"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7790.2 +7790.00
  • 1 EUR = 8888.62 +8888.00
  • 1 RUB = 115.07 +115.00

Ўзбекистоннинг гўзал гўшалари: сизни кутаётган 20 та маскан

 

 

 

 

 

 

 

1. Борса келмас кўли (Орол денгизидаги орол билан адашатирманг!)

борса кельмес

Фото: Stampsy.com

Устюрт платосида жойлашган Борса келмас кўли чўкмаси тахминан 30 миллион йил олдин тарихдан аввалги Тэтис денгизининг бир қисми бўлган. Ҳозирда денгиз ўрнида Қорақум, Қизилқум саҳролари, Устюрт платоси ва мана шу, шўр сувли кўл қолган. “Исми жисмига мос” деганларидек, Борса келмас кўлига бориш жуда машаққатли – жарликлар ва сув устини қоплаган юпқа туз қатламлари ҳар қадамда учрайди. Нобоп қадам босилса бас, қанчалик чуқурга қулашни ҳеч ким билмайди. Бироқ, маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, резина этик кийиб, қирғоқбўйи ботқоқлик кесиб ўтилса, кўл юзасига чиқиш мумкин. Ҳа, том маънода чиқиш мумкин – кўлнинг усти шунчалик қаттиқки, бемалол чиқиб, сув устида юрса бўлади. Ўта шўр сув бўлса-да, барибир сув устида юриш, ишонаверинг, ўзгача ҳузур бахш қилади.

 

2. Палтов дарёси водийси

photo_2017-06-02_14-39-39

Фото: Жека SnoOff, Pixland.uz

Палтов – “темир тоғ” деганидир. Қадимда бу водийда темир қазиб чиқарганлар. Палтов дарёси водийси Тошкентдан 100 км узоқликда, Бўстонлиқ туманида жойлашган бўлиб, диққатга сазовор бир қанча жойларни ўз ичига олади. Одатда, сайёҳлик маршрути 38 метрли Палтов шаршарасидан бошланади. Ундан юқорироқда қайинзор ястаниб ётади, бу ерда Қизил китобга киритилган жониворларни учратиш мумкин. Палтов водийси ўзининг хушманзара рельефлари билан эътиборни тортмай қолмайди – уларда табиат ва вақт улуғворлиги тажалли этади.  Палтов дарёси бўйлаб саёҳатнинг қизиқарли жиҳатларидан бири, шубҳасиз, Оби Pаҳмат ғоридаги палеолит даври қадимий одамларининг манзилгоҳларидир. Йилнинг илиқ пайтларида бу ерда археологларни иш устида учратиш мумкин. Дарвоқе, Оби Pаҳматдан юқорироқда каттагина ғор бор, уни ҳам “зиёрат” қилишни унутмаслик лозим.

Бу масканга, яхшиси, апрель ойида, лолалар гуллаганда келган маъқул – Кауфман лоласи, Грейг лоласи ва яна бир қанча турдаги лолалар бутун водий бўйлаб бамисоли осмонни қоплаган ёрқин юлдузлардек барқ уриб очилган бўлади.

 

3. Варахша

Варахша

Фото: Doncronerblog.com

Бухорога борганингизда, албатта Варахшани – араблар келгунига қадар Бухорода ҳукмронлик қилган Бухорхудотларнинг қароргоҳи жойлашган қадимий шаҳарни зиёрат қилинг. Варахша Бухоро ғарбида, бир соатча йўл нарида жойлашган, умумий майдони 100 га. Варахша саройининг кошинлари ўрганилганда, шаҳар эрамиздан аввалги V асрдан то давлат таназзулга учрагунича – XI асрагача мавжуд бўлганлиги аниқланган. Олимларнинг тахминларига кўра, Варахшада ҳаётнинг сўнишига минтақада сув етишмаслиги сабаб бўлган. Ҳолбуки, ўз вақтида бу шаҳар улуғворликда Бухородан қолишмаган. Бугунги кунда Варахша – эски шаҳар қолдиқлари, улар ичра кезар экансиз, хаёлотингиз қадим тарихни қайта тиклашга тинимсиз уринади.

 

4. Ситораи Моҳи хоса – юлдузлар ва ойга менгзалган сарой

Мохи Хоса

Фото: www.buxstat.uz

Бухоронинг сўнгги амири – Сайид Олимхоннинг шаҳар ташқарисидаги қароргоҳи. Бино амир саройида хизматда бўлган икки нафар рус муҳандиси томонидан лойиҳалаштирилган, бинони безашда эса, ўз даврининг энг яхши усталари иштирок этганлар. Меъморий услубларнинг бу ердагичалик ғайриоддий уйғунлиги бошқа ҳеч ерда кузатилмайди.  Ҳозирда қароргоҳ ҳудудида амалий санъат музейи жойлашган, унда Бухоро амалдорлари ва XIX–XX асрлардаги шаҳар аҳолисининг маиший буюмлари намуналари намойиш этилади. Бироқ, энг асосий экспонат, албатта, саройнинг ўзи саналади.

 

5. Фозилмон (Сарбаст) кўли

Фазельман

Фото: «Таинственный Узбекистан»

Денгиз сатҳидан 1650 метр баландликда (бу Эйфель минорасидан беш ярим баробар баланд дегани),  Нурота тоғларнинг қоқ ўртасида ғайриоддий тоғ кўли – Фозилмон жойлашган. Унга биттагина булоқ суви келиб қуйилади, шундай эса-да, у айниқса баҳор охирларига келиб, сувга бой, чиройга тўлиқ бўлади. Афсуски, кўлда сузиш тавсия этилмайди, лекин Сарбаст (бу унинг иккинчи номи) кўлидаги осмоннинг акси (айниқса юлдузли тунда) маконнинг чексизлигини ҳис этиш имконини беради.

 

6. Чилпиқ қалъа – “Сукунат минораси”

u15872f351349

Фото: mr-shor.livejournal.com

Нукусдан жанубга қараб (Хива, Самарқанд, Тошкентга томонга) 43 чақирим йўл босилса, 35–40 метрли тепалик чўққисида Чилпиқ қалъа бўй чўзиб тургани кўринади. Зардуштийларнинг диний маросимлар адо этувчи маскани бўлган бу осори атиқа қадимги римликлар, юнонлар, ҳиндлар, шумерларнинг ибодатхоналарига ўхшаб кетади. Тарихи  эрамизнинг II–IV ва IX–XI асрларига бориб тақалади. Дастлаб Сукунат минораси даҳма – оташпарастлар вафот этганларнинг жасадларини қўядиган жой сифатида барпо этилган. Зардуштийликда, сув, олов ва ерни булғамаслик учун, жасадларни очиқ ерга қўйиш одати бўларди. Бу ерда ёввойи ҳайвонлар, қушлар ва қуёш туфайли фақат суякларгина қоларди. Суяклар эса, оссуарий аталмиш идишларга тўпланиб, ерга кўмилган. Чилпиқ қалъанинг 15 метрли деворлари ҳалигача мана шундай “дафина”ларни ўз ичида сақлайди.

 

7. Зомин қўриқхонаси

заамин 03

Фото: Safari.uz

Зомин – Ўзбекистон ҳудудидаги энг биринчи тузилган давлат қўриқхонаси. Унинг илк илмий тавсифи 1916 йилда ёзилган. Шундан тўққиз йил ўтиб, кенг кўламда дарахтзорлаштириш амалга оширилган ва 1929 йилда Гуралаш қўриқхонаси (8,5 минг га) ташкил этилган, у 1951 йилгача мавжуд бўлган. Бугунги кунда Зомин миллий паркининг умумий майдони 24 минг гектардан ошади. Парк Жиззах вилоятида, Помир-Олтой тоғларининг Туркистон тоғ тизмасининг ғарбий қисми шимолий ёнбағрида жойлашган. Қўриқхона ажойиб тоғ чўққилари ва ям-яшил текисликларнинг гўзал манзараларига бой. Бу ўрмоннинг флораси бениҳоя турфа хил, фаунаси эса юзлаб турдаги жониворларни ўз ичига олади, улар ичида Ўзбекистон Қизил китобига киритилганлари ҳам бор. Қўриқхона ҳудудида сайёҳлар учун рекреация ҳудуди мавжуд – у табиатга сингиб кетиш, руҳий ўзликни англаш ва, албатта, ҳамманинг ҳавасини келтирувчи селфи қилиш учун энг зўр жой саналади.

 

8. Тузкон кўли

d9b9145dfc389b5b0b240b1b26f3879c

Фото: www.nat-geo.ru

Тузкон кўли Жиззах вилоятида, Жиззах шаҳридан 56 км шимоли-шарқда – Қизилқум чўлининг шимолий чеккасида жойлашган. Кўл, Арнасой тизимидаги бошқа кўллар (масалан, Айдаркўл)дан фарқли ўлароқ, қадимий табиий келиб чиқишга эга. Тахминларга кўра, Тузкон Орол-Каспий сув ҳавзасидан қолган ёдгорликдир. У турғун кўл саналади, бироз шўр, шимоли-ғарбда Айдаркўл билан бирлашади. Бу кўлларнинг умумий майдони – 3750 км2. Бу кўллар тизимида  балиқчилик ривожланган, асосан сазан, судак, лаққа балиқ, илонбалиқ учрайди.

 

9. Pиштон кулолчилик устахоналари

Pиштан

Фото: Meros.uz

Фарғона водийсидаги қадимий Pиштонга тахминан эрамиздан аввалги II йилда асос солинган. У азалдан кулоллари ва ажойиб сопол буюмлари билан шуҳрат қозонган. Pиштонда кулолчилик буюмларини яратиш, пишириш ва ишлов беришнинг бетакрор ўзига хос технологияси ишлаб чиқилган. Pиштон кулолчилигининг яна бир афзаллиги шундаки, вақт ўтган сари кўплаб минтақаларда кулолчилик санъати анъаналари унут бўлган эса-да, Pиштонда бу соҳа ўз техникаси ва услубига содиқ қолган ҳолда ривожланаверган. Ҳозирда Pиштонда мингдан зиёд кулоллар меҳнат қиладилар, уларнинг юздан ортиғи кулолчилик санъатининг барча сир-асрорларини эгаллаган устолардир. Pиштонлик усталар яратиган санъат асарлари дунёдаги турли музейлар коллекцияларига кирган.

 

10. Қанқа қадимий шаҳри

10 Канка

Фото: nasimov.pro

Тошкентдан 60 км жануби-ғарбда, текислик узра яккаш тепалик қад чўзган. Бу тепалик Тошкент воҳасидаги қадимий шаҳар қолдиқлари эканлиги бировнинг хаёлига ҳам келмайди. Археологлар бу шаҳар эрамиздан аввалги III асрдан то эрамизнинг XII асригача мавжуд бўлганлигини айтадилар. Унинг энг сўнгги номи Қанқа бўлган. Ундан олдин эса Харашкет (Харашкент) деб ҳам аталган. Олимларнинг тахминларига кўра, Қанқа – бу юнонлар ҳарбий қўмондони Демодам томонидан, Искандар Зулқарнайн вафотидан сўнг, қирол Антиох шарафига бунёд этилган Яксарторти Антиохияси шаҳридир. Ҳозирда Яксарт дарёси Сирдарё деб аталади, шаҳарнинг ўзи эса бир уюм тупроққа – ўт босган тепаликка айланган. Шундай бўлса-да, бу ердан таралаётган ижобий энергияни ҳис этиш вақтингиз ва ёқилғингизни ачинмай сарфлашингизга арзийди.

 

11. Занги ота мақбараси

Зангиата
Фото: www.nat-geo.ru

Тошкент яқинидаги шу номдаги шаҳарчада жойлашган бу мақбара Амир Темур фармонига биноан бунёд этилган. Унда ислом таризида ўз ўрнига эга бўлган табаррук зот – Занги ота ва у кишининг рафиқаси Амбар биби қабрлари жойлашган. Мақбара мажмуи бир неча ҳудудлардан иборат: кенг дарахтзор ҳудуд, XIV–XIX  асрларга тегишли турли иншоотлар мажмуи – унинг ичига масжид, мадраса, минора ва Амбар биби мақбараси киради.  1014–1915 йилларда масжид олдида ўзига хос минора қурилган. 2013 йилда эса, зиёратчилар ва сайёҳлар оқими ортгани сабабли, боғни ва Номозгоҳ масжидини кенгайтириш ишлари олиб борилди.

 

12. Омонқўтон ғори

аманкутан 02

Фото: veter-s.ru

Омонқўтон ғори Зарафшон тоғларининг шимолий ёнбағри (Самарқанд вилояти)да жойлашган. Ғорни 1947 йилда археолог Давид Лев аниқлаган. Ғор ичида қадимий ўчоқлар, ҳайвонлар суяклари ва тош буюмлар қолдиқлари аниқланган. Лекин, бу ердаги энг муҳим топилма қадимий одам сон суяги бўлган – у замонавий Ўзбекистон ҳудудида қадимий одамлар  яшаганлигига далолат қилувчи энг қадимий топилма саналади.  Ғор узунлиги 80 метр, у бир-бири билан тор йўлаклар орқали боғланган бир неча заллардан иборат. Ихчамроқ даҳлиздан кейин кенггина зал мавжуд, у қадимий одамларнинг манзилгоҳи бўлган. Омонқўтон ғорига ёзнинг иккинчи ярмида борган маъқул – июнь ойи ўрталаригача у сувга тўла бўлади.

 

13. Қонбешбулоқ метеорит кўли

канбешбулак

Фото: «Таинственный Узбекистан»

Нисбатан кичик (кўндалангига 800 метрлар чамаси) Қонбешбулоқ кўли Сурхондарё ғарбидаги Хомкон манзилида жойлашган. Кўплаб белгиларига кўра, у метеорит қулаши оқибати – табиатнинг ҳақиқий космогоник ёдгорлиги саналади. Тупроқда, кўл қирғоқларидаги қумда тектитлар кўп миқдорда топилди, улар эса метеоритларнинг ерга урилиши натижасида, ўта юқори ҳарорат остида юзага келадиган ойнасифат майда зарралардир. Қолаверса, Қашқадарё воҳасини Шарқдан ўраб турувчи тоғларда ойна кўринишидаги метеорит парчалари ва космогоник характерга эга бошқа тошлар аниқланган. Марказий Осиё метеоритларининг Ерга тушиши ундан юз минглаб, баъзи маълумотларга кўра – миллионлаб йиллар олдин рўй берган. Кратер-кўлга албатта ташриф буюринг ва коинотга тегининг – зеро метеоритлар коинотдан келган “меҳмон”лардир.

 

14. “Ёдгорлик” фабрикаси

едгорлик

Буюк Ипак Йўлининг қоқ марказида – Марғилонда 1972 йилда кейинчалик Фарғонадаги энг йирик ишлаб чиқаришга айланган фабрикага асос солинди. 2000 йилда бу фабрика “Ёдгорлик” хусусий корхонасига айланди. Қадимда шойи ортилган карвонлар Буюк Ипак Йўли орқали Марғилонга, ундан Қашқарга, Бағдодга ва, ҳатто, Юнонистонга йўл оларди. Марғилон шойиси гўзаллик ва сифат борасида хитойникидан кам эмасди, ахир фарғоналик усталар тўрт минг йил олдиноқ пилладан ип йигириш ва толаларни бўяшнинг ўзига хос ноёб технологиясини ишлаб чиққандилар. Ҳозирги кунга қадар Марғилон шойиси ўз йўналишида ягона саналади. “Ёдгорлик” фабрикаси бутун дунёдан сайёҳларни қабул қилади – бу ерда ипак матоларни қўлда ишлаб чиқаришнинг бутун жараёни намойиш этилади ва экскурсиялар ўтказилади.

 

15. Оқ Остона бобо мақбараси (Туркманистондаги Остона бобо мақбараси билан адаштирманг)

must visit 07

Сурхондарё вилоятидаги Телпак Чинор қишлоғи ёнида, қадимий қабристон ҳудудида жойлашган. Мақбара X–XI асрларда қурилган деб тахмин этилади, унда, баъзи олимларнинг фикрларига кўра, Муҳаммад алайҳиссалом саҳобаларидан Абу Ҳурайра дафн этилган. Бу меъморий обида ташқи юзасидаги ўрта асрлар мусулмон меъморчилигига ёт бўлган ғайриоддий нақш-белгилар мавжудлиги билан ҳанузгача мутахассисларни ўйлантириб келади.

 

16. Тешиктош

тешик таш

Фото: mr-shor.livejournal.com

Самарқанддан жанубда, Бойсун тоғ тизмасида Ширободдарё дараси бор. Тешиктош – бир қанча ғорлар мажмуи мана шу ерда жойлашган. 1938 йилда айнан шу ерда неандертал бола қолдиқлари топилганди. Жами бу ерда 2858 та буюм қолдиқлари топилган, уларнинг асосини кесувчи-чопувчи қуроллар ташкил этган. Бу эса, топилмаларнинг неандерталларга тааллуқли эканлигини шубҳа остига қўйган. Узоқ давом этган тадқиқотлардан кейин Тешиктош манзилгоҳи қадимий одамлар томонидан камида беш марта ўзлаштирилган, бир неча бор бутунлай сув остида қолган деган хулосага келинган. Нима бўлганда ҳам, Тешиктош топилмалари ҳалигача археологларнинг баҳс-мунозараларига сабаб бўлмоқда.

 

17. Красногорск. Ўтмишга саёҳат

красногорск

Фото: avivas.ru

Красногорск шахтёрлар шаҳарчаси 1953 йилда Тошкент вилоятида ташкил этилган. Бир йил ўтгач, бу ерда Човли конидан уран қазиб чиқаришга ихтисослашган “2- радиобошқарма” корхонаси ишга тушган. Ўз пайтида ўта замонавий шаҳар типидаги посёлка бўлган. Қимматбаҳо руда эвазига шахтёрлар собиқ иттифоқнинг унчу-мунча шаҳарларида танқис бўлган колбаса, пишлоқ, балиқ ва гўшт консервалари каби озиқ-овқат маҳсулотлари, пойабзал, кийим ва мебелга эга бўлганлар. 90- йилларда одамлар шаҳарни ёппасига тарк эта бошладилар, уй-жойлари шундоқ қолиб кетди. Красногорск кўчаларини сайр этсангиз, ўзингизни XX асрнинг 80- йилларига тушиб қолгандек ҳис қиласиз – эски пештоқлар, металл вентиляторлар, хира ойнали пештахталар ва ҳакозолар ўтган кунларни ёдга солади.

 

18. Зараутсой

Зараут сай

Фото: Meros.uz

Ҳисор тоғ тизмаси жануби-ғарбий тармоқларидаги тоғ дараси (Сурхондарё вилояти). Бу ерда Марказий Осиёдаги энг қадимий қояга ишланган расмлар топилган, улар мезолит, неолит ва янада қадимроқ даврларга тааллуқли бўлган. Уларда узун оёқли уч бурчак фигуралар ва ов жараёни тасвирланган. Зараут камар ғоридаги қоя расмлари минерал бўёқ ёрдамида туширилган ва жуда яхши сақланган, ваҳоланки, уларга камида етти минг йил бўлган!

 

19. Қўй қирилган қалъа

крепость погибших

Фото: smileplanet.ru

Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл шаҳридан бироз наридаги қадимий қалъа. Қадимий Хоразм давлатчилигининг ноёб, жуда тарихий ёдгорлиги ва зардуштийлик ибодатхонаси. Шунингдек, қадимий шоҳ ёки маликанинг дафинаси вазифасини ҳам бажарган.

Қалъанинг қурилиши Марказий Осиёдаги бошқа қалъаларникидан тубдан фарқ қилади – муҳофаза қалъаси одатдагидек тўғри тўртбурчак шаклда эмас, балки айлана кўринишида барпо этилган. Пишитилган лойдан қурилган бу иншоот жуда бақувват бўлган – марказий бино диаметри 42 м, нисбатан яхшироқ сақланиб қолган қисми баландлиги тахминан 8 м, бутун иншоот диаметри 90 м атрофида бўлган.

 

20. Қирқ қиз қалъаси

кырк-кыз-кала

Фото: dostoyanieplaneti.ru

Қирқ қиз қалъаси Хоразм ҳудудидаги археологик қазилма ишлари давомида, 1938 йилда  аниқланган. У Беруний шаҳридан 30 км шимолда жойлашган. Олимларнинг якдил хулосаларига кўра, қалъа қадимий Хоразмнинг шимоли-шарқий томонларини ҳимоя қилиш учун қурилган муҳофаза иншоотлари силсиласига кирган бўлиб, эрамизнинг I–VI асрларига оиддир. Афсоналарга кўра, бу қалъада қиролича Гулойим қирқта канизаги билан истиқомат қилган ва чегарани душманлардан қаҳрамонона ҳимоя қилган. Қалъанинг шинаклар ўйилган ташқи девори ва баъзи ички деворлари 1500 қиш-у ёзни бошидан кечириб, бугунги кунгача сақланиб қолган.

Манба: http://kommersant.uz

Янгиликни бўлишинг: