"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9537.55 +26.01
  • 1 EUR = 10545.7 +68.60
  • 1 RUB = 149.88 +1.21

МАНҒИТНИНГ ЁPҚИН СПОPТ ЮЛДУЗИ

Мамлакатимизда болалар спортини ривожлантиришга эътибор тобора кучайтирилаётгани боис, бугунги кунда ёшлар орасидан нуфузли беллашувларнинг, халқаро мусобақаларнинг кўплаб ғолиблари етишиб чиқмоқда. Эътибор ва рағбат уларнинг қобилиятларини янада ривожлантиришга ва ўз устларида тинимсиз шуғулланишга ундамоқда.

Спортдаги ютуқнинг асоси меҳнат, дейишади соҳа мутахассислари. Барча жабҳаларда ҳам меҳнатсиз муваффақиятга эришиб бўлмайди. Лекин спортнинг бирор турига қизиққан ўғил-қизнинг маҳорати албатта, машқлар давомида сайқалланишини ҳаммамиз биламиз.

Элёр Машарипов таниқли полвон Чоршам Тажимуродов раҳбарлигидаги 1-сонли Болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг дзюдо кураши тўгарагига келиб, илк машқларини ўтаган даврларида ҳали мактабнинг бошланғич синфи ўқувчиси эди.

Дастлабки машқларидаёқ чапдаст, уддабурон ва кучлилиги кўриниб турган болакай дарров устоз эътиборини тортди. Чоршам Тажимуродов Элёр билан эринмай, қунт билан шуғулланди. Алоҳида машқлар ҳам ўтди. Шогирд-устознинг тинимсиз меҳнатлари йиллар ўтиб, турли мусобақаларда ўз натижаларини кўрсатди. Элёр дастлаб туман миқёсидаги, Қорақалпоғистон республикаси миқёсидаги мусобақаларда муваффқиятли қатнашган бўлса, умумтаълим мактабини тугатиш арафасида Ўзбекистон  чемпиони бўлди. Чирчиқдаги Олимпия заҳиралари спорт коллежида таҳсил олган йиллари Элёрнинг камолот йиллари бўлди, десак адашмаймиз. Бу ютуқлари эвазига у ўтган йили Қорақалпоқ Давлат университети жисмоний тарбия факультети талабалигига имтиҳонсиз қабул қилинди.

Шу йилнинг июнь ойида Украинада бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги дзюдо кураши бўйича Европа кубоги очиқ чемпионатида Элёр Машарипов ўз вазн тоифасида бронза медалини енгиб олди. Мусобақада ўз вазни бўйича учинчи ўринни забт этгани Элёрга шу йилнинг 6-17 июль кунлари Pоссиянинг Қозон шаҳрида бўлиб ўтадиган ХХVII жаҳон ёзги Универсиадасида спортнинг 14 тури бўйича иштирок этадиган Ўзбекистон ёшлари сафида қатнашиш имконини берди.

Шунингдек, Ўзбекистон ёшлар ва катталар дзюдо терма жамоалари аъзоси Элёр шу йил Кореяда бўладиган ёшлар жаҳон чемпионатида, Бразилияда бўладиган катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳам қатнашиш ҳуқуқларини қўлга киритди.

Элёр Машарипов 27 июль - 3 август кунлари Чехиянинг Либерек шаҳрида Европа кубоги чемпионатида қатнашиб, фахрли биринчи ўринни енгиб олди.

Хушхабарнинг қаноти бор, дейишади. Кураги ерга тегмаган таниқли полвон, кўплаб миллий, самбо курашининг таниқли полвонларини тарбиялаб, вояга етказган мураббий, фахрийлар ўртасида миллий кураш бўйича жаҳон чемпиони Шомурод Машариповнинг кенжатой фарзанди Элёрнинг ғалабаси  туманимизга тезда тарқалди. Ўспирин йигит жаҳон миқёсида ғолиб бўлиб, унинг шарафига давлатимизнинг байроғи кўтарилиб, мадҳияси янграса, қувонмай бўладими? Жаҳон харитасида кичкинагина ўринни эгаллаб турган шу мўъжаз юртимизнинг довруғини дунёга ёйган ўғлоннинг ғалабаси гўё байрам бўлди. Элёрни, отаси Шомурод полвонни, онаси Солия опани қутлаб келганларнинг бир неча кун оёғи узилмади. Манғит шаҳрининг сўлим гўшаларидан бири - "Шомурод полвон” тўйхонасида бир неча кун ҳақиқий тўй бўлди. Ташриф буюрувчиларнинг олдига Элёрнинг акаси Дониёр қувона-қувона дастурхон ёзди.

- Элёрнинг илк машқлариёқ унинг келажагига умид қилиш  мумкинлигини кўрсатиб турарди. Эсимда, у дастлаб спорт мактабимизга келганида 8-9 ёшларда эди, - дейди илк устози Чоршам Тажимуродов. – Қарасам эпчил, чапдаст, вазиятни баҳолай олиши ва шунга монанд  ҳаракат қилишидан қувондим ва ўзгача ихлос билан шуғулландим. Элёр қатнашган мусобақаларга, республикамизнинг турли ҳудудларига доим бирга бориб, унга далда бўлишга интилардим. Ҳар сафарги ғалабасида ўзимда йўқ қувонардим.

Унинг илк устози бўлганимдан бахтиёрман.

Дунёда ота-она борки, болам, деб яшайди. Бекам-у кўст вояга етказиб, яхши ўғил-қиз бўлиб етишишини орзу қилади. Шунга интилади. Орзуларининг рўёбга чиқиши эса ота-онага туганмас бахтдир.

Шомурод полвонлар оиласини ҳақли равишда спортчилар оиласи, деб айтиш мумкин. Асли спорт мураббийси бўлган Шомурод Машарипов ва турмуш ўртоғи Солия опалар фарзандларининг мактабда аъло ўқиши билан бир қаторда спорт билан шуғулланишларига ҳам эътибор беришди. Ота-онанинг меҳнатлари ўз самарасини берди: катта ўғил Дониёр самбо кураши билан шуғулланиб, кўпгина ютуқларга эришди. Pеспублика миқёсидаги мусобақаларда иштирок этиб, совриндор бўлди. Кейинчалик соғлиги тўғри келмаганлиги учун тадбиркорлик йўлини тутди. Манғитда муҳташам тўйхона қуриб, ишга туширди ва юртдошларимизнинг хизматини қилаяпти. Қизлари Муборак жисмоний тарбия фани ўқитувчиси, Озода тарбиячи, баскетбол бўйича туман терма жамоаси фаол аъзоси, Нилуфар математика фани ўқитувчиси бўлса-да, туманимиз волейболчи қизлари сафида, Муяссар талабалигида икки марта студент ёшларнинг энг улкан беллашув майдони - универсиада мусобақаларида волейболчилар сафида иштирок этиб, жамоаси ғалабаларига муносиб улуш қўшган бўлса, Гулойим теннисчи - 1-БЎСМда ёш ўғил-қизларга спортнинг мазкур тури бўйича мураббийлик қилади. Гулшод Манғит иқтисодиёт касб-ҳунар коллежида кимё фанидан дарс беради, унинг ҳам спорт доим ҳамроҳи. Оиланинг кенжатойи Элёр эса бугун бутун дунёга полвон бўлиб танилди.

- Бутун ҳаётимни туманимизнинг спортини ривожлантиришга бағишладим. Спорт усталигига номзодлар, Ўзбекистон чемпионларини тарбиялаб, етиштирдим. Дунёнинг менман, деган полвонлари билан бел олишиб, ғолиб бўлдим. Фахрийлар ўртасида жаҳон чемпиони бўлдим. Лекин ҳаётимдаги энг улкан ютуғим – ўғлимнинг ана шундай полвон бўлиб етишгани бўлди.

Фарзандларимнинг ҳаммаси спортчи, мақтайдиган муваффақиятлари кўп. Бироқ 20 ёшда бунчалик ютуқ камдан-кам одамга насиб қиладиган бахт. Илоё, ўғлим доим Ўзбекистонимизнинг спорт шарафини юқори кўтараверсин, - дейди Элёрнинг отаси Шомурод Машарипов.

- Ўғлингиз даврада кураш тушаётган дамларида кўнглингиздан нималар кечади? – қизиқиб сўрадим Элёрнинг онаси Солия опадан.

- Шу кенжатойим чет элга кетса, иложим йўқ, ўзимизда юрганида у қаерда бўлса, мен ҳам шу ердаман. Вақтида овқатланиб, дам олиб, машқ қилишига ғамхўрлик қиламан. Мусобақаларда даврага тушиш олдидан бағримга босиб, яхши тилаклар айтаман. Сизга ёлғон туюлар, ўзимга чин, Элёр даврадалигида жоним қил устида туради, гўё. Илойим, бирон жойи лат емасин, деб қайғураман (кураш-курашда ахир), худодан боламга куч-қувват сўрайман. Минг қатла шукур, юзимизни ерга қаратаётгани йўқ.

Солия опа кўзларидан севинч ёшлари сизиб чиққанини ҳам  сезмай, ўғли ҳақида тўлқинланиб гапиради. Қувончининг чегараси йўқ.

Элёр Машарипов билан суҳбатимиз ҳам Чехияда бўлиб ўтган дзюдо бўйича Европа чемпионати ҳақида бўлди.

- Элёр, аввало Европа чемпиони бўлганлигингиз билан табриклайман, - юзланаман полвонга.

- Pаҳмат!

- Айтинг-чи, Либерекка бориб, ўз вазн тоифангизда Европа миқёсида энг баланд шоҳсупани забт этдингиз. Сизнинг шарафингизга мадҳиямиз янграб, байроғимиз юқори кўтарилган дамларда кўнглингиздан нималар кечди?

- Биласизми, Лондон олимпиадаси ғолибларини тақдирлаш маросимида Юртбошимиз мамлакатимизда спортга берилаётган эътибор, шарт-шароитлар, ғамхўрликлар ҳали кўп ютуқларга замин бўлади, - дегандилар. Менинг ютуғим ҳам ҳар бир боласига шунчалар ғамхўрлик қилиб, вояга етказаётган мамлакатим туфайли, Юртбошимизнинг эътибори туфайли десам, муболаға бўлмас. Либерекдаги ғалабамга келсак, буни сўз билан таърифлай олмайман. Шу лаҳзаларда шоҳсупада ўзим эмас, ўзим туғилиб ўсган, дзюдонинг илк машқларини олганим - Манғит, ота-онам, ўзим ўқиётган олийгоҳим, бутун Ўзбекистон тургандай бўлди. Бир фарзанд сифатида юртимга ёруғ юз билан қайтдим.

Умуман жорий йилнинг ёзи Элёр учун муваффақиятлар палласи бўлди. Унинг Европа кубогида эришган ютуғи нафақат туманимиз, балки мамлакатимиз спорт тарихига зарҳал ҳарфлар билан битилиб қолди: Элёр Машарипов – Европа чемпиони бўлди! Мусобақанинг олтин медалини ҳалол енгиб олди!

Истиқлол йилларида мамлакатимизда ўсиб келаётган ёш авлод камолоти йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг бир меваси - 20 ёшли манғитлик полвон ғалабасидан барчамиз бирдек қувониб:

"Илоё курагинг ҳеч қачон ерга тегмасин”, деб қоламиз.

Янгиликни бўлишинг: