паррандаси, томорқаси баракасидан ҳаёти файзга тўла ойбекликларнинг ўзаро аҳил, ҳамжиҳатликда кечаётган ҳар бир куни мазмунли. Ваҳоланки, ҳаётида мазмун бўлган инсонларгина бахтиёрдирлар. Тонглари осуда, тинч ва фаровон, хонадонлари шинам ва обод маҳалланинг ҳар битта оиласида ана шундай сермазмун ҳаёт ҳокимлигини кўрдик биз.

"Бозор – элнинг манглайи”

Улуғ соҳибқирон бобомиз, буюк саркарда Амир Темур ҳазратлари қайси шаҳар ёки вилоятга борсалар, энг аввало бозорини бориб кўрарканлар ва шундай дер эканлар:

- Бозор – элнинг манглайи. Элнинг аҳволи, суврати ва сийрати ана шу бозорда акс этади!

Нақадар донишмандлик бу! Ахир элнинг иқтисоди юксак бўлгандагина бозорлари ривож топади, обод бўлиб боради. "Бозори ободнинг эли обод”, деган ҳикматнинг халқимиз ҳаётига, онг-шуурига сингиб кетганлигининг маъноси ҳам шунда.

- Президентимиз И.А.Каримовнинг 2010 йил 26 апрелдаги "Деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бозорларимиз ва савдо комплексларимиз қиёфасини тубдан ўзгартириб юборди, - дейди Манғит савдо комплекси МЧЖ директори Бахтиёр Мадраҳимов. – Президент қарори ва унга мувофиқ Ўзбекистон Pеспубликаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳамда туман ҳокимининг бу борадаги махсус қарорлари асосида Манғит шаҳрининг Беруний маҳалласи ҳудудидан 1,8 гектар ер майдони ажратилиб, янги Манғит савдо комплекси бунёд этилди.

Дарҳақиқат, шаҳримизга кўрк бағишлаб турган савдо комплексининг асосини ташкил этувчи 184 та турғун савдо шохобчасининг 52 таси қисқа фурсатда ишга туширилгани туманимиз аҳлининг эркин савдо-харид қилишлари учун қулайлик яратди. Авваллари тадбиркорлар ўз буюм-маҳсулотларини қўлбола пештахталар устига ёйиб савдо қилишган бўлсалар, эндиликда замонавий меъморий ечимга эга дўконларда тадбиркор учун ҳам, харидорлар учун ҳам қулай шарт-шароитлар муҳайё. Туман ҳокимлигининг моддий ва амалий ёрдами туфайли савдо комплексини янада ривожлантириш, реконструкция қилиш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, санитария ҳолати ва савдо хизмати кўрсатиш сифатини яхшилашга алоҳида аҳамият берилмоқда. 50 миллион сўмлик банк кредити асосида савдо комплексининг ички қисмидаги 2000 квадрат метрли йўлакларга безакли брусчаткалар ётқизилиб, канализация тармоқлари ўтказилгани савдо комплексининг чиройини очиб юборди. Бозорнинг кириш ва чиқиш қисмларига серҳашам дарвозалар ўрнатилиб, саҳнлар асфалтланди, савдо комплексини электр энергияси билан таъминлаш яхшиланди. 20 миллион сўмлик банк кредити эвазига маиший объектлар қурилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, жуда қисқа фурсат ичида, бундан бир неча йил аввал турли чиқиндилар майдонига айланган кўримсиз ҳудуд бугунги кунда туманимиз аҳолиси ва меҳмонларининг севимли савдо масканига айланди. Эндиликда Манғит савдо комплексида ўз мижозларининг дўконлардан хоҳлаган буюмларини танлаб, харид қилишлари, ҳатто республикамизнинг турли шаҳарларига жўнаб кетишлари учун намунали транспорт хизматлари кўрсатиш имкониятлари мавжуд. Чунки туман ҳокимининг 2012 йил 15 июлдаги 393-сонли қарорига мувофиқ "Гўзалой-Маҳмуд қизи” МЧЖга қарашли шаҳарлараро автошоҳбекат "Манғит савдо комплекси” МЧЖ тасарруфига ўтказилди. Савдокомплексининг шундоққина ёнида жойлашган автошоҳбекатда назорат касса машинаси ва тўлов терминалининг мавжудлиги мижозлар учун энг катта қулайликлардан бири бўлди.

Авваллари хонадонларида тўй бошлаб қўйган ҳамюртларимиз зарур буюмларни излаб бошқа шаҳарларга қатнаб, сарсон бўлиб юришсалар, эндиликда шу ердан, туманимиз марказидаги буюм бозоридан энг сифатли кийим-кечак, гилам-пояндозлар, маиший техника анжомлари, мебеллар, кулолчилик ва энг сифатли чинни буюмларини келишилган нархларда мамнуният билан харид қиладилар, ҳатто буюртмалар берадилар. Мустақилликдан аввал Манғит шаҳримиз ҳақида умуман тасаввурга эга бўлмаган тошкентлик, водийлик, Самарқанд-у Бухоро, ҳатто Қашқадарё ва сурхондарёлик юртдошларимиз:

- Манғит бозорларими, ў-ў, ажойиб!, - дея ҳавасланишларида ҳам жон бор.

Буюклик мезонлари

"Олмазор” маҳалласида қад ростлаган, бугунги кунда илмга чанқоқ туманимиз ёшларининг севимли масканига айланган Манғит иқтисодиёт касб-ҳунар коллежида 8 та йўналиш бўйича 891 нафар ўқувчи таҳсил олади. Ўз соҳасининг билимдонлари бўлган 62 нафар олий маълумотли мутахассис ўқитувчилар талабаларнинг фан асосларини мукаммал эгаллаб, касб-ҳунарли бўлиб етишишлари учун фидойилик билан меҳнат қилишади. Коллежда ўқувчиларнинг назарий ва амалий машғулотларни мукаммал ўзлаштиришлари учун яратилган шароитлар етарли. Барча қулайликларга эга кутубхона, назарий-амалий машғулотлар ўтиш учун мўлжалланган замонавий лаборатория ва махсус фан хоналари, компьютер ва лингафон хоналарида ўқувчилар ўзларини қизиқтирган мавзуларда машғулотларда иштирок этиш имконига эга. Фан тўгаракларининг мунтазам равишда қизиқувчан ёшлар билан гавжумлиги ўз самарасини бермоқда. Чунончи, "Энг ёш истеъмолчи-2009” кўрик-танловида коллеж талабалари туманда биринчи, Pеспубликада фахрли 3-ўринни эгаллаган бўлсалар, туман миқёсида ўтказилган "Сиз қонунни биласизми?” кўрик-танловида 2-ўринни, 2011 йилда эса фахрий 1-ўринни эгаллашди. Фан тўгаракларининг энг фаол аъзолари фанлар олимпиадаларида муваффақиятли иштирок этишаётгани янада қувонарли. Фақат 2012-2013 ўқув йилида 14 анфар коллеж талабаси фан олимпиадаларининг республика босқичида муваффақиятли иштирок этиб, фахрли ўринларни эгалладилар.

Халқимизда ажойиб бир ҳикмат бор:

- Сен болангни мақтама, унинг қадду камолини кўриб, ўзим айтаман, - дейдилар.

Биз ҳам, тўғриси, ўз ўқувчисини мақташни хуш кўрадиган устозни тинглашдан кўра коллеж ўқувчиларининг қадду камолини кўриб, ҳавасландик. Сабаби, 18 та турли хил йўналишлардаги тўгаракларнинг иштирокчилари бўлган талаба-ёшлар эришаётган ютуқлар бир дунё, орзулар чегарасиз! "Шунқорлар” ҳарбий-спорт мусобақаларининг, "Зиё” интеллектуал ўйинларининг "Баркамол авлод”, "Умид ниҳоллари” спорт мусобақалари ҳамда спортнинг футбол, бокс, енгил атлетика, дзюдо кураши турлари бўйича туман ва Қорақалпоғистон миқёсидаги нуфузли мусобақаларнинг доимий иштирокчилари ва ғолибларига айланган коллеж талабалари ҳамда битирувчилари ҳаётда ҳам илғор – ўз ўринларини топган, эпчил, тадбиркор ва ишбилармон. Биргина 2012-2013 ўқув йилида коллежни 8 та йўналиш бўйича муваффақиятли тугатган 334 нафар ўз мутахассислигига эга бўлган ёшлардан 25 нафари имтиёзли банк кредитлари асосида ўз тадбиркорлик фаолиятларини бошлаш учун давлат рўйхатидан ўтдилар. Улардан 14 нафари айни кунда банк кредити асосида ўз фаолиятларини бошлаб юборишди,11 нафар битирувчи тез кунларда тадбиркорликка қўл урадилар. 220 нафар коллеж битирувчилари ўз мутахассисликлари бўйича ишга жойлашган бўлса, 8 нафар битирувчи олий ўқув юртлари талабалари бўлишди.

Агар кўнгилда ҳаётга иштиёқ бўлса, ўқишга, ишлашга имкон туғилади. Имкон эшиклари очилган жойда орзулар гуллайди. Орзулар гулзоридан ҳар дилга гўзаллик кириб келади. Ана шу гўзаллик ҳар дилнинг ўзиники, ўз мулки. Бу шундай мулкки, унинг мезонлари буюк – Ватан ободлиги, элу юрт фаровонлигига жонфидо туйғуларга ҳамоҳанг бу мезонлар. Биз кўрдик, тан бердик – Манғит иқтисодиёт касб-ҳунар коллежининг ҳар бир ўқувчиси кўнглида ана шундай иштиёқ бор. Шу боиским, улар учун жамики эзгу имкон эшиклари ланг очиқ, дилларида гўзал туйғуларга ҳамоҳанг келажаги буюк Ватан севгиси ҳоким. Бу туйғуларнинг мезонлари буюк. Ана шу буюкликка муносиб ёшлар таҳсил олмоқда бу илм масканида.

Ҳеч кимдан кам бўлмаган ёшлар

Юртбошимиз тез-тез такрорлайдиган бир ибора бор:

- Мамлакатнинг келажагини таъминловчи куч – соғлом ва баркамол авлод!

Шу боисдан ҳам мамлакатимизда Президент И.А.Каримов бошчилигида баркамол авлод таълими ва тарбияси давлат сиёсатининг энг устувор йўналиши қилиб белгиланди. Жисмонан етук, маънан баркамол авлодни камол топтириш мақсадида мамлакатимизнинг энг чекка қишлоқларида ҳам муҳташам спорт иншоотлари, намунали илм масканлари қад ростлади.

Туманимиздаги 1-сонли БЎСМ биноси ҳам Мустақиллик даври кошоналаридан саналади. Манғит шаҳрининг "Чордара” маҳалласи ёшларининг жисмоний чиниқиш масканига айланган мазкур спорт мактабида бугунги кунда спортнинг бир неча турлари бўйича малакали тренерлар машғулот олиб боришади.

- Маҳалламиз ёшлари кучли, жасур бўлиб ўсишмоқда, биз ҳеч кимдан кам эмасмиз, - дейди спортнинг бокс тури бўйича спорт усталигига номзод, Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Умид Ўрозбоев.

- Умидбек яқинда бокс бўйича Ўзбекистон кубоги мусобақаларида кумуш медал соҳиби бўлди, - дейди ўз шогирдидан фахрланиб Ж.Нурумбетов.

Спорт мактабининг бокс секцияси аъзолари орасида нафақат туманда, Pеспубликамиз ва мамлакатимиз миқёсида қувонарли ютуқларни қўлга киритаётган спортчилар талайгина. Бир неча халқаро турнирлар ғолиби, бокс бўйича Ўзбекистон биринчилиги совриндори, спорт усталигига номзод Бобур Исмоилов, Ўзбекистон Pеспубликаси турнири ғолиби, спорт усталигига номзод Шоҳруҳ Pаҳимов, Қорақалпоғистон Pеспубликаси чемпиони, спорт усталигига номзод Жасур Пўлатов, халқаро турнирлар ғолиби, Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, Ўзбекистон чемпиони Обиджон Усмоновларнинг номи бугунги кунда бокс спорти мухлисларига яхши таниш.

- "Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз!” – деганларида муҳтарам Президентимиз биз ёшларга ишонганларини яхши биламиз,- дейди бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Обиджон Усмонов. – Ҳақиқатан ҳам, ҳеч кимдан кам бўлмасликка интилиб яшаш, бунга эришиш – бизнинг эзгу шиоримиз.

Бунинг учун бутун мамлакатимизда, шу жумладан туманимизда ҳам ёшларимизнинг ҳам маънан, ҳам жисмонан чиниқишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Хусусан, биргина 1-сонли БЎСМнинг бокс секцияси ўқувчилари учун яқинда янгидан 18 миллион сўмлик бокс ринги келтирилиб, ёш спортчилар ихтиёрига берилди. Туман ҳокими P.Йўлдошевнинг қўллаб-қувватлашлари натижасида "Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси” томонидан етказиб берилган спорт анжомлари орасида 1,5 миллион сўмлик бокс қоплари, 1 миллион сўмлик чарм қўлқоплар ва бошқа зарур бокс анжомлари спортчилар учун Мустақиллик байрамига катта совға бўлди.

Бу - мамлакатимизнинг келажаги бўлган ёшларнинг баркамоллиги, тўкис ва фаровон, соғлом ҳаёти учун беқиёс ғамхўрликнинг амалий ифодасидир. Зеро, бугунги ёш авлод учун ғамхўрлик – миллат ва мамлакат келажаги учун ғамхўрликдир.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.


Янгиликни бўлишинг: