"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9537.55 +26.01
  • 1 EUR = 10545.7 +68.60
  • 1 RUB = 149.88 +1.21

БЕМАЪНИ ОДАТЛАP ОБPЎ КЕЛТИPМАЙДИ

Айни кунларда мамлакатимиз бўйлаб тўй-маросимларда, турли оилавий тантаналарда ортиқча дабдабабозликка, исрофгарчиликка чек қўйиш долзарб мавзуларнинг бирига айланган. Афсуски, кун сайин тўйлар гўёки оиланинг моддий имкониятини кўз-кўз қиладиган пойгага ўхшаб кетаётгани бор гап...

Яқинда ижтимоий тармоқларда бир келиннинг сепини юклаган олтита юк машинанинг турнақатор бўлиб кетаётганини кўриб, мен каби ҳайратланган одамлар кўпчиликдир, деган хаёлга бордим. Ахир ҳар қанча мол-у дунё турмуш қураётган ёшларнинг бахтига кафолат бўлолмайди-да. Қолаверса, қайнота, қайнона, куёв бўлаётган инсонларнинг орияти қайда қолди?

Шундай хабарларни ўқиганимизда, албатта, ҳар биримиз «бундай одатлар илоё биздан йироқ бўлсин», деб қўямиз. Чунки баъзиларнинг бунчалик ўзини кўз-кўз қилиши, қурби етмаганнинг дилини оғритади. Шундай қилишга интилган ота-оналар моддий тарафдан қийналиб қолиши тайин.

– Кейинги вақтларда тўй-маросимларни ихчамлаштириш, тўй базмига таклиф этилувчилар сонини қисқартириш ва спиртли ичимликлар камроқ қўйилиши борасида анча ижобий ўзгаришларга эришаяпмиз, – дейди “Босув” МФЙ диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Ҳанифа Тўраева. – Бироқ кейинги вақтларда тобора урчиб бораётган номақбул одатлар ота-оналарни қийнаб қўймоқда. Масалан, қиз узатилса, “гулянка”да келин бўлмишнинг синглиси учун алоҳида машина ажратилади. Бу гўёки унга ҳурмат эмиш. Бунингдек номақбул одатларнинг “болалаб” кетишининг олдини олишга интилаяпмиз.

Бу ҳаётда қандай яшаш, топганини қандай сарфлаш ҳар кимнинг ўзига ҳавола. Бироқ, беъмани одатлар кишига обрў келтирмайди. Аксинча, обрўсини тўкишини ёдда тутишимиз керак.

Ойгул PАЖАБОВА.

Янгиликни бўлишинг: