"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8039 +176.83
  • 1 EUR = 9347.75 +265.41
  • 1 RUB = 118.05 +5.41

Жайхун илҳомлари

АЁЛ ВАСФИ

Дилхуш ўтаётган ушбу дамларда,

Қизийди сиз ҳақда суҳбат тобора.

Бу ерда бўлмаган кимдир қайдадир,

Сизга совға танлаш билан овора.

 

Кўнгилдаги сирдан Яратган огоҳ,

Ширин сўзингизга кимдир жон тиккан.

Чунки кўнгилларни забт этган нигоҳ,

Ҳар дилга умидлар уруғин эккан.

 

Сизмисол хилқатни топмоқ иложсиз,

Мулки борлиқ ичра кезиб то абад.

Шу сабаб ошиқлар бошида тожсиз,

Шу сабаб гуллар ҳам қилади ҳасад.

 

Сиз борсиз – яшариб боради олам.

Борлиқ ҳадя этар инъомларини.

Ҳатто ибрат олинг дея табиат,

Кўрсатар садоқат аҳкомларини:

 

– Вафо деган туйғу бўлсин мустаҳкам,

Ҳар бир ориятли эр юрагида –

дегандай миллиард йил айланар Ой ҳам,

Она-Еримизнинг теварагида.

 

Шоир зоти борки сарф қилган умрин,

Шаънингизга шеърлар айта ва айта.

Сизнинг борлигингиз учун арзийди,

Келмоққа дунёга қайта ва қайта!

Аҳмад НАФАСОВ,

«Жайхун илҳомлари» ННТ раиси.

 

СОҒИНЧ

(Онам хотирасига)

Баҳор келса ҳузуримизга,

Шошар эдим боладай бўлиб.

Жўшар эди қалбимда ҳислар,

Икки юзим лоладай бўлиб.

Чопар эдим, чопаверардим,

Қўлларимда бир жуфт атиргул.

Ҳозир эса дунёни гулга

Тўлдирмоққа тайёрман буткул.

“Болам!” деган бир оғиз сўзга,

Алишаман борлиқ-оламни.

Бугун ўзим онаман, лекин

Соғинаман мушфиқ онамни.

Менга мерос ҳалоллигингиз,

Тўғрисўз-у соддаликлар ҳам.

Сиз кетдингиз фоний дунёдан,

Тугагандай болаликлар ҳам.

Яна баҳор келмоқда, она,

Яна сизни эслайвераман.

Қўлларимда сизга ҳадялар,

Дийдорингиз истайвераман.

Баҳор келди, бироқ сиз йўқсиз,

Тасаллисиз ғариб қолдим мен.

Онаси бор қаримас эмиш,

Бир баҳорда қариб қолдим мен.

Хаёлимда олис хотира –

Таниш йўлдан кетаяпман жим...

Ота уйда сиз йўқсиз энди,

Юраккинам йиғлайди сим-сим.

Онагинам, меҳрибонгинам,

Қайта-қайта эслайвераман.

“Аро йўлда қолган болам,” – деб,

Қучганингиз қўмсайвераман.

Неча кунки бормаганимни,

Кунларимни адашмасдингиз.

Мен доимо “адашар” эдим.

Ёлғонимга алданмасдингиз,

Яна баҳор юртни безади,

Яна қушлар келмоқда қайтиб,

Юрагимда армон йиғлайди

Энди дийдор келмайди қайтиб.

Гулойим БЕГЖОНОВА.

 

БАҲОP ТАШPИФИ

Гулбаҳор келди яна,

Аёзнинг дилин ғашлаб.

Яшилланди қир-дала,

Ватанга кўрк бағишлаб.

Баланд учган турналар,

“Қув-қув”лашиб сайрайди.

Музлаб ётган арналар

Шовуллашиб яйрайди.

Ерўчоқлар қурилиб,

Дошқозонлар жойланди.

Момолар енг шимириб,

Сумалакка шайланди.

Юртимнинг ҳар гўшаси,

Олди байрам тусини.

Дилда меҳнат нашъаси,

Кўз-кўзлади ўзини!

Сайёра ХОЛБОЕВА, Амударё мелиорация ва сув хўжалиги касб-ҳунар коллежи ўқувчиси.

 

ЗУЛФИЯХОНИМГА

Вафо-ю садоқат маликасисиз,

Сиздан ўрнак олгай ҳар бир аёл-қиз.

Ортингизда қолган нурли, ўчмас из,

Мен ҳам изингиздан борай изма-из.

Қалбимда жўш урар нурли бир туғён,

Эй дўстим, қалбингнинг ойнасига боқ!

Буюк шоирамиз яшайди уйғоқ,

Меҳр-у муҳаббатдан берганча сабоқ.

Юраклар тўрида исмингиз мангу,

Дилларга сочасиз нурларни, эзгу.

Назмий осмон аро жўшқин қасида –

Абадий порлайди юлдуз – Зулфия!

Азиза ЎPОЗБОЕВА, 32-сонли

мактаб ўқувчиси.

 

АЁЛЛАPГА БАЙPАМ ҲАЗИЛИ

“Қуёш кулиб боққан кун,

Баҳор танга ёққан кун”,

Чўнтакларим бўшатган,

Харажатлар «чаққан» кун.

Саккизинчи март бу кун.

Йигитларга дард бу кун.

Чўнтакларда ақча йўқ,

Пластик ҳам бўшаган.

Йигитлар ерга қараб,

Бошларини қашлаган.

Кийим ювиб, дазмоллаш,

Ҳамма жойни тозалаш,

Овқат вақти бўлибди,

Ҳали қанча иш қалаш.

Сигир соғиб, нон ёпиш,

Ўчоққа ўтин ёқиш,

Ўйлайди эр бечора:

“Мумкинмасмикан қочиш?”

Аёл дашном беради,

Эр ҳам базўр кулади.

Кўнглидан ўтганини,

Фақат ўзи билади.

Овқат тагига олган,

Чой ҳам қайнаб, тўкилган.

Чала ювган кийимлар,

Pанглари сўлиб қолган.

Айланмайди сўзга тил:

«Эркак зотин ҳурмат қил,

Эркак уйда бош бўлса,

Оиланг бахтидир шул».

Бугун сизларга атаб,

Байрам билан табриклаб,

Ёзди кичик бир ҳазил,

Ҳурмати бисёр Одил.

Адилбой АМЕТОВ, 27-сонли мактаб ўқитувчиси.

 

ОНАМГА

Меҳрибон онажоним,

Байрамингиз муборак!

Эъзозлаб бугун сизни,

Айтайин шеърий тилак.

Қайғурасиз биз учун,

Ёниб-куйиб яшайсиз.

Тиним билмай тун-у кун,

Бахтимизни ўйлайсиз.

Меҳрибон онажоним,

Таъзим қиламан сизга.

Тилагим шу, соғ бўлинг,

Кирингиз албат юзга.

Севинч Тўлибоева, 2-сонли мактаб ўқувчиси.

 

ҚИЗЛАP

Уйни озода тутмоқ,

Ширин таом пиширмоқ,

Иш буюрса, “хўп”, демоқ,

Ярашади қизларга.

 

Қизлар, қизлар, жон қизлар!

Гўзалликка бой қизлар.

Гап йўқ улар ишига,

Ўзбегим қизларига.

Сабоҳат Бозорбоева, 14-сонли мактабнинг 6-синф ўқувчиси.

 

ВОЛИДА

Пойига арзийди гуллар тўшасанг,

Асли жаннат улар пойида, ахир.

Сирингни айтсанг ҳам сира сотмаган,

Энг яқин дўстинг ҳам волиданг, ахир.

 

Сенинг учун умрини бахшида этган,

Керак бўлса кечган ширин жонидан.

Тунни-тонгга улаб, эртаклар битган,

Жондан кечмоққа ҳам тайёр, волиданг.

 

Она меҳри – дарё, чашмаси- зилол,

Сен шу чашмадан сув ичган ниҳол.

Юрагида қанча дард-алам бўлса,

Шунча азобларга чидаган аёл!

Ҳуснора ЖАЛҒАШОВА, 40-мактабнинг 8-синф ўқувчиси.

 

 

Янгиликни бўлишинг: